Елизавета II оммавий тадбирларда иштирок этишни тўхтатди

Олам 2433
image

Буюк Британия қироличаси Елизавета II жорий йил 31 октябрдан 12 ноябргача Глазгода бўлиб ўтадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим ўзгариши бўйича конференциясидаги иштирокини бекор қилди. Бу ҳақда “BBC News” хабар бермоқда. 

Таъкидланишича, 95 ёшли қиролича шифокорлар унга танаффус қилишни ва оммавий тадбирлардан дам олишни маслаҳат берганидан кейин шундай қарорга келган. Шу билан бирга, Букингем саройининг аниқлик киритишича, ҳозирда Виндзор қасрида ўз вазифаларини бажараётган Елизавета II йиғилган делегатлар олдида ёзиб олинган видео орқали мурожаат қилади. 

Аввалроқ, Елизавета II кутилмаганда Шимолий Ирландияга ташрифини бекор қилгани ва жорий йилнинг 20 октябрь куни шифохонада тунаб қолгани ҳақида хабар бергандик.   

Шунингдек, қиролича шифокорлар тавсияси билан спиртли ичимлик ичишдан бош тортганди.  

Елизавета II Британия қироллик легиони тузилганининг юз йиллиги муносабати билан Лондондаги Вестминстер аббатлигида ўтказилган тадбирда биринчи марта ҳасса билан омма олдига чиққанди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 82
Рейтинг: 3.1
t
×