Ташқи кучлар Ўзбекистон Президенти сайловига таъсир ўтказишга уринганми?

Жамият

image
0:00
0:00
download

Сайловга четдан таъсир бўлиш ҳолатларига деярли барча давлатлар дуч келади. Бироқ, Ўзбекистоннинг ички ишларига тўғридан-тўғри аралашиш ҳолатлари сезилмади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов сайловга қадар ташкил қилинган хорижий журналистлар билан суҳбатда маълум қилди

Жорий йилнинг 22 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Россиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ўтказилди. Унда сўз олган Россиянинг “Первый канал” телеканалидан Б.Шишкин қуйидаги савол билан вазирга юзланди:

“Саволим бўлажак сайловлар билан боғлиқ. Кўриниб турибдики, Президент сайлови Ўзбекистон Республикаси учун асосий воқеадир. Лекин бу, албатта, қўшни давлатлар учун ҳам муҳим. Шу муносабат билан сайловнинг натижасига ташқаридан таъсир ўтказишга уринишлар борми? Агар шундай бўлса, қайси давлатлардан? Ва улар қандай воситадан фойдаланмоқчи? Ўзбекистон ўзининг мустақил сайловларга бўлган суверен ҳуқуқини қандай ҳимоя қилади?”.

ТИВ раҳбари Комилов ушбу саволга қуйидагича жавоб қайтарди:

“Савол ҳаммага маълум ва жуда долзарб. Менимча, сиз айтаётган нарсага шундай йирик сиёсий тадбирлар ўтказаётган деярли барча давлатлар дуч келади. Биз ички ишларга аралашиш учун бундай очиқ-ойдин уринишларни сезмаяпмиз. Лекин, табиийки, Ўзбекистоннинг ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларига оид кўплаб таклиф ва тавсиялар келиб тушмоқда. Биз уларни диққат билан ўрганамиз ва эътиборга оламиз”.

Шу билан бирга вазир Ўзбекистонда Президент сайловига жиддий тайёргарлик кўрилганини урғулаган. 

“Эслатиб ўтиш керакки, Президент сайловига тайёргарлик кеча бошлангани йўқ. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги доирасида бу борада ҳам фикр алмашдик. [МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг] сўнгги йиғилишида сайловчиларнинг суверен ҳуқуқи ва умуман сайлов тизими тўғрисида ҳужжат қабул қилинди. Биз буни қўллаб-қувватлаймиз. 

Биз ўз суверенитетимизни қатъий ҳимоя қиламиз, аралашмаслик тамойилига амал қиламиз ва тадбир (сайлов назарда тутилган – таҳр.) муносабати билан ҳеч қандай диктатурага йўл қўймаймиз. Ваҳоланки, Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг бир қисмидир. Бўлажак сайловлар муносабати билан биз миллий манфаатларимиз ва давлат суверенитетини устувор, деб ҳисоблаган ҳолда халқаро ҳамкорликни олиб борамиз”, дейди Комилов.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 октябрь куни ўтказилган Ўзбекистон Президенти сайловининг натижаларига кўра, ЎзЛиДеп номзоди Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. 

Маълумот учун, сайловда иштирок этган номзодлар қуйидагича овоз тўплади:

•  Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимов – 3,4 фоиз;

•  Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Нарзулло Наимович Обломурадов – 4,1 фоиз;

•  Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Алишер Келдиевич Қодиров – 5,5 фоиз;

•  Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Мақсуда Азизовна Варисова – 6,6 фоиз;

•  Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Миромонович Мирзиёев – 80,1 фоиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

79

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг