Ўзбекистонда моддий маданий мерос объектларига зарар етказганлик учун жазо кучайтирилади

Жамият

image

Ўзбекистонда моддий маданий мерос объектларига зарар етказганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Кеча, 1 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида “Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.

“Инсон ҳаётини қайтариб бўлмаганидек, моддий маданий объектларга ҳам зарар етказилдими, уни асл ҳолида тиклаб бўлмайди. Айрим виждонсизлар олдида бу борадаги қонунларимиз ҳам қизил чироқ ёқа олмаяпти. Шу боис, жазо чоралари кескин кучайтирилиши лозим”, дейди фракция раҳбари Алишер Қодиров.

Қайд этилишича, Бош прокуратура томонидан мамлакат бўйича сўнгги уч йилда 320 та моддий маданий мерос объектида амалга оширилган таъмирлаш-тиклаш ишлари ҳужжатлари ўрганилган ва кўплаб қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган. Жумладан, биргина Ситораи Моҳи Хосса тарихий мажмуасида реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани натижасида унинг бадиий безаклари, нақш, кошинлари нобуд қилиниб, тарихий ва бадиий қийматига жами 28 млрд сўмлик зарар етказилган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Маданий мерос департаменти Илмий экспертлик кенгашининг рухсатисиз маданий мерос объектларида бирон-бир реставрация ёки таъмирлаш ишларини амалга ошириш мумкин эмас. Лекин экспертлар кенгаши рухсатисиз 14 та объектда жами 12 млрд 454,9 млн. сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилган.

Айрим шахслар томонидан, ҳатто мансабдорлар рухсати билан минг йиллик тарихга эга обидаларга тиклаб бўлмас даражада зарар етказилган. Амалдаги Жиноят кодекси 132-моддасига кўра, бу ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар тоифасига киради ва ушбу модда билан 2017-2021 йилларда жами 14 та жиноят иши қўзғатилган.

“Қонун лойиҳасида моддий маданий мерос объектларига зарар етказган шахсларга нисбатан жазо чоралари янада кучайтирилмоқда. Шунингдек, мансабдор шахслар иштирокида содир этилаётган бундай жиноятларни тергов қилиш ваколатини прокуратура органлари терговчиларига ўтказиш таклиф қилинмоқда. Чунки таҳлилларга кўра, Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2017-2021 йилларда ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича киритилган 486 та кўрсатма ва тақдимномаларнинг 179 таси бажарилмаган”, дейилади қуйи палата хабарида.

Лойиҳада соҳада давлат назоратини тўлиқ таъминлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларининг бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма ёки тақдимномаларини бажармаганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда. Хусусан, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача, бир йил давомида такрор содир этилса, етти бараваригача миқдорда жарима солиниши назарда тутилган.

Депутатлар ушбу қонун лойиҳасини партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, бир овоздан маъқуллаган.


Мақола муаллифи

Теглар

маданий мерос

Баҳолаганлар

7

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг