Тезкор: Чорвоқ сув омбори остидан қабристон ва одам суяклари топилди
3-саҳифа
−
28 Март 2023
31702Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани “Чорбоғ” (Чорвоқ) сув омбори қирғоқларида одам суяклари топилди. Кейинроқ маълум бўлишича, бу ерларда тарихий қабристон бўлиб, у сув омбори остида қолиб кетган. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ'га хабар берди.
Гап шундаки, 27 март куни соат 21:00 да ижтимоий тармоқларда "Чорбоғ" сув омборида сув сатхининг пасайиши оқибатида юзага чиқиб қолган одам суяклари тасвири туширилган видеолавҳа тарқалган. Видеода тасвирланган ҳолат бўйича Бўстонлиқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув бошланган.
"Аниқланишича, ушбу қирғоқда бундан бир неча йиллар аввал, Бўстонлиқ туманидаги “Болодала” МФЙ ҳудудида жойлашган “Безгати боғ” қабристони бўлганлиги, ушбу қишлоқда яшовчи аҳоли шу қабристонга дафн этилганлиги, “Чорбоғ” сув омборида сув сатҳининг кўтарилиши натижасида “Болодала” МФЙ ҳудудида жойлашган “Безгати боғ” қабристони сув остида қолиб кетганлиги, ҳозирда сув сатҳи пасайганлиги сабабли, қабристондан одам суяклари юзага чиққанлиги аниқланди", дейди Бош прокуратура воизи Шамсутдинов.
Қайд этилишича, ўрганишлар натижасида “Чорбоғ” сув омборида ҳар йилнинг бошида сув сатҳи пасайиши ортидан бундай ҳолатлар кузатилиб турилиши маълум бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланиши айтилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь