Андижонда турар жой мажмуаси остидан тарихий обида топилгани ростми?
Жамият
−
20 Май 2023
16313Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳри ҳудудида қурилаётган турар жой мажмуаларидан бирининг котлаван қисми ковланаётганда тарихий обида чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги муносабат билдирди.
Айтилишича, агентликнинг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси мутахассислари ўрганиши давомида Андижон шаҳри А.Фитрат кўчаси 236-уйда жойлашган манзилда тадбиркор томонидан тегишли лойиҳа асосида кўпқаватли бино пойдеворини қуриш учун мўлжалланган тупроқдаги қазиш ишлари олиб борилаётганда одам суяклари топилгани маълум бўлди.
Ўрганиш жараёнида бу ерда ҳеч қандай тарихий аҳамиятга эга маданий қатламлар, археологик объект йўқлиги, ушбу жой илгари дафн қилиш (қабристон) жойи бўлганлиги аниқланган.
"Юқоридагиларга асосланиб, шу кунларда интернетда тарқалган асоссиз ёлғон хабар эканлигини маълум қиламиз", дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 27 март куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани “Чорбоғ” (Чорвоқ) сув омбори қирғоқларида одам суяклари топилган эди. Кейинроқ у ерларда тарихий қабристон бўлиб, сув омбори остида қолиб кетгани аниқланганди.
LiveБарчаси