Ўзбекистон журналистикаси оғир жудоликка учради
Жамият
−
23 Ноябрь 2019
11978Бугун, 23 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, ўзбек журналистикасининг кўзга кўринган вакилларидан бири Маҳмуд Саъдий 80 ёшида вафот этди.
Маҳмуд Саъдий 1939 йил Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида туғилган. Мактабни тамомлаганидан кейин ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети филология факультетининг журналистика бўлимида таҳсил олди.
“Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим, бўлим мудири, “Гулистон” журналида катта адабий ходим, бўлим мудири. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бўлим мудири, “Маърифат” газетасида махсус мухбир, шарҳловчи, бўлим муҳаррири вазифаларида фаолият кўрсатди. Сўнгги вақтларда “Маърифат” газетасида ишлаш билан бирга Жаҳон тиллари университетида ёшларга дарс берарди.
Маҳмуд Саъдий ўзига хос муҳаррирлик мактаби яратган тажрибали ижодкор, иқтидорли мунаққид ва кўзга кўринган таржимон. Ўзбек адабиётининг энг долзарб муаммолари таҳлилига бағишланган кўплаб мақола ва тадқиқотлари орасида унинг адабий-танқидий мақолалар ва суҳбатларни ўз ичига олган “Теран томирлар” китоби алоҳида ажралиб туради. У Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети талабалари учун “Таҳрир санъати” ўқув дастурини яратди.
“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 15 йил” кўкрак нишони билан мукофотланган. Жорий йилда эса “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
QALAMPIR.UZ таҳририяти марҳум яқинлари, дўстлари ва қариндошларига ҳамдардлик билдиради.
LiveБарчаси