QALAMPIR.UZ дайжести: Кўриниш берган Умаров, ойлиги кўтарилаётган ўқитувчилар, кулгига қолган Байден

Жамият

image

Бугун, 2 ноябрь қандай муҳим воқеалар билан якун топмоқда? Ўзбекистон ва халқаро майдонда қандай воқеа-ҳодисалар юз берди? Бугуннинг муҳим воқеалари билан қисқа сатрларда танишинг.

Жамият 

Ўзбекистонда моддий маданий мерос объектларига зарар етказганлик учун жазо кучайтирилади

Ўзбекистонда моддий маданий мерос объектларига зарар етказганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Кеча, 1 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида “Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

“Инсон ҳаётини қайтариб бўлмаганидек, моддий маданий объектларга ҳам зарар етказилдими, уни асл ҳолида тиклаб бўлмайди. Айрим виждонсизлар олдида бу борадаги қонунларимиз ҳам қизил чироқ ёқа олмаяпти. Шу боис, жазо чоралари кескин кучайтирилиши лозим”, дейди фракция раҳбари Алишер Қодиров.

Ўзбекистоннинг хорижга автомобиль экспорти кескин кўпайди

2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистон хорижий давлатларга қиймати 242,5 млн АҚШ долларига тенг бўлган 25 171 та енгил автомобиль экспорт қилган. 

Енгил автомобиль экспорти ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 14 036 тага ошган.

ТИВ АҚШга боришни режалаштирган Ўзбекистон фуқароларини огоҳлантирди 

АҚШга боришни режалаштирган Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга кириш учун қўйилган талаблардан хабардор бўлиши керак, деб огоҳлантирмоқда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 8 ноябридан бошлаб АҚШга кирувчи хорижий мамлакатлар фуқаролари АҚШга жўнаб кетаётган самолётга чиқишларидан олдин COVID-19 га қарши тўлиқ эмланганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этишлари шарт.

Шунингдек, АҚШнинг Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази томонидан тасдиқланган ёки рухсат этилган, шунингдек, ЖССТ томонидан фавқулодда вазиятларда фойдаланиш учун рўйхатга олинган вакциналар Қўшма Штатларга кириш учун мақбул деб ҳисобланади.

Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва шифокорлар ойлигини ошириш учун қўшимча маблағ ажратилишини айтди

Муаллим ва шифокорларнинг ойлик иш ҳақини босқичма-босқич ошириш учун қўшимча маблағ йўналтирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йил учун солиқ тушумлари ҳамда бюджет параметрлари юзасидан ўтказилган йиғилишда шундай таклиф берди.

Ўқитувчи ва шифокорларнинг ойлик иш ҳақини босқичма-босқич ошириш учун 2022 йилда давлат бюджетидан 350 млрд сўм ажратилади.

Шунингдек, келгуси йилга мўлжалланган давлат бюджети лойиҳасида, ижтимоий йўналишларга, хусусан, таълим ва тиббиёт тизимига 58 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган.

“Тоқтогул” сув омборининг сув саҳти “ўлик чегара”гача тушиши мумкин

Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида Ўзбекистон билан чегара яқинидаги “Тоқтогул” сув омборида сув ҳажми камайиб бормоқда. Бу ҳақда Марказий Осиё Бирлашган энергетика тизими Электр энергетикаси мувофиқлаштирувчи кенгаши йиғилишида айтиб ўтилди. 

Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Мувофиқлаштирувчи комиссиянинг навбатдаги йиғилишида энергия ресурслари танқислиги ва унинг таннархи кескин ошиб бораётгани, шу билан бирга, дунё ва минтақада сув танқислиги туфайли кузатилаётган энергетика инқирози муҳокама этилди.

Интерпол террорчиликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган ўзбекистонликни БААда қўлга олди

15 йил аввал қидирувга берилган Ўзбекистон фуқароси Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида қўлга олинди.

Интерполнинг Ўзбекистондаги бюроси томонидан халқаро қидирувда бўлган шахс БАА Интерпол ММБ ходимлари билан ҳамкорликдаги тезкор қидирув тадбири натижасида қўлга олинган. Ушбу шахс 1972 й.т. Ўзбекистон фуқароси С.M. бўлиб, у Ўзбекистон Жиноят кодексининг 155, 161, 242 ва 244-моддаларида (терроризм, қўпорувчилик, жиноий уюшма ташкил этиш, оммавий тартибсизликлар) назарда тутилган оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этгани учун 2006 йилдан бери халқаро қидирувда бўлган.

Ташқи кучлар Ўзбекистон Президенти сайловига таъсир ўтказишга уринганми?

Сайловга четдан таъсир бўлиш ҳолатларига деярли барча давлатлар дуч келади. Бироқ, Ўзбекистоннинг ички ишларига тўғридан-тўғри аралашиш ҳолатлари сезилмади.

ТИВ раҳбари Комилов Ўзбекистон ўзининг мустақил сайловларга бўлган суверен ҳуқуқини қандай ҳимоя қилиши ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб қайтарди:

“Савол ҳаммага маълум ва жуда долзарб. Менимча, сиз айтаётган нарсага шундай йирик сиёсий тадбирлар ўтказаётган деярли барча давлатлар дуч келади. Биз ички ишларга аралашиш учун бундай очиқ-ойдин уринишларни сезмаяпмиз. Лекин, табиийки, Ўзбекистоннинг ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларига оид кўплаб таклиф ва тавсиялар келиб тушмоқда. Биз уларни диққат билан ўрганамиз ва эътиборга оламиз”.

Олой, Қўйлиқ, Ўрикзор, Чорсу... 61 та бозордаги давлат улуши сотилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Бозор ва савдо комплекслари бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда улардаги давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор лойиҳасининг:

1-иловасига мувофиқ, устав капиталидаги давлат акция пакетлари (улушлари) биринчи босқичда эксперимент тариқасида “ҳаммаси бир жойда” тамойили асосида замонавий кўринишга келтириш шарти билан белгиланган тартибда сотиладиган бозор ва савдо комплекслари рўйхати;

2-иловасига мувофиқ, қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиладиган фаолият кўрсатмаётган бозор ва савдо комплекслари рўйхати тасдиқланади.

Бунда, бозор ва савдо комплексларидаги давлат улушларини сотиш шартлари ва усуллари Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси  қарорига асосан белгиланади.

Улар учун Ўзбекистонда ҳеч қандай хавф йўқ – Комилов мухолифатчилар ҳақида

Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан ўзини мухолифатчи деб ҳисоблайдиганлар гуруҳининг асосий қисми турли сабабларга кўра Ўзбекистонни тарк этган. Аммо уларга мамлакатда ҳеч қандай хавф йўқ.

Тадбирда журналистлардан бири Комиловдан тизимли бўлмаган мухолифат, унинг етакчилари, асосан, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида қўним топгани ҳақида сўраган.  

“Ўзини мухолифатчи деб ҳисоблайдиганлар гуруҳи ҳақида гапирганда, уларнинг асосий қисми бугун хорижда эканини тўғри таъкидладингиз. Улар турли сабабларга кўра Ўзбекистонни тарк этган: сиёсий, шахсий сабаблар. Аммо шунга қарамай, кўпчилик ўзини мухолифатчи сифатида кўрсатишга ҳаракат қилади. Эҳтимол, бу уларга маълум бир мақом, қандайдир ёрдам, шу жумладан молиявий ёрдам олиш имкониятини беради”, деган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов. 

Ҳар бир ҳудудда “Янги Ўзбекистон массивлари” қурилади. Президент уй-жой таъминоти бўйича йиғилиш ўтказяпти

Бугун, 2 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини сифатли уй-жой билан таъминлаш, “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш, шаҳарлар, туман марказлари ҳамда аҳоли пунктларида экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Йиғилиш аввалида давлатимиз раҳбари “Инсон қадри учун” тамойили асосида келгуси беш йилдаги барча ислоҳотлар аҳолига муносиб турмуш шароити яратишга қаратилишини таъкидлади.

Ургутда она ва унинг икки боласи заҳарланиб ўлгани бўйича жиноят иши очилди

Ургутда аёл ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди ис газидан вафот этганлиги ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олам

“Толибон” Туркманистонга ваъда берди

Афғонистон куч тузилмаларининг янги раҳбарияти Туркманистон-Афғонистон чегараси хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қўшма иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга ваъда берди. 

“2021 йилнинг 30-31 октябрь кунлари Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари — Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов бошчилигидаги Туркманистон делегацияси амалий ташриф билан Афғонистонда бўлди”, дейилган хабарда. 

Жорий йилда Ўзбекистон Россиядан қандай қуроллар сотиб олгани айтилди

Россия жорий йилда Ўзбекистонга ҳарбий маҳсулотлар, жумладан, самолётлар ва ракета тизимлари етказиб берди. Шунингдек, Қозоғистонга ҳам юқоридаги техникалар етказилди. 

“Масалан, 2021 йилда Қозоғистон ва Ўзбекистонга Су-30СМ самолётлари, Ми-35М вертолётлари, “Бук-М2Э” зенит-ракета комплекслари, БТР-80 ва БТР-82А зирҳли транспортёрларини етказиб бердик. Шунингдек, ушбу мамлакатларга “Орлан-10Е” кўп функцияли комплекслари, “Тайфун-К” енгил зирҳли автомашиналари, ўқотар қуроллар етказиб берилди”, деган Ҳарбий-техник ҳамкорлик федерал хизмати директори Дмитрий Шугаев. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон армияси “спецназ”и қўшма машғулот ўтказмоқда

Қозоғистон ва Ўзбекистон Қуролли Кучлари махсус бўлинмаларининг “Қалқон-2021” қўшма тактик-махсус ўқув машғулотлари бошланди. Машғулотлар Қозоғистон Гвардия гарнизонида ўтказилмоқда.

Қозоғистондан 250 га яқин ҳарбий хизматчилар, 40 дан ортиқ зирҳли ва автомобил техникаси, ўнта авиация техникаси, жумладан, учувчисиз учиш аппаратлари иштирок этмоқда.

“Уйқучи Жо”. Трамп яна Байденнинг устидан кулди

АҚШ Президенти Жо Байден Глазгода (Шотландия) бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчиларининг 26-конференциясида ухлаб қолиб, бу тадбирга ўзининг қизиқиши йўқлигини кўрсатди. Бу фикрни АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп билдирди.  

“Байден глобал исиш унинг энг муҳим вазифаси эканлигини айтиб, Европага учиб кетди ва кейин конференциянинг ўзида, “бутун дунё кўз ўнгида” тезда ухлаб қолди. Мунозара мавзусига ҳақиқий иштиёқи ва ишончи бўлган одам ҳеч қачон ухламас эди”, деган сиёсатчи кенг тарқалган баёнотида. 

Инсоният ўзига қабр қазимоқда – Гутерриш

Сўнгги олти йил Ерда рекорд даражадаги энг иссиқ йиллар бўлди ва ҳатто иссиқхона газларига қарши курашиш бўйича барча ваъдаларни бажариш ҳам келгуси ўн йилликларда сайёра ҳароратини яна 2 даражадан кўпроқ ошишига олиб келади. 

“Париж келишувларидан кейинги ўтган олти йилда ҳаво ҳарорати рекорд даражада юқори бўлди. Бизнинг қазиб олинадиган ёқилғига қарамлигимиз инсониятни тубсизликка итармоқда. Икки танлов орасида турипмиз ёки уларни биз тўхтатамиз ёки улар бизни. Биз ўзимизни ўзимиз углерод билан ўлдиряпмиз. Ерни қазишни, ёқишни тўхтатиш керак. Бу билан дунё ўзига қабр қазияпти”, дейди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш. 

Қобулдаги ҳарбий шифохонада портлаш юз берди

Бугун, 2 ноябрь куни Афғонистон пойтахти Қобулда иккита портлаш содир бўлди. Дастлаб шаҳардаги марказий шифохонада, кейинчалик эса шифохона яқинида бомба портлатилган. Террорчилик ҳужуми оқибатида ҳозиргача 15 киши ҳалок бўлди, 34 киши жароҳатланди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар берди.

Қайд этилишича, номаълум террорчилар ва “Толибон” ҳаракати жангарилари ўртасида тўқнашувлар юз берган. 

АҚШ Афғонистонда қолдириб кетган ҳарбий техника бутун дунё учун катта муаммолиги айтилди

Афғонистонда ташлаб кетилган Америка қуроллари ноқонуний бозорга кириб, бутун дунё учун муаммога айланиши мумкин. Бу ҳақда Россия Федерацияси Ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича Федерал хизмати раҳбари Дмитрий Шугаев РБКга берган интервьюсида айтиб ўтди. 

“Америкаликларнинг ақлдан оздирадиган миқдорда қурол ва ҳарбий техникани ташлаб кетгани нафақат Афғонистон учун, балки бутун дунё учун катта муаммога айланди. Жумладан, Афғонистон ҳудудида турли халқаро террорчилик ташкилотлари фаолият юритмоқда ва ушбу қуроллар уларнинг қўлига тушиши истисно қилинмаган, агар, аллақачон, тушмаган бўлса”, дейди Шугаев.

Спорт 

Аргентинада ўйин пайти мураббийга ўқ узилди

Аргентина 3-дивизионида “Ферро де Пико” клуби бош мураббийи Маурисио Ромеро жамоасининг “Лас Эрас де Мендоса”га (1:3) қарши ўйинида ўққа тутилди. 

1:3 ҳисоби қайд этилаётган баҳснинг 79-дақиқасида Ромеронинг елкасига ўқ тегди. Унга тез тиббий ёрдам кўрсатилди ва ҳозир ҳаётига хавф йўқ.

Ўқ отилишидан сўнг жамоалар ва ҳакамлар майдонни тарк этишди. Ҳозирча ҳужум қилган шахс ҳақида маълумот берилмаган.

Яна бир ўзбекистонлик боксчи ЖЧдаги иштирокини якунлади

Белград шаҳрида бокс бўйича Жаҳон чемпионатининг саккизинчи кун баҳслари давом этмоқда.

Бугун, 2 ноябрь куни ўзбекистонлик 4 нафар боксчи ўз баҳсини ўтказиши лозим эди. Ҳозиргина уларнинг энг сўнггиси ўз иштирокини якунлади.

Унда -80 кг вазн тоифасидаги ўзбекистонлик боксчи Одилжон Аслонов Жаҳон чемпионати нимчорак финалида АҚШ вакили Робби Гонсалесга қарши рингга кўтарилди. Муросасиз ва қизиқарли кечган жангда Аслонов 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб, чемпионатни боши эгик ҳолда тарк этди.

Отабек Умаров халқаро форумда кўриниш берди

Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров бугун, 2 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “Hilton” меҳмонхонасида МДҲ, Болтиқбўйи ва Грузия давлатлари Олимпия қўмиталари иштирокида минтақавий форумнинг ялпи мажлисида иштирок этди.

QALAMPIR.UZ мухбирининг хабар беришича, у мажлисда Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов билан бирга кўриниш берган ва тахминан 30 дақиқа давомида анжуманда иштирок этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

98

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг