Тошкентда эшитилган ўқ овози, Жириновскийга санкция қўлламоқчи бўлган Қодиров, давом этаётган сериаллар машмашаси… Бугун нималар билан ёдда қолди?
Таҳлил
−
21 Январь 2022
8904Жамият
Тошкентда яна ўқ овози эшитилди. ИИББ изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда йўл ўртасида бир фуқаро ВАЗ-2199 русумли транспорт воситасига қарата ўқ узганлиги акс этган видео тарқалмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ Матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.
Унга кўра, кеча, 20 январь куни тахминан соат 11:35 ларда 1990 йилда туғилган З.С. (Spark русумли давлат рақами 01 B 292 WA бўлган автомобиль ҳайдовчиси) Мирзо Улуғбек тумани Феруза даҳаси Мирзо Улуғбек кўчасида йўлнинг қатнов қисмида ўзининг таниши 1985 йилда туғилган Г.А.ни кўриб қолган.
Боғчалар ҳам ёпиладими? Вазирлик аниқлик киритди
Мактабгача таълим муассасалари жорий йилнинг 24 январидан бошлаб, яъни қишки таътилдан сўнг одатий режимда фаолиятини давом эттиради. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
“Боғчалар ёпилмайди, ўз фаолиятини одатдаги режимда давом эттираверади. Боғчаларда карантин қоидаларига риоя қилинади. Агар биронта гуруҳда COVID-19 аниқланса, ўша гуруҳ карантинга олинади, боғча вақтинчага ёпилади”, деди вазирлик Матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева.
Таъкидланишича, давлат мактабгача таълим ташкилотларида COVID-19 пандемияси даврида мактабгача таълим ташкилотларининг иш фаолиятига қўйиладиган вақтинчалик санитария-гигиеник талабларга қатъий риоя этилади. Байрам тадбирлари ўтказилиши вақтинчалик чекланади.
Тадбирларни сохта обрў учун ўтказмаслик керак – Турдимов эски ноутбук масаласига муносабат билдирди
Аввалроқ, Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги мактаблардан бирининг 8-синф ўқувчиси “Бир миллион дастурчи” кўрик-танловида ғолиб бўлган Сардор Сатторов ваъда қилинган янги ноутбук ўрнига эскиси билан тақдирлангани ҳақида хабар берган эдик. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бугун, 21 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг 55-сессиясида мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
“Мана шу масалани кўтариб чиққан журналист ва блогерларга раҳмат. Бундан раҳбарлар хулоса қилиши керак. Танқид қилган одамни ёмон кўриш керак эмас, кўтарилган муаммони ҳал этиш лозим”, дейди Эркинжон Турдимов.
Балиқ бошидан. Фарғонада прокурор 1000 доллар пора билан қўлга тушди
Фарғона вилоятида ноқонуний равишда ер ажратиб бериш эвазига пора сўраган катта прокурор ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 18 январь куни Фарғона вилояти прокуратураси ва давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси тезкор ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.
Тадбир давомида аниқланишича, Фарғона вилояти прокуратураси бўлим катта прокурори А.Т. мансаб ваколати доирасига кирмасада, фуқаро А.Х.дан унга тегишли бўлган гўшт дўкони орқа томонида жойлашган 1,5 сотих ер майдонини унинг номига расмийлаштириб бермоқчи бўлган.
Сурхондарёда кундошини “самосуд” қилган аёл ва опаси қамалди
Бундан 6 ой аввал Сурхондарёда аёл қизи ҳамда опаси билан кундошини самосуд қилиб, аёлни калтаклаганди. Аёл ва опасига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида маълум қилинди.
Айтиш жоизки, воқеа ўтган йилнинг 17 июль куни соат 08:00 ларда содир бўлган. Б.Эъзоза ўзининг вояга етмаган фарзанди О.Маржона ҳамда опаси Шўрчи тумани Ҳайрабод маҳалласида яшовчи фуқаро А.Дилноза билан бирга Шўрчи тумани Наврўз маҳалласи ҳудудидан кесиб ўтган автомобиль йўли четки қисмидаги пиёдалар йўлакчасида С.Албинани учратиб қолган.
Қодиров Жириновскийга ва Россияга нисбатан санкция жорий қилишни таклиф қилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров “Кремлнинг оғзи” – Россия Либерал-демократик партиясининг тутуриқсиз баёнотлари билан танилган раиси Владимир Жириновскийга санкция жорий қилишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзмоқда.
Бундан бир неча кун аввал, Владимир Жириновский Қозоғистондаги воқеалар хусусида муносабат билдириб, бу воқеалар барча постсовет мамлакатларида бирин-кетин содир бўлаётганини айтиб, рўйхатда Ўзбекистон номини ҳам санаган. Унинг қайд этишича, Ўзбекистонга пойтахт Тошкент ерлари совға сифатида берилган.
Диний қўмита ўзбекистонлик Умра зиёратчилари учун муҳим огоҳлантириш билан чиқди
Саудия Арабистонида белгиланган карантин талабларига кўра, Масжиди Набавий зиёрати ва Умра тадбирини амалга ошириш “Tawakkalna” ва “Eatmarna” мобил дастурлари орқали амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, зиёратга кетаётган фуқаролар сафардан олдин ушбу иловаларни ўз телефонларига юклаб олиши керак:
Andriod дастури учун:
· Tawakkalna
· Eatmarna
IOS дастури учун:
· Tawakkalna
· Eatmarna
Амира Рашидова узр сўради
“Sevimli” телеканали бош продюсери Амира Рашидова яна ижтимоий тармоқлар орқали баёнот билан чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёевадан узр сўради.
У бугун кун тартибига чиққан масалаларда QALAMPIR.UZ’ни айблаган.
“Икки йил бўлдики, бирор бир жиддий мавзуларга қўл урмайман. Бунга сабаб, мен билан бир воқеа содир бўлган эди. Ўшанда бир вазият юзасидан фейсбук тармоғида пост ёзгандим. Эски “қадрдонлар” сўзларимни контекстдан юлиб, ғараз ният билан фикрларимни нотўғри талқин қилишганди…
Қарангки, икки йил ўтиб “Sevimli” атрофида бўлаётган гап-сўзларга ўз фикримни билдириш учун кеча пост ёзсам, ҳаммаси қайта такрорланди. Яна ўша одамлар, яна ўша сценарий… Сўзлар контекстдан юлиниб, ўзига керак сарлавҳада тарқатилди. Гўёки мен Саида Мирзиёеванинг “Сабрия” сериали ҳақидаги фикрига қарши чиқиб, кечаги постни ёзган, деб талқин қилишди! Лекин бу ундай эмас!
Инсоф ҳақида гапирмайман, чунки бундай одамларда у бўлмайди… Туҳмат қилишдан тўймайди, Худодан ҳам қўрқмайди бундайлар”, дейди Амира Рашидова (20.01.2022 йил).
Назарбеков ахлоқсизликни телевидениеда тарғиб қилишни давлатга хиёнат сифатида баҳолади
Ёшлар жамият учун парда ортидаги воқелик, кўп ҳам оммавий муҳокама қилинмайдиган муносабатлар сирли, сеҳрли туюлади, уларни кўришга интилиш кучли бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ёзиб қолдирди.
Назарбеков бугун кун тартибига чиққан масала – сериаллардаги ахлов мавзусига тўхталаркан, соҳа вакилларини огоҳлантирди.
“Ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокама этилган, хусусий телеканалларда намойиш этилаётган телесериалларга нисбатан кескин норозилик кайфияти кучайди. Таъкидлаш жоизки, бундан икки йилча аввал ҳам сериаллар билан боғлиқ муаммолар юзага келганди. Айни пайтда ҳам бу ҳолат такрорланди. Бундан кўриниб турибдики, соҳа вакиллари келгусида яна шундай кайфиятдаги томошабин билан юзлашмаслик учун бу борада аниқ ва тўғри ёндашувни топиши керак. Йўқса, уларнинг юрт тақдирига дахлдор шахс сифатида биринчи ва иккинчи Уйғониш даври янгиланишларини яратган аждодларимизнинг маънавий орзулари давомчилари бўлган Учинчи Ренессанс вакилларини муносиб тарбиялаш учун нима қилдик, деган саволга арзирли жавоблари бўлмаслиги мумкин.
Аслида бу борада мушоҳада юритиш ҳар биримизнинг маънавий бурчимиздир. Айниқса, телевидение ходимларининг олдида "Ойнаи жаҳон орқали эфирга узатаётган ҳар бир телемаҳсулот ёшлар тарбиясига қандай таъсир қилади, бу билан жамиятга қандай нафимиз тегяпти?" деган савол кўндаланг туриши керак”, дейди Озодбек Назарбеков.
Аксилкоррупция ишга киришди! “Sevimli” атрофидаги манфаатлар тўқнашуви ўрганилмоқда
Ўзбекистон Кинематография агентлиги “Sevimli” телеканалига давлат буюртмаларини бериб келгани, шунингдек, субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани эҳтимоли бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганиш бошлади.
“Мазкур масала юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги изоҳ бериши сўралмоқда. Ҳозирда агентлик масъул ходимлари томонидан ижтимоий тармоқларда келтирилган барча ҳолатлар бўйича ўрганиш ва суриштирувлар олиб борилаётганлигини маълум қиламиз. Ўрганиш якунлари бўйича оммавий ахборот воситаларига қўшимча ахборот берилади”, дейди Дурдона Очилова.
Олам
Байден Путин ҳақидаги саволни “аҳмоқона” деб атади
АҚШ Президенти Жо Байден журналистнинг Россия Президенти Владимир Путин билан ўзаро муносабатларни ўрнатиш ҳақида берган саволини аҳмоқлик деб атади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизматига таяниб хабар берилган.
Таъкидланишича, кеча, 20 январь куни оммавий тадбирлардан бирининг якунида “Fox News”
журналисти залдан чиқиб кетаётган Президентга баланд овозда савол берган.
“Нега Путин биринчи қадамни қўйишини кутяпсиз, сэр?” деган журналист.
“Ҳозир ваҳима қилиш вақти эмас”. Россия ҳужумини кутаётган Зеленский халқига мурожаат қилди
Украина урушни истамайди, лекин унга доим тайёр туриши керак. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский халққа видеомурожаатида таъкидлади.
Президент украиналикларни Россия босқинининг эҳтимоли ҳақидаги хабардан ваҳимага тушмасликка чақирган.
“Уруш саккиз йилдан бери давом этмоқда, ҳозир ваҳима қилиш, вазиятни кескинлаштириш, гречка ва гугурт сотиб олиш вақти эмас. Саккизинчи йил кетаётгани ҳақиқат эмасми? Босқинчилик 2014 йилда бошланмадими? Уруш хавфи эндигина пайдо бўлдими? Бу хавфлар пайдо бўлганига бир кун бўлмади ва ҳозир улар катталашгани йўқ, ҳозир улар атрофида ҳаяжон кучайган”, деган Украина Президенти.
Тўқаев қозоқ элитасининг чўнтагини “нишонга олди”
Қозоғистонда иқтисодий ўсишдан фақат чекланган элита гуруҳларигина фойда кўрмоқда, оддий аҳолининг даромадлари эса пасайиб бораяпти. Бу ҳақда мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қозоғистонлик ишбилармонлар билан учрашувда маълум қилди.
“Мамлакатимизда чекланган элита гуруҳлари иқтисодий ўсишдан наф кўра бошлади, аҳолининг аксарият қисми даромадлари эса камайиб ёки тўхтаб қолмоқда, бу давлатимиз хавфсизлигига жиддий таҳдиддир. Бу жамиятда иқтисодий, ижтимоий, кейин эса сиёсий бўлинишга олиб келиши мумкин — бундай инқирознинг дастлабки белгилари аллақачон юзага чиққан. Табиийки, бу тарзда давом этиб бўлмайди”, деган Тўқаев.
“Афлотун дўстим, лекин ҳақиқат азизроқ”. Тўқаев Назарбоевчиларга “сигнал” берди...ми?
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат бошқарувида у ҳақиқатни дўстидан ҳам юқори тутишини маълум қилди ва шу орқали Биринчи Президент Нурсултон Назарбоев ҳамда унинг яқинларига ўзига хос ишора бергандек бўлди. Бу ҳақда у бадавлат қозоқ тадбиркорлари билан учрашувда айтиб ўтган.
“Ғайриқонуний, ноаниқ, оширилган нархлар – бу фактларни зудлик билан ҳал қилиш керак. Бошқа илож йўқ. Мен охирги марта бир ой вақт бераман. Агар ечим топилмаса, қаттиқ қарорлар қабул қилинади. Умид қиламанки, “Афлотун менинг дўстим, лекин ҳақиқат азизроқ” формуласи мен учун асосий, мақсадли қадриятга эга эканлигига ҳамма ишонч ҳосил қилди. Бу барча масалаларга тааллуқли. Мен учун бирор ким билан яхши муносабатлардан кўра давлат манфаати баланд”, деган Тўқаев.
Алишер Усмонов қайси металл келажак “олтини” бўлишини айтди
Келажакда дунё қизил металл – миснинг жиддий танқислигига дуч келиши мумкин. Бу ҳақда “USM Holding” компанияси асосичиси миллиардер Алишер Усмонов Жаҳон иқтисодий форуми учун ёзган мақоласида сўз юритган.
