Етим болаларга кимлар уй ажратиши белгиланди
Жамият
−
27 Октябрь 2021
4704Эндиликда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жойлар вилоят ҳокимликлари томонидан бозордаги кўп квартирали уйлардан ажратилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисида”ги қарорида келтирилган.
Қарорга кўра, ўқув-тарбия муассасалари ва туман (шаҳар) ҳокимликлари болаларни муассасада бўлиш муддати тугашидан бир йил аввал уй-жойга муҳтож сифатида “онлайн-навбат”га киритиб боради.
Болаларга 18 ёшга тўлган йилда:
• кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали;
• вояга етган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади.
Уй-жойлар мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи асосида, бироқ 30 ёшга тўлгунгача уни сотиш ҳуқуқисиз берилади.
Низомга кўра, уй-жойлар туман ҳокимлиги томонидан ажратилиб, яшаш учун барча зарур шароитларга эга ҳолда топширилади. Уй-жой билан таъминланиш ҳолати ҳақидаги маълумотлар ҳар ойда янгиланади ва Халқ таълими вазирлиги расмий веб-сайтида жойлаштириб борилади.
Уй-жой бериш тўғрисидаги қарор асосида туман (шаҳар) ҳокимлиги ордер беради ва ушбу ордер берилган уй-жойга кўчиб кириш учун асос ҳисобланади. Ордерлар “онлайн-навбат” ахборот тизимидаги қатъий кетма-кетлик асосида берилади. Уй-жой ордер берилган кундан 10 кундан кечикмай нотариал расмийлаштирилади.
Шунингдек Қарорга кўра, 2022 йил 1 январдан:
• етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жойга муҳтожлиги “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аниқланади;
• етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни фарзандликка, васийликка (ҳомийликка, патронатга) олиш “Васийлик ва ҳомилик” электрон платформаси орқали онлайн мурожаатга асосан амалга оширилади.
2022/2023 ўқув йилидан “Ижтимоий иш” бакалавриат таълим йўналишида “Васийлик” ва “Ҳомийлик” соҳаси бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
LiveБарчаси