“Ҳозир ваҳима қилиш вақти эмас”. Россия ҳужумини кутаётган Зеленский халқига мурожаат қилди
Олам
−
21 Январь 2022
11829Украина урушни истамайди, лекин унга доим тайёр туриши керак. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский халққа видеомурожаатида таъкидлади.
Президент украиналикларни Россия босқинининг эҳтимоли ҳақидаги хабардан ваҳимага тушмасликка чақирган.
“Уруш саккиз йилдан бери давом этмоқда, ҳозир ваҳима қилиш, вазиятни кескинлаштириш, гречка ва гугурт сотиб олиш вақти эмас. Саккизинчи йил кетаётгани ҳақиқат эмасми? Босқинчилик 2014 йилда бошланмадими? Уруш хавфи эндигина пайдо бўлдими? Бу хавфлар пайдо бўлганига бир кун бўлмади ва ҳозир улар катталашгани йўқ, ҳозир улар атрофида ҳаяжон кучайган”, деган Украина Президенти.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина мудофаа учун тайёр, фуқаролар эса фақат расмий маълумотларга ишонишлари ва ваҳима қилмасликлари керак.
“Энди улар бизнинг еримизга эмас, балки асабимизга фаол ҳужум қилмоқда”, деган Президент.
Унинг сўзларига кўра, “ҳужум”дан мақсад инвесторлар ва бизнес бўлган. Унинг таъкидлашича, Украина расмийлари барча мумкин бўлган таҳдидлардан хабардор ва уларга қандай жавоб беришни тушунади.
Президентга кўра, Киев можарони дипломатик йўл билан ҳал этиш учун ҳамма нарса қилмоқда.
“Украина қўрқмайди, чунки у ўз ерларини ҳимоя қилмоқда. Таслим бўлмайди, чунки бу бизнинг еримиз, қочадиган жойимиз йўқ. Украина мудофаа имкониятини доимий равишда кучайтирмоқда. Биз буни дипломатия йўли билан ҳал қилиш учун ҳамма нарсани қиляпмиз, Украинада тинчликка эришиш учун ҳамма нарсани қиляпмиз”, деган Зеленский.
Россия Ғарбнинг Украинага ҳужум қилиш ниятида экани ҳақидаги айбловларини бир неча бор рад этган. Кремлнинг фикрича, бундай баёнотлар Россия чегараси яқинида НАТО кучларининг мавжудлигини кенгайтириш учун фойдаланилмоқда. Кремль Матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, мамлакат қўшинларини ўз ҳудуди ичида ва ўз хоҳишига кўра олиб ўтади. Унинг сўзларига кўра, бу ҳеч кимга таҳдид солмайди ва ҳеч кимни ташвишга солмаслиги керак.
LiveБарчаси