Андижонда “электросет” ходимлари 2 минг доллар пора билан қўлга тушди

3-саҳифа

−

image

Андижон вилоятида электр ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатилгани сабабли 400 млн сўм зарар ҳисобланган фуқарога уни 65 млн сўмга тушириб беришни ваъда қилган икки нафар электр таъминоти корхонаси ходими 2 минг доллар пора олаётган вақтида ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, тезкор тадбир департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида ўтказилган.

Унда Андижон тумани электр таъминоти корхонаси (ЭТК) Қўйганёр бўлими бошлиғи ўринбосари З.С. ва бўлим муҳандиси Х.Т. ўзаро тил бириктиргани аниқланган.

Улар фуқаро М.Қ.га “Ноҳатак” маҳалласидаги умумий овқатланиш шохобчасида электр ҳисоблагичга ташқи таъсир кўрсатилгани юзасидан тузилган далолатномага асосан 400 млн сўм зарар ҳисобланганини билдирган. Кейин эса 2 минг АҚШ доллари эвазига ушбу суммани 65 млн сўмга камайтириб беришни ваъда қилган. ЭТК ходимлари келишилган пулни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах вилоятида фуқаронинг хонадонига газ ҳисоблагич ўрнатиб бериш ва ҳисоб рақами очишни ваъда қилиб, ундан 8 миллион сўм талаб қилган икки киши ушлангани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг