Ўзбекистонда оммавий тадбирларда хавфсизлик хизмати пулли бўлиши мумкин
Ўзбекистон
−
14:32 110 3 дақиқа
Ўзбекистонда оммавий тадбирларда хавфсизлик хизматлари учун ташкилотчилардан ҳақ ундириш таклиф этилмоқда. Шунингдек, тадбирларда дронлардан фойдаланиш, электрон чипта савдосини жорий этиш ва одамларни бепул ёки арзон маҳсулотлар тарқатиш орқали жалб қилишни тақиқлаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 18 ноябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий тадбирларни ўтказиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойихасида сўз боради.
Лойиҳага кўра, оммавий тадбирларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва соғлиқни сақлаш органлари хизматлари пулли асосда кўрсатилади. Бунинг учун тадбир ташкилотчиси тегишли идоралар билан мажбурий шартнома тузиши керак бўлади. Шартнома рухсатнома олингандан кейин, тадбир бошланишига камида 10 иш куни қолганда расмийлаштирилиши лозим.
Хизматлар қиймати ҳам алоҳида тартибда ҳисобланади. Жумладан, бир киши-соат учун тўлов базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 фоизи – ҳозирда 30 800 сўм этиб белгиланмоқда. Шартноманинг умумий қиймати эса бир киши-соат қийматининг 50 фоизи, яъни 15 400 сўмни тадбирга жалб этиладиган ходимлар ёки ҳарбий хизматчилар сонига ва тадбир давом этадиган соатлар миқдорига кўпайтириш орқали аниқланади.
Бироқ барча тадбирлар учун бундай тўлов жорий этилмайди. Президент, Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси ва Ҳукумат ҳужжатлари асосида ўтказиладиган айрим тадбирлар, кўчма цирклар – шапито ва дорбозлар томошалари ҳамда сайловолди ташвиқоти тадбирлари учун ҳақ ундирилмайди.
Тадбирларда дронлардан фойдаланилади
Ҳужжатда оммавий тадбирларда одамлар оқимини назорат қилишнинг рақамли усулларини жорий этиш ҳам кўзда тутилган. Бунинг учун учувчисиз учиш аппаратлари – дронлардан фойдаланиш таклиф этилмоқда. Улар орқали иштирокчилар оқимини узлуксиз кузатиш, одамлар сонини ҳисоблаш ва тиғизлик сабаб юзага келиши мумкин бўлган хавфларни олдиндан аниқлаш режалаштирилган.
Тадбир қоидаларини бузган шахсларга нисбатан ҳам янги чора қўлланилиши мумкин. Хусусан, суд қарори билан уларнинг оммавий тадбирларга кириши вақтинча чекланади. 2027 йилдан бошлаб Ички ишлар вазирлиги “Хавфсиз шаҳар” платформасига интеграция қилинган e-ommaviy tadbir модули орқали бундай шахсларнинг электрон ҳисобини юритиши белгиланмоқда.
Чипталар фақат электрон шаклда сотилиши мумкин
Қарор лойиҳасида маданий, кўнгилочар-томоша ва спорт тадбирларига чипталарни электрон шаклда сотиш таклиф қилинган. Бу орқали чипталарни белгиланган нархдан қимматга қайта сотиш, қалбакилаштириш ва коррупциянинг олдини олиш мақсад қилинган. Очиқ майдонлар ва сайилгоҳларда ўтказиладиган тадбирлар бундан мустасно.
Шунингдек, ташкилотчиларга рухсатнома олмасдан туриб тадбир ҳақида ОАВ ва интернетда эълон бериш, реклама тарқатиш ҳамда чипта сотиш тақиқланиши кўзда тутилган.
Лойиҳада одамларни реклама ёки акция баҳонасида тадбирларга жалб қилиш усулларига ҳам чеклов қўйилмоқда. Энди озиқ-овқат ва буюмларни бепул тарқатиш ёки ҳаддан ташқари арзон нархда сотиш орқали оммавий тадбирларга одам йиғишга йўл қўйилмаслиги мумкин.
Янги қоидаларда оммавий тадбир тушунчасига ҳам аниқлик киритилган. Унга кўра, 100 ва ундан ортиқ киши иштирок этадиган тадбирлар оммавий тадбир ҳисобланади. Митинг ва намойишлар, шунингдек, тўй ва оилавий маросимлар бундан мустасно. Доимий ўриндиқлари бўлмаган очиқ майдонларда иштирокчилар сони ҳар бир квадрат метр фойдали майдонга кўпи билан бир киши тўғри келиши мезони асосида ҳисобланади.
Бундан ташқари, тадбир ўтказиладиган объектнинг ўзида ва ундан 500 метр радиусдаги ҳудудда алкоголь маҳсулотлари савдоси тадбир бошланишидан камида икки соат олдин ҳамда тадбир давомида тўхтатилади. Объектлардаги видеокузатув ёзувлари эса камида 30 сутка сақланиши шарт бўлади.
Live
БарчасиТрамп Хитойга етиб борди
14:12