70 минглик сомса, Президентга янада яқинлашган Умурзоқов, “қора шаҳзода” оёғига борган Байден
Таҳлил
−
17 Июль 2022
18385Низомиддинов лавозимини эгаллаган Умрзоқов, хўрланаётган аёллар, 70 минг сўмлик сомса тортилган фантастик ҳашаматли дастурхон, омади чопган хонандалар, Сердар Бердимуҳамедовниннг Ўзбекистонга ташрифи, касалликлар ҳақидаги шум хабарлар… Ҳафтанинг энг муҳим ва кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган воқеалари билан QALAMPIR.UZ дайжестида танишинг.
70 000 га сомса, 200 000 га қулупнай. Тошкент инвестиция форумида фантастик ҳашаматли дастурхон ёзилган
Жорий йилнинг 24−26 март кунлари ўтказилган Тошкент халқаро инвестиция форумини ташкил этиш учун тахминан 15 млрд сўм (тахминан 1,37 млн доллар) маблағ сарфланган.
Жорий йилнинг март ойида Тошкентда ўтказилган Инвестиция форуми харажатлари одамлар тилига тушди. Нархларни кўрган кўпчилик юрак ховучлаб, ётиб қолди. Тадбирни ўтказиш учун давлат бюджетидан бор-йўғи 1,5 млн долларга яқин пул сарфланган. Биргина "Sky Events" МЧЖга форумни ташкиллаштириш харажатлари учун 7 млрд 264 млн сўм ўтказиб берилган. Таомлар учун 2 млрд 585 млн сўм Akfa Dream World’га, зал ижараси ва таомлар учун худди шу компанияга яна 253 млн сўм ўтказилган.
Ўшанда Тошкент инвестиция форумига бош-қош бўлган Бош вазир ўринбосари – Ташқи савдо ва инвестициялар вазири Сардор Умурзоқов ҳафта охирида Президент Администрация раҳбари лавозимини эгаллади. Бунгача ушбу лавозимда 2018 йилдан буён Зайнилобиддин Низомиддинов ишлаган.
Хонандаларнинг куни туғди
Президент Шавкат Мирзиёев 13 июль куни “Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслардан давлат божини ундириш ҳамда уларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ҳужжат билан Концерт-томоша фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи ижрочиларнинг рейтинг гуруҳлари сони амалдаги 6 тадан 3 тага қисқартирилди. 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб лицензия учун давлат божи ставкалари пасайтирилди.
Аллақачон пенсияга чиққан онахон хонандалар, ногиронлиги бўлган санъаткорлар, талаба-ижрочилар давлат божини тўлашдан озод этилди. Юридик шахс ташкил этган ижодий жамоалардан эса давлат божи ягона лицензия бўйича ундириладиган бўлди.
Шунингдек, энди концерт-томоша фаолиятини лицензия асосида амалга оширувчи жисмоний шахсларга даромад солиғини декларация асосида ёки қатъий белгиланган миқдорда тўлаш ҳуқуқи берилади.
2024 йил 1 январдан бошлаб хонандалардан, 2026 йил 1 январдан бошлаб қолган ижрочилардан даромад солиғи фақат декларация асосида ундирилади. Қизиқ, хонандаларнинг декларацияси қандай юритилади?
Айтайлик, бугун Юлдуз Усмонова Тошкентдаги битта тўйга 2000 долларга, Муниса Ризаева 800, Зиёда 500, Шоҳруҳхон 600 долларга боради. Давлат уларнинг чўнтагидаги пулни қандай санайди?
Президент имзолаган ҳужжат билан анчадан бери бели букилиб, чўккалаб қолган “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси бағрига ҳам шамол тегди. Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобидан 1 миллиард сўмгача маблағни “Ўзбекконцерт” давлат муассасасига ўтказилади.
Тушунмаётганимиз шу. Нимага шунча соҳалар қолиб, яна бундай имтиёзлар хонандаларга берилиши керак? Ё тўйда қўшиқ айтиш кундан кунга оғирлашиб кетяптими? Қизиқ, буёғига уларнинг ҳам тўйга бориш нархи тушармикин? Ё ҳам лагандан, ҳам қозондан ошалашда давом этишадими?
Пластик картадаги пулни нақдлаштириш учун бадал 3 фоизга етди
Одамлар турмушидаги иқтисодий танглик, рўзғорнинг ками, бозорларда нархларнинг ошиб бораётгани етмагандек, тугаётган ҳафтада айрим тижорат банкларида пластик картадаги пулни нақдлаштириш комиссияси 1 фоиздан 3 фоизга етказилган.
Марказий банк бунга изоҳ берди. Қайд этилишича, мамлакатдаги 33 та банкдан 8 таси давлат банклари, қолганлари эса хусусий банклар. Улар хизмат кўрсатиш регламентини мустақил белгилайди. Қайсидир банкда пластик картадаги пулни нақдлаштириш комиссияси 3 фоизга оширилиши бу синов тариқасида ишга туширилган ва ўзини оқламайди.
Пул жигардан бўлган, пул ҳақидаги хабарларни давом эттирамиз. 15 июль куни Ўзбекистонда янги кўринишдаги номинал қиймати 200 000 сўм бўлган банкнот шаклида пул белгилари муомалага чиқарилди. Шунингдек, Олий Мажлис Сенати 1000 сўмлик тангаларни ҳам тасдиқлади. Бироқ, Марказий банк минг сўмлик танга дизайнини тақдим этганича йўқ.
Қорақалпоғистон воқеалари ими-жимида ёпилдими?
Йўқ, ҳозирча бу тахминлар ўзини оқламаяпти. Ҳафта охирида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашининг қўшма мажлиси ўтказилди ва унда 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларни ўрганиш ҳамда улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия тузилди.
Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси вакиллари ва халқ депутатлари, нодавлат нотижорат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ходимлари киритилган. Комиссияга раҳбарлик қилиш Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова зиммасига юклатилди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Давлат департаменти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Европа Иттифоқи Ўзбекистон Ҳукуматнинг фундаментал ҳуқуқларни, жумладан тинч йиғилиш ва фикр билдириш эркинлигини ҳимоя ва ҳурмат қилишга, Қорақалпоғистон воқеаларини мустақил ва шаффоф тергов қилишга чақирган эди.
“Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича расмийларни халқаро нормалар ва илғор тажрибалар асосида тўлиқ, ишончли ва шаффоф тергов ўтказишга чақирамиз”, дейилганди АҚШ давлат департаменти баёнотида.
Қорақалпоғистон воқеаларига сабаб бўлган Конституциянинг 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгармайдиган бўлганди. Аммо, кўпчилик ва Парламент қуйи палатаси раиси Алишер Қодировнинг фикрича, ушбу моддалар ўзгариши керак.
Конституциянинг 3-моддасида “Ўзбекистоннинг давлат чегараси ва ҳудуди дахлсиз ва бўлинмасдир”, деб қайд этилган. Бироқ, 70-моддада “Суверен Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради”, деб ёзилган. Қандай қилиб битта суверен мамлакат ичида иккинчи суверен республика бўлиши мумкин? Ахир Ўзбекистон федерация эмас-ку.
Қодиров ҳам бу ҳақида ёзаркан, шундай дейди:
“Кўп ватандошлар савол бераяпти: Конституциянинг 3-моддасида Ўзбекистон ҳудуди бўлинмасдир, деб ёзилган, унда нега Конституциянинг бошқа моддаси Ўзбекистон ҳудудини бўлишга ҳуқуқ беради? Ёки, суверен давлатнинг ичида яна суверен давлат бўлиши мумкинми? Кўпчилик бу ҳуқуқий қарама-қаршиликни тузатишни талаб қилмоқда”.
Қодировнинг айтганларидан тушунилса, Конституциянинг 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгартирилмаслиги ҳақидаги фикрлар ҳали тугал тўхтам эмас.
Дарвоқеа, Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси муҳокамаси муддати 15 июлдан 1 августга қадар узайтирилди. Демак, ҳали таклиф билдиришга, муҳокама қилишга вақтингиз ҳам, ҳаққингиз ҳам бор.
Президент Байден биринчи марта Яқин Шарққа сафар қилди
АҚШ Президенти Жо Байден 13-15 июль кунлари Исроил, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ва Саудия Арабистонига биринчи тарихий ташрифни амалга оширди.
У ташриф доирасида дунё оммасига ва сиёсий элиталарга кўплаб месежлар берди. Унинг таъкидлашича, АҚШ Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймайди ва Теҳронни тўхтатиш учун куч ишлатишга тайёр. Фақат бу охирги чора сифатида қўлланилади.
Шунингдек, Қўшма Штатлар Эрон ҳукуматига Эрон ядровий дастури бўйича Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси доирасида нималарга рози бўлишга тайёрлигини тушунтирди, аммо уларнинг қарорини абадий кутиш ниятида эмас.
Шунингдек, Байден Исроил ва Фаластин ўртасида Яқин Шарқдаги можарони икки давлат тамойили асосида ҳал этиш асосида мустаҳкам тинчлик ўрнатиш йўлида ҳаракат қилиш тарафдори эканини айтди.
15 июль куни АҚШ Президент самолёти биринчи марта Исроилдан Жидда (Саудия Арабистони)га келди.
Байден ва қирол Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва “қора шаҳзода” валиаҳд Муҳаммад бин Салмон билан учрашиб, музоралар ўтказган.
Байденга кўра, Саудия Арабистони жаҳон иқтисодиёти ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида жаҳон нефть бозорида мувозанатни сақлаш мажбуриятини олган.
Истанбулда дунёни очлик ва қимматчиликдан қутқарадиган йиғилиш бўлиб ўтди
Унда Россия Федерацияси, Туркия, Украина ҳарбий делегациялари ҳамда БМТ вакиллари иштирок этди. Масала эса Украина буғдойини Қора денгиз орқали жаҳон бозорига олиб чиқиш. Бунда эса Россия ва Украинанинг тил топишиши қийин бўляпти. Тўғрироғи, ҳар икки давлат кўрпани ўзи тарафга тортяпти.
Туркия музокараларда Қора денгиздаги миналардан тозалаш жараёнининг кафолати сифатида ҳаракат қилиш ниятида, бу музокараларнинг асосий мақсади – дон экспорти учун хавфсиз йўлакларни шакллантириш ва тегишли мувофиқлаштириш марказини яратишга эришиш. Ва музокаралар якунида мақсадга эришилган. Портдан чиқишда ва келиш пунктларида қўшма назорат ҳамда хавфсизлигини таъминлаш каби асосий техник масалалар келишиб олинган.
Йиғилиш якунида Украина ва Россия делегацияларининг келгуси ҳафта Туркияда яна учрашишига қарор қилинди.
Арқадағнинг арзандаси Сердар Бердимуҳамедов Ўзбекистонга келди
Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов 14-15 июль куни давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди. Уни аэропортда Бош вазир Абдулла Арипов ва Тошкентнинг яккаю ягона ҳокими Ортиқхўжаев кутиб олди.
Икки давлат раҳбарлари учрашувидан сўнг, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг тегишли идоралари ўртасида 19 та ҳужжат имзоланди.
15 июль куни Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди.
Сирдарёда Сибирь ярасига чалиниш ҳолати аниқланди
Қайд этилишича, халқаро касалликлар классификацияси бўйича А-22 касаллиги (Сибирь яраси) Сардоба туман “Зомин” МФЙ Ховотоғ аҳоли яшаш пунктида яшовчи фуқаро Б.А.да аниқланган.
Ушбу касаллик одамдан одамга юқмаслиги билан ажралиб туради. Касаллик фақат йирик ва майда шохли қорамолларни сўйиш жараёнида ҳамда хом гўшт билан мулоқот жараёнида одамга юқади.
Коронавирус ва маймун чечаги етмагандек, Хитой ва Афғонистонда вабо аниқланди
11 июль куни Хитойлик эпидемиологлар Ухань университетида бир одам вабо касаллигига чалингани ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади. Беморнинг асосий белгилари ич кетиши ва иситма.
Афғонистоннинг икки вилоятида бир суткада 40 киши вабо касаллигидан вафот этди. 10 июль куни 120 дан ортиқ одам вабо билан касалланган. Қурбонлар орасида 15 нафар болалар ҳам бор.
Дарвоқе, коронавирус касаллиги ҳам биринчи марта Хитойнинг Ухань провинциясида аниқланганди. Нима ҳам дердик, охири бахайр бўлсин.
Самарқандда боғча мудираси методистнинг бошини бокал билан уриб, ёрди
Қўшработ туманидаги мактабгача таълим муассасаларидан бирида мудира ҳамда шу муассаса методисти ўртасидаги келишмовчилик ортидан жанжал юзага келган. Мудира методистнинг боши қисмига бокал билан уриб, тан жароҳати етказган. Ҳолат юзасидан Жиноят иши қўзғатилган.
Зангиотада 38 ёшли эркак 14 яшар қизни 8 ой зўрлаб келгани айтилди
Зангиота туманида 38 ёшли эркак 14 яшар қизни 8 ой давомида зўрлаб келгани ва агар қиз буни кимгадир айтса ўлдириш билан қўрқитиб келгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 8 июль куни Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида 1998-2004 йиллар орасида туғилган 4 нафар фуқаролар Интернет тармоқлари орқали жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тарқатиш билан боғлиқ жиноятни содир этгани аниқланди
Тўпланган материаллар асосида мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қашқадарёда келинни боғлаб калтаклаганлардан бири қамалди
9 июль куни Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани “Янгиҳаёт” МФЙда яшовчи Ю.Э, Ю.Б, Ю.Р ва Ю.Х. келин Қ.М фуқаро Ю.Х. билан ишқий муносабатда бўлиб юрганлигидан ғазабланиб, уни оёқ-қўлини боғлаб, сочини кесиб ташлаб, танасининг дуч келган соҳаларига қўл-оёқлари ва қамчи билан муттасил равишда уриб, қийнаб, жисмоний азоб бериб, тан жароҳати етказишган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Журналист Рухсора Каримова ЙТҲда ҳалок бўлди
Навоий вилояти телерадиокомпанияси журналисти Рухсора Каримова Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда унинг ҳамкасблари Facebook саҳифасида ёзиб қолдирган.
Маълум қилинишича, 37 ёшли Рухсора Каримова иш билан Тошкентга келаётган вақтида ЙТҲга учраган.
LiveБарчаси