Аксилкоррупция ишга киришди! “Sevimli” атрофидаги манфаатлар тўқнашуви ўрганилмоқда
Жамият
−
21 Январь 2022
7534Ўзбекистон Кинематография агентлиги “Sevimli” телеканалига давлат буюртмаларини бериб келгани, шунингдек, субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани эҳтимоли бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганиш бошлади. Бу ҳақда агентлик Матбуот котиби Дурдона Очилова QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Ижтимоий тармоқларда “Sevimli” телеканалининг эгалари – Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовнинг ўғли, қизи ва рафиқаси экани ҳамда бу телеканалнинг камида учта миллий сериалида давлат буюртмачиси – айни Кинематография агентлиги экани айтилмоқда.
“Мазкур масала юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги изоҳ бериши сўралмоқда. Ҳозирда агентлик масъул ходимлари томонидан ижтимоий тармоқларда келтирилган барча ҳолатлар бўйича ўрганиш ва суриштирувлар олиб борилаётганлигини маълум қиламиз. Ўрганиш якунлари бўйича оммавий ахборот воситаларига қўшимча ахборот берилади”, дейди Дурдона Очилова.
Эслатиб ўтамиз, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги “Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган "Сабрия" сериалида ахлоқсиз саҳналар мавжудлиги ва бу жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлгани ортидан экспертиза тайинланганини эълон қилди. Орадан кўп ўтмай, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ҳам “Сабрия” сериалини танқид қилди ва ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафратни кўрмаганини билдирди.
Ушбу масала кун тартибига чиқиши ортидан телеканал продюсери Амира Рашидова ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдириб, “ахлоқсиз” деган айбловни қўйишдан олдин, кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли” эканини маълум қилди.
Шундан сўнг, мазкур масалага Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам изоҳ берди. Унга кўра, “Сабрия” сериали ҳақиқатан ҳам бадиий ва мазмунан саёз.
Орадан кўп ўтмай, “Sevimli” телеканали Бош директори вазифасини бажарувчи А.Хўжаев ва бош муҳаррир Қ.Сайдалиев лавозимидан озод этилди. Канал Кузатув кенгаши раиси вазифасини бажарувчи этиб жамоатчилик асосида Фирдавс Абдухолиқов сайланди. Шунингдек, шу пайтга қадар ЎзЭОАВМА бош директори лавозимида ишлаб келаётган Ж.Сафоев канал бош директори вазифасига тайинланган.
20 январь оқшомида “Sevimli” телеканали бош продюсери Амира Рашидова яна ижтимоий тармоқлар орқали баёнот билан чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёевадан узр сўради.
Шунингдек, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ахлоқсизликни телевидениеда тарғиб қилишни давлатга хиёнат сифатида баҳолади.
LiveБарчаси