Ёзувчи Тоҳир Малик вафот этди

Жамият

image

Бугун, 16 май куни Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик 72 ёшида оламдан кўз юмди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, ёзувчи бироз аввал оғир операцияни бошдан кечирган. Бироқ, у операциядан сўнг ўзига келмаган. 

Маълумот ўрнида, Тоҳир Малик 1946 йил 27 декабрь куни Тошкентда таваллуд топган. Тошкент Давлат Университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети)нинг Журналистика факультети кечки бўлимида ўқиб, кундузи қурилиш ишларида қатнашган. 1966 йилдан бери Ўзбекистон радиосида, газета ва журналлар таҳририятида, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида,  нашриётларда фаолият юритган. 2006 йилдан буён "Бекажон" газетаси  Бош муҳаррири бўлиб ишлаб келаётган эди. 

Унинг дастлабки ҳикояси 1960 йилда "Гулхан" журналида чоп этилади. 

Болаларга атаб ёзилган ҳикоялари билан бадиий адабиёт сирларини ўрганган Тоҳир Малик кейинчалик ўзбек адабиётида кам эътибор берилган фантастика жанрига қўл уради ва бир қатор асарлари билан китобхонлар эътиборини қозонган. Унинг талабалик йиллари ёзилган "Ҳикмат афандининг ўлими" асари ўзбек адабиётининг фантастика йўналишида яратилган биринчи қисса ҳисобланади. Ёзувчининг бир қатор асарлари рус ва бошқа тилларга таржима қилинган. "Сўнгги ўқ" асари асосида етти қисмли, "Шайтанат" асари асосида йигирма қисмли бадиий филъм суратга олиниб, намойиш этилган.

Тоҳир Малик давлат томонидан "Ўзбекистон халқ ёзувчиси" юксак унвони ва "Дўстлик" ордени билан мукофотланган. 

Эслатиб ўтамиз, ёзувчи бугун, 16 май куни аср намозидан кейин дафн этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

190

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг