“Толибон” 42 йил деганда Афғонистон аҳолисини рўйхатга олмоқчи 

Олам

image

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракати мамлакат аҳолисини рўйхатга олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Толибон” томонидан Ахборот ва маданият вазири ўринбосари этиб тайинланган Забиҳулла Мужоҳид маълум қилган.  

“Бугун йиғилиш бўлиб ўтди. Учрашувда иқтисодиёт ва турли инфратузилма лойиҳалари муҳокама қилинди. Мамлакат демографик хизмати фаолияти билан боғлиқ масалалар кўтарилиб, Афғонистон аҳолисини рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинди”, дейилган хабарда. 

Йиғилишда бундан ташқари, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, диний етакчиларнинг малакасини ошириш зарурати, соғлиқни сақлаш соҳасидаги вазият ва ТАПИ транс-афғон газ қувури лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинган. 

Маълумот ўрнида, Афғонистонда аҳолини рўйхатга олиш охирги марта 1979 йилда ўтказилган бўлиб, унинг натижаларига кўра мамлакатда 15,5 миллион киши истиқомат қилган. 

2013-2018-йилларда БМТ кўмагида сунъий йўлдош тасвирлари ва масофадан зондлаш технологияларидан фойдаланган ҳолда аҳоли сонини ҳисоблаш дастури амалга оширилган, бироқ унинг натижалари жамиятда танқид қилинган, бир неча бор қайта кўриб чиқилган ва оқибатда тасдиқланмаган. 

Афғонистон Ислом Республикаси Миллий статистика ва ахборот бюросининг 2020 йил якунига кўра эълон қилинган ҳисоб-китобларида мамлакатда 32,9 миллион киши истиқомат қилиши, улардан 16,8 миллиони эркаклар, 16,1 миллиони аёллар экани айтилган. Таъкидланишича, шаҳар аҳолиси 8 миллионга яқин, қишлоқ аҳолиси — 23,4 миллион, кўчманчилар — 1,5 миллион.

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади. 

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг