Ҳар бир ҳудудда “Янги Ўзбекистон массивлари” қурилади. Президент уй-жой таъминоти бўйича йиғилиш ўтказяпти

Жамият

image
0:00
0:00
download

Бугун, 2 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини сифатли уй-жой билан таъминлаш, “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этиш, шаҳарлар, туман марказлари ҳамда аҳоли пунктларида экологик вазият ва ҳаво тозалигини яхшилаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Йиғилиш аввалида давлатимиз раҳбари “Инсон қадри учун” тамойили асосида келгуси беш йилдаги барча ислоҳотлар аҳолига муносиб турмуш шароити яратишга қаратилишини таъкидлади.

“Сўнгги йилларда ипотека дастурлари доирасида 140 мингдан ортиқ уй-жой барпо этилди. Мамлакатимизда ҳар йили 300 мингга яқин никоҳ қайд этилмоқда, аҳоли сони келгуси беш йилда 38 миллионга етиши кутилмоқда.

Буларни инобатга олиб, аҳолини уй-жойга бўлган талабини қондириш учун келгуси беш йилда йилига 80 мингтадан хонадон қуришимиз зарур.

Жойлардаги сайловолди учрашувларида ҳар бир ҳудудда барча иқтисодий ва ижтимоий инфратузилмага эга бўлган “Янги Ўзбекистон массивлари”ни барпо этиш, бу орқали келгуси беш йилда 250 мингдан зиёд хонадон қуриш режа қилинган”, деди Президент.

Президент Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” массивлари комплекс ривожланиш тамойили асосида барпо этилишини қайд этди. Бунда:

•    ҳар бир массивга ажратиладиган ер участкаларида саноат лойиҳалари, хизмат кўрсатиш объектлари ва ижтимоий инфратузилма бир вақтда қурилади;

•    кўп қаватли уй-жой қурилишини инвесторлар ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади;

•    ипотека кредитини бериш учун банкларга бюджетдан аукцион асосида ресурс ажратилади. Бунга Молия вазирлиги томонидан 20 йил муддатга 11 триллион сўм йўналтирилади;

•    Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ва Молия вазирликлари эҳтиёжманд аҳолига субсидия бериладиган уй нархини белгилайди;

•    2022 йилда эҳтиёжманд 10 мингта оилага бошланғич бадал ва фоизларни субсидиялаш учун бюджетдан 1,5 триллион сўм ажратилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

190

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг