Немис дўстларимиз Ғазодаги даҳшатли суратларни кўриши керак – Эрдўған
Олам
−
25 Апрель
28479Туркия Германия ҳукуматидан терроризмга қарши кураш масалаларида кўпроқ ёрдам кутмоқда. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған германиялик мавқедоши Франк-Вальтер Штайнмайер билан Анқарада ўтказган қўшма матбуот анжуманида сўз очди.
Давлат раҳбари Анқара ва Берлин ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик истиқболларига ҳам тўхталиб ўтди. Туркия Германия билан ўзаро савдо ҳажмини ҳозирги 50 миллиард доллардан 60 миллиард долларга оширишни мақсад қилганини қайд этди. Туркия раҳбари икки давлатнинг мудофаа саноатида чекловлар бўлиши қабул қилиниши мумкин эмаслигини таъкидлади.
“Умид қиламанки, бундан буён Туркия ва Германия, айниқса, мудофаа саноатидаги тўсиқларни эмас, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини муҳокама қилади”, деган Эрдўған.
Президент еттинчи ойдирки, Исроил армиясининг агрессияси давом этаётган Ғазо секторидаги вазиятга ҳам изоҳ берди. Давлат раҳбари Исроил расмийларининг Ғазо секторидаги инсониятга қарши жиноятлар ва қирғинларни халқаро кун тартибидан олиб ташлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари қўллаб-қувватланмаслиги кераклигини таъкидлади.
У Туркия Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва Фаластин аҳолисига етарли миқдорда инсонпарварлик ёрдамининг узлуксиз етказилиши учун саъй-ҳаракатларини оширишда давом этишига ишонтирди.
Шунингдек, Эрдўған Туркия энди Исроил билан интенсив савдо алоқаларини давом эттирмаслигини таъкидлади.
“Бу ниҳоясига етди. Бу ҳақда яқинда Ташқи ишлар вазиримиз маълум қилди”, дейди Эрдўған.
Унинг айтишича, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху сиёсий ҳаётини узайтириш мақсадида бутун минтақа, жумладан, ўз фуқаролари ҳаётини хавф остига қўймоқда.
“Афсуски, Ғазода болалар, аёллар ва қариялар ўлимининг даҳшатли сурати бор. Немис дўстларимиз бу расмни кўришлари керак. Ғазо ва Фаластин бутунлай вайрон бўлди”, дея урғулади Эрдўған.
Унинг таъкидлашича, Туркия ҳозирда Исроил ва ҲАМАС ўртасида маҳбуслар алмашинувига эришиш учун чоралар кўрмоқда.
"Умид қиламизки, бу ҳаракатлар муваффақиятли бўлади", дейди Президент.
Ўз навбатида, Штайнмайер Фаластин масаласини фақат икки давлат тамойили асосида ҳал қилиш мумкин эканини айтди.
“Исроил хавфсизлигини фаластинликлар учун сиёсий истиқболсиз таъминлаб бўлмайди. Бундай истиқбол фақат икки давлатга асосланган ечимдир”, деган сиёсатчи.
Германия Президенти икки давлат НАТО, G20 ва айниқса, Яқин Шарқдаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда ахборот ва фикр алмашиши керак, деб ҳисоблашини билдирди.
“Туркия ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларда матбуот эркинлиги ва қонун устуворлиги тамойиллари ниҳоятда муҳим. Ўтган ҳафтада бўлиб ўтган ЕИ саммитида биз бу масалада, масалан, виза масаласида аниқ ютуқларга эришиш учун ҳаракат қилишимиз кераклигини айтдик", дейди Штайнмайер.
Германия раҳбари Эрдўған билан Россия-Украина урушини ҳам муҳокама қилганини ва АҚШнинг Украинага ёрдам бериши сўроқ остида эканини айтди.
“Биз биламизки, Туркия ҳам Украинани қўллаб-қувватлайди. Биз ушбу ёрдамни худди шу тарзда тақдим этишга ҳаракат қиламиз. Келажакда бу ёрдамни интенсив, ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан давом эттирамиз”, деган Президент.
Бир неча ҳафта ичида Германияда “Украинани қайта қуриш конференцияси” ташкил этилишини қайд этган Штайнмайер Президент Эрдўғанни анжуманга таклиф қилди.
Ғазодаги сўнгги воқеалар ҳақида гапирар экан Германия Президенти урушнинг бутун минтақага тарқалишининг олдини олиш зарурлигини таъкидлади.
“Фаластинликлар учун сиёсий истиқболсиз Исроил ўрта ва узоқ муддатда хавфсизлик бўлиши мумкин эмас. Охир-оқибат, икки давлат ечими фақат сиёсий қараш бўлиши мумкин ва биз бу йўналишда яна қадам ташлашимиз керак", деган Президент.