“Мис кўпинча “янги олтин”, “янги нефть” ёки “келажак металли” деб номланади, чунки у паст углеродли иқтисодиётларда ва юқори технологияли саноатда, шу жумладан телекоммуникацияларда ажралмас роль ўйнайди. Мис электр транспорт воситалари ва қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқаришда, шунингдек, углеродни ушлаш ва сақлаш тизимларини яратишда ҳам муҳим ҳисобланади”, деган миллиардер ўзининг мақоласида.
Ўзбекистонга “тош отган” Лукашенко энди ўзидан хавотирга тушди
Беларусь январь ойи бошида Қозоғистонда содир бўлган воқеалардан сабоқ олиши керак. Бу ҳақда Беларусь Республикаси фуқароси Александр Лукашенко таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатда вайронгарчилик ва талон-торожликларнинг олдини олиш муҳим.
“Талончилик ва “погром”лар. Ҳамма учун етарли. Бизда ҳам шундай бўлишини Худо кўрсатмасин. Бу асосий сабоқ”, деган Лукашенко.
Тиниб-тинчимас хитойликлар сунъий Ой ихтиро қилди
Хитойлик олимлар Ойнинг паст тортишиш муҳитини назорат қилиш учун камера қурди. У сунъий Ойнинг прототипи ҳисобланади. Бу ҳақда “South China Morning Post” нашри хабар берди.
Қурилма паст тортишиш шароитида кичик жисмларнинг ҳаракатини ўрганиш учун мўлжалланган.
Сунъий ойнинг прототипи диаметри 60 сантиметр бўлган думалоқ камерадир. Маълумки, Ойдаги тортишиш кучи Ердагидан тахминан олти баравар кам. Қурилмани синаб кўриш Ойда паст тортишиш шароитида содир бўладиган олдиндан айтиб бўлмайдиган бахтиз ҳодисалар сонини камайтиришга ёрдам беради.
Лукашенко Россияга ишониб, Ғарбни таҳдидомуз огоҳлантирди
Беларус Республикаси фуқароси Александр Лукашенко Беларусь ва Россияга ҳужум қилмоқчи бўлганларга бундай қилмасликни маслаҳат берди. Россия етакчиси Владимир Путин билан биргаликда улар Иттифоқ давлати чегараларини ҳимоя қилиш устида доимий иш олиб боради ва мудофаа учун тайёр, деган сиёсатчи.
“Бизга тегмаганингиз яхши”, дея таъкидлаган Лукашенко Украина билан чегарадаги ҳарбий объектларни кўздан кечириш учун Брест вилоятига келганида.
Спорт
“Australian open-2021”. Марказий баҳсда Азаренко Свитолинани таслим этди
Беларуслик теннисчи Виктория Азаренко мавсумдаги илк “Катта Дубулға” мусобақаси – Австралия очиқ чемпионатининг 1/8 финалига йўл олди. Мусобақада 25-рақам остида сараланган теннисчи 3-давра беллашувида Украина вакиласи Элина Свитолинани 6:0, 6:2 ҳисобида мағлуб этди. Учрашув 1 соат 3 дақиқа давом этди.
Эндиликда 32 ёшли теннисчи чорак финал йўлида Барбара Крейчикова (Чехия) – Елена Остапенко (Латвия) жуфтлиги ғолибига қарши кортга чиқади.
Пеле яна саратонга чалинди. У кимётерапия оляпти
Футбол бўйича уч карра жаҳон чемпиони, бразилиялик Пеле кимётерапия курси учун шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда ESPN канали хабар бермоқда.
Хабарга кўра, собиқ футболчи бир неча кундан бери “Альберт Эйнштейн” клиникасида қолмоқда. Пеленинг ичакларида ва жигарида ўсимталар, шунингдек, ўпкасида ҳам дастлабки босқичда ўсимта аниқланган.
Унинг аҳволи барқарорлиги қўшимча қилинган.
Конор қачон октагонга қайтади? UFC президенти жавоб берди
UFC президенти Дана Уайт икки вазн тоифасида собиқ чемпион ирландиялик Конор Макгрегор қачон қайтиши ҳақида гапирди.
“Ўйлайманки, у ёзда қайтиб келади, гарчи аниқ айта олмасам ҳам. Ҳамма нарса оёғининг қандай тузалишига, шунингдек, ёзгача содир бўлиши мумкин бўлган миллионлаб бошқа нарсаларга боғлиқ бўлади. Бу мавзу бўйича спекульяция қилиш шунчаки аҳмоқлик ва мен буни қилишни аллақачон тўхтатдим. Конор менга қўнғироқ қилиб, тайёр эканлигини ва тўлиқ машғулотларга киришганини айтганида, биз унинг қайтиши мумкин бўлган вариантларни муҳокама қилишни бошлаймиз”, дейди Уайт.
LiveБарчаси