“Афлотун дўстим, лекин ҳақиқат азизроқ”. Тўқаев Назарбоевчиларга “сигнал” берди...ми?

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат бошқарувида у ҳақиқатни дўстидан ҳам юқори тутишини маълум қилди ва шу орқали Биринчи Президент Нурсултон Назарбоев ҳамда унинг яқинларига ўзига хос ишора бергандек бўлди. Бу ҳақда у бадавлат қозоқ тадбиркорлари билан учрашувда айтиб ўтган.

“Ғайриқонуний, ноаниқ, оширилган нархлар – бу фактларни зудлик билан ҳал қилиш керак. Бошқа илож йўқ. Мен охирги марта бир ой вақт бераман. Агар ечим топилмаса, қаттиқ қарорлар қабул қилинади. Умид қиламанки, “Афлотун менинг дўстим, лекин ҳақиқат азизроқ” формуласи мен учун асосий, мақсадли қадриятга эга эканлигига ҳамма ишонч ҳосил қилди. Бу барча масалаларга тааллуқли. Мен учун бирор ким билан яхши муносабатлардан кўра давлат манфаати баланд”, деган Тўқаев.

Шунингдек, у агар давлатга керак бўлса, жуда қийин қарорлар қабул қилишга тайёр эканини ва шундай қилганини таъкидлаган.

“Келажакда ҳам шундай қарорларни қабул қиламан”, деган Тўқаев гап нима ҳақида кетаётганига изоҳ бермасган ҳолда.

Маълумот учун, Тўқаев учрашув давомида мамлакатдаги имтиёзлардан элита қатлам жуда устаомонлик билан фойдаланаётганини ва янада бойиётганини урғулаган. Шунингдек, мамлакат аҳолиси даромадлари пастлигини хавфсизлик учун жиддий таҳдид деб баҳолаган.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

Шунингдек, митинг иштирокчилари жавобгарликка тортилмаслигига ҳам кафолат берилганди. Лекин, 5 январь куни Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатнинг бир қанча вилоятларида содир этилган ноқонуний ҳаракатлар чоғида жамоат тартибини бузганлик учун 200 дан ортиқ кишини қўлга олди.  

5 январь куни, шунингдек, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Бу орада ижтимоий тармоқларда Назарбоев ва унинг оиласи мамлакатни тарк этгани, жияни Самат Абиш ҳибсга олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ буларнинг ҳеч бири исботини топмади. Шундан сўнг, Элбошининг Матбуот котиби Айдос Укибай Назарбоев мамлакат пойтахтида бўлиб турганини маълум қилди.

Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

194

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг