Қодиров Жириновскийга ва Россияга нисбатан санкция жорий қилишни таклиф қилмоқда

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров “Кремлнинг оғзи” – Россия Либерал-демократик партиясининг тутуриқсиз баёнотлари билан танилган раиси Владимир Жириновскийга санкция жорий қилишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзмоқда. 

Бундан бир неча кун аввал, Владимир Жириновский Қозоғистондаги воқеалар хусусида муносабат билдириб, бу воқеалар барча постсовет мамлакатларида бирин-кетин содир бўлаётганини айтиб, рўйхатда Ўзбекистон номини ҳам санаган. Унинг қайд этишича, Ўзбекистонга пойтахт Тошкент ерлари совға сифатида берилган. 

“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров Жириновскийга жавоб қилди. 

“Уинстон Черчилл “... аккиллаган лайчаларнинг ҳаммасига тош отаверсанг, манзилингга етиб боришинг қийинлашади”, деганида Жириновскийга ўхшаганларни назарда тутган бўлса керак. Черчиллнинг доно ўгитига қулоқ тутиб, бу шахснинг сўзларига эътибор бермасдан ўтиб кетиш тўғри бўлар эди, лекин қисқача фикримни билдириб қўйиш зарар қилмайди, деб ўйладим:

Биринчидан, Жириновскийнинг бу баёнотлари, ҳатто норасмий бўлса ҳам, Россиянинг халқаро обрўсига зарар беради. Россиянинг кам сонли ҳамкор мамлакатлари учун ҳам, ривожланган дунё каби, Россия босқинчи ва иккиюзламачи давлат дея хавотирланишларига йўл очади.

Иккинчидан, бугунги Россия Рус империясини тиклаш, бошқа ҳудудларни қўшиб олиш хақида эмас, тарқалиб кетмаслик хақида кўпроқ бош қотираяпти. Шу сабабли, Жириновскийнинг бундай алжирашларига рус расмий доиралари биринчи бўлиб муносабат билдиришлари керак, деб ўйлайман.

Учинчидан, сўнгги вақтларда Россиядаги расмий доиралар Марказий Осиёда маҳаллий русларга ҳурматсизлик қилинаётгани сабаб алоҳида субъектларга санкциялар қўллашмоқда. Лекин бошқа миллатларга ҳурматсизлик қилаётган ўз расмийларига нисбатан овоз ҳам чиқармаяптилар. Бу иккиюзламачилик эмасми?”, дейди Қодиров. 

Қуйи палата спикери ўринбосарига кўра, Марказий Осиёда яшаётган рус ватандошларнинг маҳаллий аҳоли билан муносабати бузилишига айнан шу каби калтабин баёнотлар сабаб бўлмоқда. 

“Менимча, биз ҳам мамлакатимизга ҳурматсизлик қилганлар учун санкциялар жорий қилиш хақида ўйлаб кўришимиз керак”, дейди Алишер Қодиров. 

 


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Қодиров Владимир Жириновский

Баҳолаганлар

1070

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг