Шавкат Мирзиёев Жаҳон иқлим саммитининг очилиш маросимида қатнашди
Жамият
−
17:01 421 2 дақиқа
Бугун, 11 ноябрь куни амалий ташриф билан Туркияда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳасидаги ҳаракатлар бўйича Жаҳон саммитининг очилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, “Барқарор, осойишта ва адолатли келажак сари” шиори остида ўтаётган етакчилар саммити иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва глобал экологик мажбуриятларни бажариш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларга янги суръат бағишлашга қаратилган.

COP31 конференцияси 9 ноябрь куни бошланган ва 20 ноябрь кунига қадар давом этади. Унда давлатлар, халқаро ташкилотлар, ишбилармон ва илмий доиралар, фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этмоқда. Париж битимини ҳаётга татбиқ қилиш, ҳавога иссиқхона газларини чиқаришни қисқартириш, иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш, иқлим молияси қамровини кенгайтириш ҳамда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш жараёнини жадаллаштириш масалалари диққат марказида бўлади.

Сув ресурслари тақчиллиги, тупроқнинг таназзулга учраши, музликлар эриши, қурғоқчилик ва глобал исишнинг бошқа оқибатлари кучайиб бораётган шароитда бу масалалар Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақаси учун муҳим аҳамият касб этади.
Саммит доирасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳамкорлигида халқаро шериклар кўмагида ишлаб чиқилган “Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига чидамли ландшафтлар” (CLiCA) минтақавий дастурига старт берилгани бу борада муҳим қадамлардан бири бўлган.

Ушбу етти йилга мўлжалланган дастурни молиялаштиришга йўналтириладиган маблағларнинг умумий ҳажми 264,4 миллион еврони ташкил этади, шундан 103,7 миллион евро Ўзбекистон учун мўлжалланган. Маблағлар ўрмонлар ва яйловларни тиклаш, қишлоқ хўжалигида иқлим ўзгариши шароитида барқарор ёндашувларни жорий этиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда қишлоқ аҳолисининг иқлим ўзгаришига мослашиш имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилади.
Ўзбекистон глобал иқлим кун тартиби доирасида зиммасига олган мажбуриятларни изчил бажариб келмоқда. Хусусан, 2035 йилга қадар ялпи ички маҳсулот бирлигига тўғри келадиган газ чиқиндиларини 2010 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 50 фоизга қисқартириш мақсад қилинган.
Мамлакат БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Ҳадли конвенциясига 1993 йилда қўшилган, 2018 йилда эса Париж битими иштирокчиси бўлган. Бугунги кунда Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш, сув ресурсларини тежаш ва иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш борасида халқаро ва минтақавий ташаббусларни фаол илгари сурмоқда.
Live
Барчаси10:01