“Толибон” Туркманистонга ваъда берди
Олам
−
02 Ноябрь 2021
12237Афғонистон куч тузилмаларининг янги раҳбарияти Туркманистон-Афғонистон чегараси хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қўшма иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга ваъда берди. Бу ҳақда Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередовнинг Қобулга ташрифи якунлари бўйича эълон қилинган баёнотда айтилган.
“2021 йилнинг 30-31 октябрь кунлари Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари — Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов бошчилигидаги Туркманистон делегацияси амалий ташриф билан Афғонистонда бўлди”, дейилган хабарда.
Таъкидланишича, ташриф доирасида Туркманистон Ташқи ишлар вазири ва Афғонистон Мудофаа вазири мулла Муҳаммад Ёқуб хавфсизлик масалалари бўйича йиғилиш ўтказган.
Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, музокараларда Афғонистон Ички ишлар вазири, миллий хавфсизлик ва чегара хизмати бўлимлари раҳбарлари, шунингдек Туркманистоннинг тегишли вазирликлари раҳбарияти иштирок этган.
Қайд этилишича, музокаралар чоғида хавфсизлик, барқарорлик ва чегаравий ҳамкорликни таъминлаш ва мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлиги қайд этилган.
Шу муносабат билан афғон томони умумий, қардошлик чегараси, шунингдек қўшма истиқболли иқтисодий лойиҳалар хавфсизлиги таъминланишини маълум қилган.
“Биз икки давлат ўртасидаги инфратузилма ва иқтисодий лойиҳалар хавфсизлигини таъминлаш учун бор кучимизни аямаймиз”, дея Афғонистон Мудофаа вазирининг сўзларини келтирган Туркманистон ТИВ.
Эслатиб ўтамиз, Рашид Мередов 30 октябрь куни Афғонистон пойтахтига мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олган “Толибон” ҳаракати вакиллари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш учун борганди.
LiveБарчаси