Улар учун Ўзбекистонда ҳеч қандай хавф йўқ – Комилов мухолифатчилар ҳақида

Жамият 7515
image

Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан ўзини мухолифатчи деб ҳисоблайдиганлар гуруҳининг асосий қисми турли сабабларга кўра Ўзбекистонни тарк этган. Аммо уларга мамлакатда ҳеч қандай хавф йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.  

Тадбирда журналистлардан бири Комиловдан тизимли бўлмаган мухолифат, унинг етакчилари, асосан, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида қўним топгани ҳақида сўраган.  

“Ўзини мухолифатчи деб ҳисоблайдиганлар гуруҳи ҳақида гапирганда, уларнинг асосий қисми бугун хорижда эканини тўғри таъкидладингиз. Улар турли сабабларга кўра Ўзбекистонни тарк этган: сиёсий, шахсий сабаблар. Аммо шунга қарамай, кўпчилик ўзини мухолифатчи сифатида кўрсатишга ҳаракат қилади. Эҳтимол, бу уларга маълум бир мақом, қандайдир ёрдам, шу жумладан молиявий ёрдам олиш имкониятини беради”, деган Комилов. 

Ташқи ишлар вазири ўзини мухолифатчи деб ҳисоблайдиганлардан мактублар келиши ҳақида ҳам гапирган. 

“Баъзан бундай вакиллардан мактублар келади, бугунги кунда Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиши борасида нима қилиш мумкинлиги бўйича хайрихоҳликдаги хабарлар келади. Бироқ, кўп ҳолларда Ўзбекистонга нисбатан конструктив танқидлар бўлмайди. Ўйлайманки, бу мухолифат кайфияти эмас, балки Ўзбекистондан узоқда бўлганларнинг муайян шароитларда ўз шахсиятининг аҳамиятини кўрсатиш истаги билан боғлиқ”, деган у. 

Таъкидланишича, бундай кишилар, қайтиб, Ватанга хизмат қилишни истаса, ҳукумат уларни қўллаб-қувватлайди. 

“Давлатимиз раҳбарининг маърузаларида уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглашга, агар улар қайтиб, Ватанга хизмат қилишни истаса, қўллаб-қувватлашга тайёр эканимиз қайта-қайта таъкидланди. Бу улар учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Шу боис, бу тизимдан ташқари, тасодифий, тарқоқ, шахсларнинг мухолифати, деб айтаман. Кўп ҳолларда улар бир-бири билан унчалик боғлиқ эмас, улар ўртасида хорижий мухолифат олимпида биринчи ўринларни эгаллаш учун рақобат мавжуд”, деган Комилов.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 265
Рейтинг: 3
t
×