Туркий кенгаш Бош котиби Мирзиёевга табрик йўллади
Жамият
−
27 Октябрь 2021
2153Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Бағдод Амриев Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни сайловдаги ғалаба билан муборакбод этиб, табрик йўллади. Амриев ўз табрикномасида Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик ва фаровонлик тилаган.
Бош котиб, ўз мактубида кўплаб давлатлар ва халқаро ташкилотлар, халқаро оммавий ахборот воситалари, шунингдек Туркий Кенгаш кузатган Ўзбекистон Президент сайлови халқаро миқёсда қабул қилинган меъёрлар асосида ўтганини қайд этган.
Сайловлар Ўзбекистон халқи сиёсий қадриятларга содиқлиги, шижоати ва самарадорлиги ортиб бораётганини яна бир бор кўрсатганини таъкидлар экан, Бош котиб овоз бериш натижалари халқ Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаганини урғулаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 октябрь куни Ўзбекистонда навбатдаги Президент сайлови бўлиб ўтди. Унда 80,1 фоиз овоз билан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзоди Шавкат Мирзиёев ишончли ғалабага эришди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Бош котиб ўринбосари доктор Ўмар Кўжаман бошчилигидаги Туркий кенгаш халқаро кузатувчи делегацияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиб борди.
Туркий кенгаш халқаро кузатув миссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови очиқ, ошкора, Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилиги ҳамда халқаро миқёсда қабул қилинган сайлов стандартлари ва амалиётига мувофиқ ўтганини тасдиқлаган.
Делегация Ўзбекистонни ва унинг қардош ўзбек халқини сайловни муваффақиятли ташкил этгани билан самимий табриклаб, сайлов натижалари мамлакат фаровонлиги ошишига, Туркий дунёда қардошлик муносабатларининг мустаҳкамланишига хизмат қилишига яна бир бор умид билдирган.