Бухоро НҚИЗ 328 млн долларга модернизация қилинади
Жамият
−
21:38 551 2 дақиқа
Бугун, 3 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Қоровулбозор туманидаги Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ташриф буюриб, корхонани модернизация қилиш лойиҳаси билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, завод мамлакатда ёнилғи маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи йирик корхоналардан бири. У ерда 3 минг 200 нафардан зиёд мутахассис меҳнат қилмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида 1,36 миллион тонна, қиймати 12,1 триллион сўм бўлган нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Маҳсулот ҳамда хизматлар экспорти 99,5 миллион долларни ташкил этган. Йил якунигача бу кўрсаткични 116 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Давлат раҳбарига тақдим этилган модернизация лойиҳаси хомашёни қайта ишлаш ҳажмини ошириш билан бирга юқори октанли бензин ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 328 миллион долларни ташкил этади.


Унинг доирасида нафтани гидротозалаш ва изомеризация қилиш қурилмалари ўрнатилади. Гидротозалаш жараёнида хомашё таркибидаги олтингугурт ва бошқа аралашмалар камайтирилади. Изомеризация эса енгил фракциялардан олинадиган бензиннинг октан сонини ошириш имконини беради. Мазкур жараёнлар Евро-5 талабларига жавоб берадиган AI-92 ва AI-95 русумли бензин ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун муҳим.


Лойиҳада хомашёни фракцияларга ажратиш ва оғир қолдиқларни чуқур қайта ишлашни такомиллаштириш ҳам назарда тутилган. Натижада заводнинг йиллик қайта ишлаш қувватига яна 2,5 миллион тонна қўшилиб, умумий қувват 5 миллион тоннага етади. Қайта ишлаш ҳажми ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ортиши ички бозор таъминотини мустаҳкамлаш, экспортни кўпайтириш имконини яратади.

Президент модернизация ишларини белгиланган муддатларда ва юқори сифат билан бажариш, янги қурилмаларни мавжуд ишлаб чиқариш жараёнларига уйғун ҳолда жорий этиш ҳамда корхонанинг барқарор фаолиятини таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берди ҳамда лойиҳада иштирок этаётган хорижий компаниялар вакиллари билан мулоқот қилган.