2019 йилда кимлар бизни тарк этди?

Жамият

image

Якунига етаётган 2019 йил кўплаб ютуқларга бой бўлди. Ўзгаришлар янги босқичга чиқди. Бироқ йил давомида ютуқлар қаторида йўқотишлар ҳам бўлди.

Давлат, жамоат арбоблари, илм-фан, спорт, маданият, тиббиёт соҳасининг йирик ва ўзидан ўчмас из қолдирган вакиллари ёруғ оламни тарк этди. Қуйида йил давомидаги йўқотишларимизни хотирлаймиз.

Бахтинисо Маҳмудова

Оғир операцияни ўтказиш учун Туркиянинг Истанбул шаҳрига жўнаб кетган ёш шоира Бахтинисо Маҳмудова жорий йилнинг 6 январь куни вафот этди.

Ўтказилган операциядан Бахтинисо соғ-омон чиққан. Жонлантириш бўлимида бир вақт қолганидан кейин, уни палатага олишган. Бу орада Бахтинисо саломатлиги тикланиб, оёқларини сеза бошлаганини ижтимоий тармоқлар орқали хабар қилган эди.
 
6 январь куни соат 00:25 да унинг қон босими бирдан тушиб кетади ва жонлантириш бўлимига олинади. Кўрилган чоралар натижа бермай, Бахтинисо Маҳмудова вафот этади.

Бундан бир неча йил аввад Республика Неврохирургия марказида Бахтинисо Маҳмудованинг орқа миясида ўсимта борлиги аниқланган.

Анор (Анорқул) Назаров

Ўзбек мусиқа санъати ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Давлат мукофоти совриндори, таниқли бастакор Анор (Анорқул) Назаров бугун, жорий йилнинг 16 январь куни оғир хасталикдан сўнг вафот этди.

Анорқул Мамадович Назаров 1950 йил 5 июнда Тошкент вилоятининг Бўка туманида таваллуд топган. 1968 йилда М.Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясини тамомлаб, 1968-1985 йилларда А.Навоий номидаги ДАКТ оркестри солисти, 1985-1987 йилларда Тошкент шаҳар мусиқа ансамбллари жамоасининг бош дирижёри, 1986-1996 йилларда Ўзбекистон телерадиокомпанияси эстрада-симфоник оркестри бадиий раҳбари ва бош дирижёри, 1996-2000 йилларда “Ўзбекнаво” гастроль-концерт бирлашмаси бош директори, 2000-2002 йилларда эса бадиий раҳбари лавозимларида  фаолият юритган.

Пўлат Саидқосимов

Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимов жорий йилнинг, 18 январь куни 87 ёшида вафот этди. 

Пўлат Саидқосимовнинг Фарғона тўсатдан тоби қочиб, шифохонага тушганди. Сўнг актёр Республика шошилинч тиббий ёрдами илмий марказига олиб келинган. Актёрга Қўқон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам шифохонаси хирурглари томонидан кўрикдан ўтказилиб, беморда “Ўткир ичак тутилиши” ташхиси қўйилган.

Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимов, 16 январь куни Республика шошилинч тиббий ёрдами илмий маркази бош директори тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдуҳаким Ходжибоев бошчилигидаги шифокорлар томонидан операция қилинган. Жарроҳлик амалиёти 6 соат давом этган.

Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимов 1931 йилнинг 8 октябрида Тошкентда таваллуд топган. 87 ёшли актёр кўп йиллар Ўзбек миллий академик драма театрида фаолият олиб борган.

Саломбек Ҳабибуллаев

Андижон вилояти ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Саломбек Пўлатович Ҳабибуллаев вафот этди.

Саломбек Ҳабибуллаев 2018 йилнинг 26 январида мазкур лавозимга тайинланган эди.

1971 йилнинг 26 сентябрида Тошкент шаҳрида таваллуд топган Саломбек Ҳабибуллаев 1992 йили Тошкент давлат университетини тамомлагач, 1992 йилдан 2018 йилгача Тошкент давлат университетининг “Яримўтказгичлар ва диэлектриклар физикаси кафедрасида ассистент, тадқиқотчи, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг Ташқи иқтисодий фаолият таҳлил ва истиқболлари бош бошқармаси етакчи мутахассиси, бўлим бошлиғи, бошқарманинг Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари билан ташқи иқтисодий алоқалар бўлими бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги Бош ахборот-таҳлил департаменти бошлиғи, Ўзбек-япон маркази директори лавозимларида фаолият олиб борган.

Рустам Убайдуллаев

Ўзбекистон маданияти ва санъати оғир жудоликка учради. Таниқли созанда, доира санъати устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рустам Убайдуллаев кеча, 9 январь куни 66 ёшида вафот этди.

Рустам Убайдуллаев 1952 йилнинг 2 сентябрь куни Тошкентда таваллуд топган эди. Санъаткор ўрта мактабни битиргач, 1967 йилдан бошлаб Ўзбекистон халқ хофизи Фахриддин Умаровнинг доирачиси сифатида иш бошлаган. Ва 40 йилдан зиёд ҳамнафас ижод қилган.

Сирожиддин Сайфиев

Самарқанднинг “Динамо” клуби ва Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ ўйинчиси Сирожиддин Сайфиев жорий йилнинг 20 февраль куни вафот этди. Сирожиддин Сайфиев 36 ёшда бўлган.

Сайфиев узоқ вақт давомида ўпка раки билан оғриган ва касалликка қарши курашган.

Футболчи Самарқанднинг “Динамо” клубида 2009 йилдан 2015 йилгача ўйнаган. “Динамо” сафида 119 ўйин ўтказиб, 15 та гол урган. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида 2008 йилда 1 ўйинда майдонга тушган.

Султон Алимуҳамедов

Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради. Қишлоқ хўжалик соҳасидаги атоқли олим, собиқ Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзоси Султон Алимуҳамедов жорий йилнинг 11 февралда 90 ёшида вафот этди.

Султон Алимуҳамедов 1929 йил 1 январда Тошкент шаҳрида туғилди. 1950 йили Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини (ҳозирги Тошкент давлат аграр университети) тугатиб, ушбу институт аспирантурасида таҳсил олди. Дастлаб номзодлик, кейинчалик докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 1991 йилда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Узоқ йиллар давомида кўплаб ёшларга сабоқ берган Султон Алимуҳамедовнинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва докторлари тайёрланган.

Жонкуяр олимнинг Ўзбекистон илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлат томонидан муносиб тақдирланиб, у “Ҳурмат белгиси” ордени билан мукофотланган эди.

Марат Зоҳидов

Жорий йилнинг 24 февраль куни тиббий кўрикдан ўтиш учун Исроил давлатига борган 1940 йил туғилган Ўзбекистон фуқароси Марат Зоҳидов вафот этди.

Математик профессор Марат Зоҳидов ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида 30 йил фаолият юритди. Марат Зоҳидов 1952-1956 йилларда Ўзбекистон Фанлар Академиясининг президенти бўлган олим Теша Зоҳидов оиласида туғилган. Москва Давлат университетини битириб, Тошкент Давлат университетита ўқитувчилик қилган.

У Ўзбекистон Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти бош котиби, Ўзбекистон шахс ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси асосчиси эди.

Жамила Ниёзова

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси аъзоси Жамила Ниёзова жорий йилнинг 26 февраль куни 60 ёшида вафот этди.

Қорақалпоқ миллатига мансуб кўзга кўринган депутатлардан бири Жамила Ниёзова 1958 йилнинг 14 апрель куни Нукус шаҳрида таваллуд топган эди. 

Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси аъзоси бўлган Жамила Ниёзова 2005-2010 йил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати бўлган. У 2010 йилда ҳам Ўзбекистон Қонунчилик палатаси депутатлигига қайта сайланган.

Омонулла Мадаев

Жорий йилнинг, 2 март куни таниқли фольклоршунос олим, филология фанлари номзоди Омонулла Мадаев 76 ёшида вафот этди.

Омонулла Мадаев 1942 йилнинг 20 майида Тошкент шаҳрида туғилган. 1964 йил ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Филология факультетини тамомлаган.

У фаолиятини 1958 йил Тошкент шаҳар 1-сонли мактаб-интернат ўқитувчиси лавозимида бошлаган. 1964 йил Тошкент шаҳар 82-сонли ўрта мактаб ўқитувчиси сифатида ишлаган. 1966 йил ЎзМУ Ўзбек мумтоз адабиёти кафедрасида ишлаган, 1982 йилдан Тошкент давлат университетининг ўзбек мумтоз адабиёти кафедрасида доцент лавозимида фаолият олиб борган.

Омонулла Мадаев Ўзбекистондаги абитуриентларни тайёрловчи илк дарсларни ташкил этган педагог бўлиб, маълум вақт Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети декани сифатида ҳам фаолият юритган.

Мираброр Усмонов

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси 71 ёшли Мираброр Усмонов жорий йилнинг, 15 март куни оламдан кўз юмди.

Мираброр Усмонов астма касалига чалиниб, клиникага ётқизилганидан сўнг, вафот этди.

Дилбар Абдулазизова

Ёш томошабинлар театри актрисаси, Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Абдулазизова жорий йилнинг 15 март куни 68 ёшида вафот этди.

Дилбар Абдулазизова 1951 йили Тошкент вилоятида туғилган. У ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олган.

1973 йилдан буён то умрининг сўнгги кунларигача Ёш томошабинлар театрида фаолият юритди. “Қизил қалпоқча”, “Сеҳрли соатча”, “Минг бир кеча”, “Мешполвон”, “Қор маликаси” сингари юздан зиёд саҳна асарларида турли характердаги қаҳрамонларни ижро этган.

Рихсивой Муҳаммаджонов

Ўзбекистон Давлат санъат арбоби, киносценарист Рихсивой Муҳаммаджонов жорий йилнинг 22 март куни вафот этди.

Рихсивой Муҳаммаджонов 1940 йил 30 ноябрь куни туғилган. 1962 йилда Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтини, 1972 йилда Сценарийчилар ва режиссёрлар олий курсини тамомлаган.

Рихсивой Муҳаммаджонов “Абдуллажон”, “Суюнчи”, “Тангалик болалар”, “Чинор остидаги дуэль”, “Камбағал одамлар”, “Осмондаги болалар 1, 2”, “Маржона”, “Сотқин” каби машҳур фильмларда сценарий муаллифи бўлган. “Камбағал одамлар”, “Олтин девор”, “Барибир ҳаёт гўзал”, “Осмон яқин” каби фильмлар сценарийсининг ҳаммуаллифи ҳисобланади.

Рихсивой Муҳаммаджонов “Олтин Девор”, “Чол ва набира”, “Қайдасан муҳаббат?” фильмларининг режиссёри ҳисобланади.

Лина Черязова

Жорий йилнинг 23 март куни фристайл бўйича Олимпиада чемпиони Лина Черязова 51 ёшида оламдан кўз юмди.

Лина Черязова 1968 йил 1 ноябр куни Тошкентда туғилган. У 1989 йилда СССР термаси таркибида фристайл бўйича жаҳон кубогида дебют қилган.

1994 йилда Норвегиянинг Лиллехаммер шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиадада Ўзбекистон номидан қатнашиб ғолиб бўлган. Унинг олтин медали мамлакат тарихида ҳалигача ягона бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, у акробатикада фристайл бўйича биринчи олимпия чемпионидир. Спортчи 1992—1994 йилларда жаҳон кубогининг 13 ва 18-босқичларида ғолиб бўлган.

Дамир Салимов

Ўзбек миллий киносининг дарғаларидан бири, машҳур режиссор Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Дамир Салимов жорий йилнинг 29 март куни 82 ёшида вафот этди.

Бир қатор машҳур кино асарлар ва мультфильмлар ижодкори, истеъдодли кинорежиссёр ва кинооператор Дамир Салимов “Шум бола”, “Ленинградликлар-жигарбандларим менинг”, “Тоғлар чорлайди” каби филмлари билан ўзбек кино ихлосмандларига машҳур эди.

У 1937 йилда Самарқандда таваллуд топган. У Умумиттифоқ Киноматография институтининг режиссорлик факултетини тугатиб, 1959 йилдан бошлаб “Ўзбекфилм” киностудиясида ўз фаолиятини бошлаган эди.

Яйра Абдуллаева

Жорий йилнинг 14 май куни таниқли актриса Яйра Абдуллаева 88 ёшида оламдан ўтди.

Таниқли ўзбек актрисаси Яйра Абдуллаева 1930 йилда Тошкентда туғилган. Ижодий фаолиятини 1944-1945 йилларда Гавҳар Раҳимова раҳбарлигидаги хотин-қизлар ансамблида бошлаб, 1950 йилда А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. 

1950 йилдан Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрида ишлаб, Гулнор (“Қутлуғ қон”), Гулбаҳор (“Бой ила хизматчи”), Қорасоч (“Юлдузлар жамоли”), Элейн (“Қонли сароб”), Катерина (“Момақалдироқ”), Мильфордхоним (“Макр ва муҳаббат”), Хемнолини, Камола, Хеменкори (“Ганг дарёсининг қизи”), Марям (“Жазоир – менинг Ватаним”) каби ўнлаб рангбаранг образларни яратди.

Яйра Абдуллаева 1998 йилда “Дўстлик” ордени, 2011 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.

Комилжон Раҳимов

Жорий йилнинг 16 май куни алоқа соҳасида кўп йиллар самарали хизмат қилган меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган алоқачи Комилжон Раҳимов вафот этди.

Комилжон Раҳимов 1985-1995 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазири лавозимида, 1995-1998 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари сифатида меҳнат қилган. Комилжон Раҳимовнинг хизматлари алоҳида эътироф этилиб, Ўзбекистоннинг юксак мукофотлари билан тақдирланган.

Ортиқ Отажонов

Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов жорий йилнинг 17 май куни 72 ёшида оламдан ўтди. 

Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов 1947 йил 30 январда Хоразм вилояти Боғот тумани Хитой қишлоғида туғилган.

Ортиқ Отажонов 1962 йил Хоразмдаги мусиқа билим юртига ўқишга киради. У ерда таниқли созанда Озод Иброҳимовдан рубоб чалиш бўйича сабоқ олади.

Унинг санъаткор бўлиб етишишида буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг ўрни беқиёс бўлган.

Тоҳир Малик

Жорий йилнинг 16 май куни Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик 72 ёшида оламдан кўз юмди. Ёзувчи бироз аввал оғир операцияни бошдан кечирган. Бироқ, у операциядан сўнг ўзига келмаган. 

Маълумот ўрнида, Тоҳир Малик 1946 йил 27 декабрь куни Тошкентда таваллуд топган. Тошкент Давлат Университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети)нинг Журналистика факультети кечки бўлимида ўқиб, кундузи қурилиш ишларида қатнашган. 1966 йилдан бери Ўзбекистон радиосида, газета ва журналлар таҳририятида, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида,  нашриётларда фаолият юритган. 2006 йилдан буён "Бекажон" газетаси  Бош муҳаррири бўлиб ишлаб келаётган эди.

Тоҳир Малик давлат томонидан “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” юксак унвони ва “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.

Қундуз Миркаримова

Ўзбек рақс санъати афсонаси, Ўзбекистон халқ артисти Қундуз Миркаримова жорий йилнинг 11 июнь куни 94 ёшида оламдан кўз юмди.

Қундуз Миркаримова 1925 йил Тошкентда туғилган. Раққоса, балетмейстер ва педагог. Тамарахоним номидаги балет мактабида таълим олган (1937-1941), Катта театр (Москва) қошидаги хореография билим юртини тугатган (1951).

Янгийўл мусиқали драма ва комедия театрида (1943-1946), Муқимий театрида (1946-1949), Навоий театрида (1951-1953), Ўзбекистон давлат филармониясида (1953-1956) яккахон раққоса, “Баҳор” ансамблида яккахон раққоса ва педагог-репетитор (1957-1967), бадиий раҳбар (1979-1988), Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабида педагог (1964-1979 ва 1988 йилдан; 1996 йилдан профессор) сифатида фаолият юритди.

Қундуз Миркаримова Ўзбекистон халқ артисти, Собиқ иттифоқ халқ артисти, Мукаррам Турғунбова номидаги мукофотлар совриндори саналади. 1997 йилда эса “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Гулбаҳор Йўлдошева

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, бетакрор истеъдод соҳибаси Гулбаҳор Йўлдошева жорий йилнинг 12 июнь куни оғир хасталикдан сўнг оламдан ўтди.

Актриса бир қатор cериаллар орқали ўзбек киноихлосмандлари кўнглидан чуқур жой олганди.

Равиля Прокопенко (Салимова)

Жорий йилнин 3 июль куни ўзбекистонлик баскетболчи, СССРда хизмат кўрсатган спорт устаси Равиля Прокопенко (Салимова) 77 ёшида вафот этди.

Равиля Наджиповна Прокопенко (Салимова) 1941 йил 8 август куни Сурхондарё вилоятининг Шўрчи шаҳрида туғилган. Фаолияти давомида Равиля Салимова 2 марта жаҳон ва 4 марта Европа чемпиони бўлган. “Меҳнат Қизил Байроқ” ордени билан тақдирланган.

Клублар даражасида фақатгина Тошкент жамоаларида ўйнаган. Спортдаги фаолиятини якунлагач, Ўзбекистон ССР Спорт қўмитасида инстркутор бўлиб ишлаган.

Равиля Салимова 1965, 1970 йилларда Универсиада ғолиби, 1961 йилда Универсиада кумуш медали соҳиби бўлган. У тарихдаги энг машҳур ўзбек баскетболчиси ҳисобланади.

Торенияз Қалимбетов

“Танка” бадиий фильмининг режиссёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Торенияз Қалимбетов жорий йилнинг 29 июль куни вафот этди.

Торенияз Жумабоевич Қалимбетов 1954 йил 19 январда Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида, ишчи оиласида туғилган. 1976 йили Тошкент маданият институтини режиссер йўналиши бўйича тамомлаган.

Торенияз Қалимбетов “Қозоқфильм”да, Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпаниясида, “Қорақалпоқфильм” киностудиясида ва “Қорақалпоқкино” агентлигида режиссёрлик ва турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган. 

Торенияз Қалимбетов режиссёр сифатида 30 га яқин бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратган ва турли кинофестивалларда муносиб ўринларни қўлга киритган. Режиссёрнинг энг машҳур фильмлари қаторида 2002 йилда суратга олган,  ёшу қари севиб томоша қиладиган “Танка” бадиий фильмини келтириш мумкин.

Абдулҳафиз Жалолов

Жорий йилнинг 31 июль куни 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод бўлган сиёсатчи Абдулҳафиз Жалолов 72 ёшида вафот этди.

Абдулҳафиз Жалолов 1947 йилда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида, Бирлашган қишлоғида туғилганди. 1969 йили Тошкент давлат университетини тамомлаган. 1976 йилда фалсафа фани бўйича номзодлик, 1992 йили докторлик диссертацияларини ёқлаган.

2000 йил январида бўлиб ўтган президентлик сайловида Ислом Каримовга ягона муқобил рақиб бўлганди. Жалолов мазкур сайлов пайти амалдаги давлат раҳбари учун овоз берганини билдирган.

2001 йилда Фалсафа ва ҳуқуқ институти директорлиги, 2003 йилда ХДП Марказий кенгаши биринчи котиблигидан озод этилади. Шундан сўнг Юристлар малакасини ошириш маркази ҳамда Олий педагогика институти профессори лавозимларида ишлаган.

Рашид Исянов

Жорий йилнинг 11 сентябрь куни гимнастика бўйича Республика Олий спорт маҳорати мактаби трамполин бўйича мураббийи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози Рашид Исянов 79 ёшида вафот этди.

Исянов Рашид Зиннурович 1940 йил Россия Федерациясида туғилган. 1963 йил Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтини тамомлаган ва умрининг қолган қисмини мамлакатимизда гимнастика, жумладан трамполин спортининг ривожланишига, унинг тараққиётига бағишлаган. Мураббийлик фаолияти давомида кўплаб истеъдодли спортчиларни тарбиялаган.

Бекзод Нурматов

Қўл жанги ва жанговор самбо спорт турлари устаси, сўнгги пайтларда ўзини ММА`да синаб кўраётган ўзбекистонлик спортчи 28 ёшли Бекзод Нурматов жорий йилнинг 8 октябрь куни ҳаётдан кўз юмди.

Спортчи 4 октябрда Чеченистоннинг Грозний шаҳрида Россиянинг Absolute Championship Akhmat ММА-промоушени томонидан ташкил этилган АСА 100 юбилей турнирида иштирок этган. Бекзод Нурматов ҳакамлар қарорига кўра мезбон спортчи Беслан Исаевга имкониятни бой бериб қўйганди. Ҳакамлардан икки нафари Исаев, яна бири Нурматовнинг ғалабасини ёқлаганди. 

Норасмий маълумотларга кўра, Бекзод Нурматов ўлимига инсульт, яъни мияга қон қуйилиши сабаб бўлган.

Ҳусниддин Ҳамидов

Қорақалпоқ тилшунослигининг йирик намояндаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Ҳусниддин Ҳамидов жорий йилнинг 5 ноябрь куни 84 ёшида вафот этди.

Ҳусниддин Ҳамидов 1935 йил 5 январда Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида туғилди. 1955 йили икки йиллик ўқитувчилар институтини тугатиб, ўз фаолиятини ўрта мактабда ўқитувчиликдан бошлади. Кейинчалик Қорақалпоқ педагогика институтида таҳсил олиб, 1967 йилда номзодлик, 1991 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.

1994 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг мухбир-аъзоси, 2000 йилда ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

Ҳусниддин Ҳамидов жамоат ишларида ҳам фаол қатнашиб, 1995-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати сифатида фаолият кўрсатди.

Кўплаб ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берган жонкуяр устознинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан доктори ва фан номзодлари тайёрланган.

Давлатназар Рўзметов

Хоразмлик журналист Давлатназар Рўзметов жорий йилнинг 6 ноябрь куни йўл-транспорт ҳодисаси натижасида вафот этди.

Давлатназар Рўзметов 1971 йил 24 апрель куни туғилган, сўнгги пайтларда “Жамият” ижтимоий-сиёсий газетасида мухбир бўлиб ишлаётган эди.

2018 йил 29 октябрь куни “Хоразм ёшлари” газетаси муҳаррири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган пайтида ҳибсга олиниб, Қўшкўпир тумани маъмурий суди томонидан 7 суткалик қамоқ жазосига маҳкум қилинган эди.

Гавҳар Шарипова

“Опа-сингиллар” сериали билан томошабинларга яхши таниш бўлган актриса Гавҳар Шарипова жорий йилнинг 18 ноябрь куни вафот этди.

Актриса Қашқадарё вилоятида йўл-транспорт ҳодисасига учраб вафот этган. У ўзи туғилиб ўсган Навоий вилоятида дафн этилди.

Оилада олти қизнинг бири бўлган Гавҳар Тошкент Давлат санъат институтининг драма-театр ва кино актёрлиги йўналишида таҳсил олган. У нафақат актриса, балки шоира ҳам бўлиб, шеърлар ёзиб туради. Унинг шеърлари бир неча хонандалар томонидан қўшиқ қилиб куйланган.

Маҳмуд Саъдий

Жорий йилнинг, 23 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, ўзбек журналистикасининг кўзга кўринган вакилларидан бири Маҳмуд Саъдий 80 ёшида вафот этди.

Маҳмуд Саъдий 1939 йил Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида туғилган. Мактабни тамомлаганидан кейин ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети филология факультетининг журналистика бўлимида таҳсил олди.

“Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим, бўлим мудири, “Гулистон” журналида катта адабий ходим, бўлим мудири. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бўлим мудири, “Маърифат” газетасида махсус мухбир, шарҳловчи, бўлим муҳаррири вазифаларида фаолият кўрсатди. Сўнгги вақтларда “Маърифат” газетасида ишлаш билан бирга Жаҳон тиллари университетида ёшларга дарс берарди.

Рустам Кариев

Ўзбекистон ампутантлар терма жамоасининг 4 карра жаҳон чемпиони унвони сазовор бўлишига ҳисса қўшган бош мураббий Рустам Кариев жорий йилнинг 2 декабрь куни 68 ёшида вафот этди.

Рустам Кариев 1951 йил 15 январда Сурхондарё вилоятида туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, ҳарбий сифатида фаолият олиб борган ва капитан даражасигача кўтарилган.

1988 йилда эса Афғонистондаги жангларда жароҳатланиб, ногирон бўлиб қайтган собиқ ҳарбийлардан иборат “Матонат” ногирон-ампутантлар жамоасини тузади. 1998 йилда жамоанинг номи “Байналминал”га ўзгартирилди.

Рустам Кариевнинг мамлакатда ногирон-ампутантлар спортини ривожлантириш йўлидаги хизматлари мамлакат томонидан муносиб рағбатлантирилган ҳолда “Дўстлик” ордени ва қатор юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган.

Тоҳир Миралиев

Кўпгина роллари билан ўзбек халқи қалбидан жой олган Ўзбекистон халқ артисти Тоҳир Миралиев жорий йилнинг 2 декабрь куни оламдан ўтди.

Тоҳир Миралиев “Тилла бува” (2011), “Учар отлар” (2011), “Қовун” (2012), “Жасур” (2011), “Аросат” (2009), “Чавандоз” (2007), “Армон” (1987) каби кўплаб фильмларда рол ижро этган.

Мирҳаким Азизов

Жорий йилнинг 5 декабрь куни Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ва тиббиёт соҳаси оғир жудоликка учради. Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Мирҳаким Азизов вафот этди.

Мирҳаким Азизов 1974 йилда Андижон давлат тиббиёт институтини тамомлаган. 1982-1984 йилларда Москвада Марказий травматология ва ординария институтида таҳсил олган. 1987 йилда кандидатлик диссертациясини ёқлаган. 1995 йилда эса докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 

Мирҳаким Азизов жорий йилда Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига асосан “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланганди.

Абдували Қутбиддинов

Жорий йилнинг, 8 декабрь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли шоир, “Халқ сўзи” газетаси масъул ходими Абдували Қутбиддинов оламдан ўтди.

Маълумотларга кўра, Абдували Қутбиддин бетоблиги сабаб, икки ҳафтадан ортиқ вақт давомида шифохонада ётган.

Абдували Қутбиддин “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.

Яҳё Файзуллаев

Кўплаб роллари билан Ўзбекистон халқи қалбидан жой олган актёр Яҳё Файзуллаев жорий йилнинг 23 декабрь куни оламдан ўтди. 

Файзуллаев Яҳё Абдуллаевич "Гумроҳлар" (2014), "Афсонавий қиз" (1980), “Шайтанат” ( 1988), ХХ аср қароқчилари “ (1979), “Али бобо ва қирқ қароқчи” (1979), “Хоразм афсонаси” (1978), “Шум бола” ( 1977) каби кўплаб фильмларда рол ижро этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

494

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг