QALAMPIR.UZ дайжести: педагогика университетидаги шармандалик, Эрдўғаннинг Арманистонга шарти, бонг ураётган БМТ

Жамият 11761
image
Бугун, 27 октябрь Ўзбекистон ва халқаро майдонда муҳим воқеликлар содир бўлди. Буюк Британия қироличаси Елизавета II оммавий тадбирларда иштирок этишни тўхтатди. Низомий номидаги Тошкент давлат университетида эса “замдекан” талаба қизни зўрдашга урингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бугун тарих зарварақларида қандай муҳр қолдирди? Қуйида якунига етаётган куннинг муҳим ҳодисалари билан танишинг.

Жамият

Шубҳали пул операцияларини тўхтатиб туриш тартиби ўзгарди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг буйруғи билан Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини ишга солмай тўхтатиб қўйиш, ишга солмай тўхтатиб қўйилган мол-мулкидан фойдаланишга рухсат бериш ва операцияларини тиклаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мазкур Низомда Террорчилик фаолиятида ёки оммавий қирғин қуролини тарқатишда иштирок этаётган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган шахслар рўйхатини (кейинги ўринларда – Рўйхат) шакллантириш ҳамда ушбу рўйхатни пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотларга етказиш тартиби белгиланган.

Алимент тўламаганларнинг машинани бошқариш ҳуқуқи вақтинча чеклаб қўйилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Алимент қарздорлигини ундириш тартиби такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Лойиҳа билан Ўзбекистон Республикасининг тегишли Қонунларига алимент тўлови бўйича қарздорларга нисбатан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини, шунингдек фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш ҳуқуқини вақтинча чеклашни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Қонун лойиҳасида бир қатор асосий қоидалар назарда тутилмоқда.

Педагогика университети “замдекан”и талаба қизни зўрламоқчи бўлгани айтилмоқда

Ижтимоий тармоқларда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети 3 курс талабасига декан ўринбосари тегажоғлик қилиб, сўнг уни деразадан итариб юборгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Шундан сўнг, декан ўринбосари нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари эса давом этмоқда.

Шифокорлар эса деразадан йиқилган талаба қизга тос суяги синиши, гематомалар ва мия чайқалиши ташхисини қўйишган. У ҳали бери оёққа туролмаслиги айтилмоқда.

Ўзбекистонда қанча талаба борлиги очиқланди

2020/21 ўқув йили бошидаги ҳолатга кўра, Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабалар сони 571,5 минг нафарни ташкил этмоқда.

 Шундан:

•    Талаба йигитлар – 311,5 минг нафар;

•    Талаба қизлар – 260 минг нафар.

Тошкентда аянчли ЙТҲ: автобусга келиб урилган Lacetti мажағланиб кетди

Бугун, 27 октябрь куни Тошкентда Lacetti русумли автомобиль автобус билан тўқнашди. Оқибатда Lacetti‘нинг ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этди.

Қайд этилишича, воқеа тахминан соат 00:10 да пойтахтнинг Яккасарой тумани Шота Руставели кўчасида юз берган. 1996 йилда туғилган ҳайдовчи Lacetti русумли автомобиль бошқарувини йўқотиб, йўл четида тўхтаб турган Mercedes-Benz русумли автобусга урилган. ЙТҲ оқибатида Lacetti ҳайдовчиси воқеа жойида вафот этган.

Наманганда шифокорни дўппослаган ака-ука жазоланди. Улардан бири қамалди

Наманганда шифокорни аёвсиз калтаклаган ака-укаларга суд ҳукми ўқилди. Улардан бири қамалди.

Қайд этилишича, воқеа жорий йилнинг 28 июль куни Наманган шаҳридаги 10-сонли оилавий поликлиникада содир бўлган. Ука акасининг тана ҳарорати кўтарилаётганидан шикоят қилиб шифокорга мурожаат қилган. Бироқ, шифокор аканинг ҳарорати баланд эмаслигини айтган.

Шундан сўнг, ака-укалар шифокорнинг қўйган ташхисидан норози бўлиб, уни аёвсиз дўппослаб, жиддий тан жароҳати етказган.

Хорижий валютада олинган кредитлар сўмга ўтказилганда компенсация берилади

Ўзбекистон Президентининг “Тадбиркорлик субъектларининг хорижий валютадаги кредит мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ юкини камайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, банклардан хорижий валютада олинган кредитлар миллий валютага ўтказилганда амалдаги компенсация тақдим этиш тўғрисидаги шартномалари мавжуд бўлган тадбиркорларнинг эквиваленти 1 миллион АҚШ долларидан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмайдиган кредитларнинг асосий ставкадан ошадиган, лекин 5 фоиздан кўп бўлмаган қисми бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация тақдим этилади.

Самарқандда 10 кунда 8 киши ис газидан вафот этди. Уларнинг 5 нафари ёш болалар

Самарқанд вилоятида октябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида 8 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб вафот этган. Уларнинг 5 нафари болалардир.

Қайд этилишича, октябрь ойи бошидан бери вилоятда 128 та хонадонда иситиш воситаларининг назоратсиз қолиши оқибатида ёнғин келиб чиққан. Фуқаролардан 3 нафари куйиш тан жароҳати олган.

Туркий кенгаш Бош котиби Мирзиёевга табрик йўллади

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Бағдод Амриев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни сайловдаги ғалаба билан муборакбод этиб, табрик йўллади. Амриев ўз табрикномасида Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик ва фаровонлик тилаган.

Етим болаларга кимлар уй ажратиши белгиланди

Эндиликда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жойлар вилоят ҳокимликлари томонидан бозордаги кўп квартирали уйлардан ажратилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги қарорида келтирилган.

Қарорга кўра, ўқув-тарбия муассасалари ва туман (шаҳар) ҳокимликлари болаларни муассасада бўлиш муддати тугашидан бир йил аввал уй-жойга муҳтож сифатида “онлайн-навбат”га киритиб боради.

Комилов Афғонистон яккаланиб қолмаслиги бўйича таклиф берди

Ҳозирги замонавий босқичда Афғонистоннинг халқаро миқёсда яккаланиб қолишига йўл қўймаслик учун ушбу мамлакатга нисбатан можародан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш зарур.

Бугун, 27 октябрь куни Эроннинг пойтахти Теҳрон шаҳрида Афғонистонга қўшни давлатлар ТИВ раҳбарлари учрашувида Комилов нутқ сўзлаб, Афғонистонда мутлақо янги воқелик юзага келганини таъкидлади. 

“Афғонистонда тўлиқ ваколатли ҳамда халқаро эътирофга эга бўлишга интилаётган Муваққат ҳукумат тузилди”, дейди у.

Олам

Туркия ҳарбийларининг Ироқ ва Сурияда қолиш муддати узайтирилди

Туркия парламенти кеча, 26 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ироқ ва Сурияда турк Қуролли Кучларидан фойдаланиш учун рухсатномани икки йилга узайтирди.

Парламент қарорига кўра, Туркия Қуролли Кучларининг Ироқ ва Сурияда қўлланилиши бўйича мандат 2023 йилнинг октябригача узайтирилган. Бу қарорни Туркияда ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси депутатлари қўллаб-қувватлаган. Бироқ Миллатчи партияси, Жумҳурият Халқ партияси ва Халқ демократияси партияси бунга қарши бўлган. 

“Толибон” 42 йил деганда Афғонистон аҳолисини рўйхатга олмоқчи

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракати мамлакат аҳолисини рўйхатга олишни режалаштирмоқда.

“Бугун йиғилиш бўлиб ўтди. Учрашувда иқтисодиёт ва турли инфратузилма лойиҳалари муҳокама қилинди. Мамлакат демографик хизмати фаолияти билан боғлиқ масалалар кўтарилиб, Афғонистон аҳолисини рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинди”, дейилган хабарда. 

Эрдўған Арманистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларни яхшилаш шартини айтди

Арманистон Озарбайжон билан муаммоларини ҳал қилса, Туркия учун у билан муносабатларни нормаллаштиришга ҳеч қандай тўсиқ қолмайди. Бу ҳақда кеча, 26 октябрь куни Озарбайжонга ташриф буюрган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилди.

“Узоқ тинчлик ўрнатиш учун шароитлар ҳозир ҳар қачонгидан ҳам қулайроқ. Бу масалада Арманистон Озарбайжон билан муаммоларни ҳал қилиш учун самимий ирода кўрсатиши керак. Агар шундай қилса, Туркия ва Арманистон ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришга ҳеч қандай тўсиқ қолмайди”, деган Эрдўған.

Елизавета II оммавий тадбирларда иштирок этишни тўхтатди

Буюк Британия қироличаси Елизавета II жорий йил 31 октябрдан 12 ноябргача Глазгода бўлиб ўтадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим ўзгариши бўйича конференциясидаги иштирокини бекор қилди.

Таъкидланишича, 95 ёшли қиролича шифокорлар унга танаффус қилишни ва оммавий тадбирлардан дам олишни маслаҳат берганидан кейин шундай қарорга келган. Шу билан бирга, Букингем саройининг аниқлик киритишича, ҳозирда Виндзор қасрида ўз вазифаларини бажараётган Елизавета II йиғилган делегатлар олдида ёзиб олинган видео орқали мурожаат қилади. 

Рамзан Қодировнинг вакили гиёҳванд моддалар билан қўлга тушди

Кеча, 26 октябрь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат инспекцияси (ЙҲХДИ) ходимлари Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодировнинг Шимоли-ғарбий федерал округи (ШҒФО)даги ваколатхонаси раҳбари Ислом Хизриевдан гиёҳванд моддалар топди.

Эрдўған Байденга АҚШнинг Туркия олдидаги қарзини эслатиб қўймоқчи

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Шотландиянинг Глазго шаҳрида ўтказиладиган иқлим бўйича конференцияда АҚШ Президенти Жо Байден билан учрашади. У Америка етакчиси билан бешинчи авлод F-35 самолётлари  билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилади.

“Афтидан, Рим ва Глазгода кун тартиби ўзгарди. Бизнинг учрашув Римда эмас, Глазгода ўтадиганга ўхшайди. Унда энг муҳим мавзу, албатта”, F-35 билан боғлиқ вазият бўлади”, деган Эрдўған.

Литва Беларусь билан чегарада тўсиқ қуришни бошлади 

Литва Беларусь билан чегарада тўрт метрли тўсиқ қуришни бошлади. Бу ҳақда ушбу лойиҳа учун масъул бўлган EPSO-G компаниясига таяниб хабар берилган.

“Тўсиқнинг ўзи Польша ва Нидерландияда ишлаб чиқарилмоқда, унинг дастлабки 100 километри ноябрь ва декабрь ойларида етказиб берилади. EPSO-G’га кўра, бу қисм 2022 йилнинг 30 апрелига қадар якунланиши керак”, дейилган хабарда.

Спорт

“Бавария” ҳимоячиси қамоқ жазосидан қутилиб қолди

Германиянинг “Бавария” клуби ҳимоячиси Льюка Эрнандес Мадрид суди томонидан белгиланган қамоқ жазосини бекор қилишга муваффақ бўлди.

Маълум бўлишича, суд унинг апелляция аризасини асосли деб топган ва 6 ойлик қамоқ жазосини 4 йиллик синов муддати билан алмаштирган. Унга кўра, футболчи бу муддат ичида бошқа жиноят содир этмаслиги керак. Ушбу жазога қўшимча тариқасида эса 96 минг евро миқдорида жарима белгиланган.

Бокс бўйича ЖЧ: Шоҳжаҳон Абдуллаев нокаутга учради

Бугун, 27 октябрь куни Сербиянинг Белград шаҳрида бокс бўйича Жаҳон чемпионатининг иккинчи кунги баҳслари старт олди.

Дунё биринчилигида 86 кг вазн тоифасида иштирок этганШоҳжаҳон Абдуллаев илк жангида бельгиялик Виктор Шельстритга қарши рингга кўтарилиб, мағлубиятга учради. Баҳс давомида Абдуллаев нокдаун ҳолатига тушди, лекин ўзини тиклаб олди ва ҳисобда олдинда бораётган эди. Иккинчи раунднинг сўнгги сониясида Шельстритнинг кучли зарбаси Абдуллаевни мувозанатдан чиқарди ва жанг ўз якунига етди. 

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Саудия билан жанговар дуранг ўйнади

U-23 Осиё кубоги–2022 саралаш босқичидан ўрин олган Ўзбекистоy – Саудия Арабистони учрашуви ўз якунига етди. Унда томонлар 2:2 ҳисобидаги жанговар дурангга имзо чекди.

Учрашувнинг 40-дақиқасида Саудия аъзоси Ҳамид Абдуллоҳ ҳисобни очди. 45-дақиқада Ўзбекистон вакили Отабек Жўрақўзиев мувозанатни тиклади. Иккинчи бўлимнинг бошида Абдулмуҳсин ал-Қаҳтани саудияликларнинг иккинчи голини урди. 79-дақиқада эса “Андижон” форварди Жасур Жалолиддинов пенальтидан унумли фойдаланиб, ҳисобни 2:2 кўринишига келтирди. Шу ҳисоб ўйин якунига қадар ўзгармади.

“D” гуруҳининг иккинчи ўйинида Бангладеш U-23 жамоаси Кувайт билан баҳс олиб борди. Бу ўйинда кувайтликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 118
Рейтинг: 2.9
t
×