Интерпол террорчиликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган ўзбекистонликни БААда қўлга олди
Жамият
−
02 Ноябрь 2021
707015 йил аввал қидирувга берилган Ўзбекистон фуқароси Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида қўлга олинди. Бу ҳақда Интерполнинг Ўзбекистондаги миллий марказий бюроси хабар берди.
Интерполнинг Ўзбекистондаги бюроси томонидан халқаро қидирувда бўлган шахс БАА Интерпол ММБ ходимлари билан ҳамкорликдаги тезкор қидирув тадбири натижасида қўлга олинган. Ушбу шахс 1972 й.т. Ўзбекистон фуқароси С.M. бўлиб, у Ўзбекистон Жиноят кодексининг 155, 161, 242 ва 244-моддаларида (терроризм, қўпорувчилик, жиноий уюшма ташкил этиш, оммавий тартибсизликлар) назарда тутилган оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этгани учун 2006 йилдан бери халқаро қидирувда бўлган.
Даставвал, олинган материаллар асосида ушбу шахснинг тахминий жойлашуви ҳақидаги маълумот Интерполнинг Бош Котибиятига юборилган. Фуқаро С.M. 2006 йилдан бошлаб АҚШ ҳудудида яшириниб юргани аниқланган. Бироқ 2021 йилнинг сентябрь ойида Вашингтон ММБ томонидан фуқаро С.M. АҚШ ҳудудуни тарк этгани тўғрисида маълумот келиб тушган.
Ўзбекистон ММБ Интерполи ва БАА Абу-Даби Интерполи ходимларининг ҳамкорликдаги тезкор қидирув тадбири натижасида фуқаро С.M. Абу-Дабига етиб келган кунидан беш кун ўтиб қўлга олинган ва ҳозирда уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш чоралари кўрилмоқда.
Аввалроқ, халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Кореяда қўлга олингани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси