Сурхондарёда 20 сотих давлат ерини 500 млн сўмга сотмоқчи бўлган шахс ушланди

Crime

−

image

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида давлат захирасидаги 20 сотих яйлов ерини 500 миллион сўмга сотишни ваъда қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Аниқланишича, 1980 йилда туғилган, Денов туманида яшовчи ва қоровул бўлиб ишлайдиган фуқаро 1986 йилда туғилган Сариосиё тумани фуқаросига Ойбарак маҳалласида жойлашган давлат захирасидаги 20 сотих яйлов ер майдонини ўзиники сифатида таништирган.

У ҳар бир сотих ер учун 25 миллион сўмдан, жами 500 миллион сўм талаб қилган. Шунингдек, юқори лавозимларда ишлайдиган танишлари орқали ер ҳужжатларини харидор номига расмийлаштириб беришини билдирган.

Тезкор тадбир давомида гумонланувчи келишилган пулнинг бир қисми – 14 минг АҚШ доллари ва 62 миллион сўмни, жами 230 миллион сўм миқдоридаги маблағни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) ҳамда 211-моддаси 3-қисми “а” банди (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида 36 гектар давлат захирасидаги ер майдонини 18,5 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends