Йирик фирибгарликда гумонланаётган ўзбекистонлик аёл Туркияда қўлга тушди
Crime
−
06 November 832 1 minute
Катта миқдордаги маблағларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритишда гумонланаётган Ўзбекистон фуқароси Туркияда ушланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида қидирувда бўлган, 1991 йилда туғилган М.Н. исмли фуқаро Туркияда қўлга олиниб, Ўзбекистонга қайтарилган.
У фуқароларнинг ишончига кириб, ҳамкорликда бизнес қилиш таклифи билан катта миқдордаги маблағларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритишда гумонланмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Билдирилишича, Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамкорлигида бошқа қидирувдаги шахсларни ҳам аниқлаш, ушлаш ва Ўзбекистонга қайтариш бўйича тегишли тадбирлар давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасидаги ҳамкорлик давомида Истанбул шаҳрида халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси аниқланганди ва қўлга олинганди.