Эрдўған Арманистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларни яхшилаш шартини айтди 

Олам

image

Арманистон Озарбайжон билан муаммоларини ҳал қилса, Туркия учун у билан муносабатларни нормаллаштиришга ҳеч қандай тўсиқ қолмайди. Бу ҳақда кеча, 26 октябрь куни Озарбайжонга ташриф буюрган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилди.

“Узоқ тинчлик ўрнатиш учун шароитлар ҳозир ҳар қачонгидан ҳам қулайроқ. Бу масалада Арманистон Озарбайжон билан муаммоларни ҳал қилиш учун самимий ирода кўрсатиши керак. Агар шундай қилса, Туркия ва Арманистон ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришга ҳеч қандай тўсиқ қолмайди”, деган Эрдўған. 

Унинг таъкидлашича, Туркия иштирокида Тоғли Қорабоғ ҳудудида амалга оширилаётган инфратузилма лойиҳалари, автомобиль ва темир йўллар магистраллари минтақадаги барча давлатлар учун фойдали иқтисодий ва савдо имкониятларини яратади. 

“Бундан Озарбайжоннинг барча қўшнилари, жумладан Эрон, Грузия ва Арманистон ҳам наф кўради”, деган Туркия раҳбари. 

Маълумот ўрнида, кеча, 26 октябрь куни Эрдўған ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Қорабоғдаги Фузули халқаро аэропортини очди. Шунингдек, улар Аҳмедбейли — Ҳорадиз — Минживон — Агбенд автойўли қурилишини бошлаш ва Туркия кўмагида Зангилонда барпо этиладиган “ақлли қишлоқ хўжалиги парки”га пойдевор қўйиш маросимида ҳам иштирок этди. 

Қорабоғ можароси 

2020 йилнинг 27 сентябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги Қорабоғ уруши қайта оловланди. 

Расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари 2020 йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. 

Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтди. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради. 

Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди. 

Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди.  Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади. 

Ноябрь ойига келиб Озарбайжон Қуролли Кучлари Тоғли Қорабоғдаги муҳим ҳудудларни, жумладан стратегик жиҳатдан аҳамиятли бўлган Шуша шаҳрини ўз назорати остига олди. Ушбу ҳарбий ҳаракатлар 2020 йилнинг 9 ноябрь куни Россия Федерацияси, Озарбайжон Республикаси Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасида имзоланган қўшма баёнот билан ўз якунига етди. Сулҳ битимига кўра, 10 ноябр соат 00:00 дан бошлаб Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар бутунлай тўхтатилди, Арманистон Тоғли Қорабоғдаги 3 та ҳудудни Озарбайжонга қайтариш мажбуриятини олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Озарбайжон Арманистон

Баҳолаганлар

54

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг