“Арқадағ”нинг ўринбосари толиблар билан маслаҳатлашиш учун Қобулга борди
Олам
−
30 Октябрь 2021
6226Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари — Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов бугун, 30 октябрь куни Афғонистон пойтахтига мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олган “Толибон” ҳаракати вакиллари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш учун борди. Бу ҳақда Афғонистоннинг “Bakhtar” агентлиги хабар берди.
Қобул аэропортида Туркманистон вазирини “Толибон” томонидан тайинланган Афғонистон муваққат ҳукумати Ташқи ишлар вазири Амир Хон Моттакий, Афғонистон Ахборот ва маданият вазири ўринбосари Забиҳулла Мужоҳид ва бошқа юқори мартабали “Толибон” аъзолари кутиб олган.
Ахборот ва маданият вазирлиги вакили Билол Каримий ҳозирда Моттакий Мередов билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида маълум қилган.
Жорий йилнинг 27 октябрь куни Туркманистон Ташқи ишлар вазири халқаро ҳамжамиятни Афғонистон иқтисодиётини тиклашда ёрдам беришга чақирди ва Ашхобод Қобул иштирокидаги минтақавий лойиҳаларни амалга оширишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
26 октябрь куни эса “Толибон” муваққат ҳукуматидаги Конлар ва ёқилғи бўйича вазир Муҳаммад Исо Охунд Қобулда Туркманистон элчиси Хўжа Овезов билан учрашиб, у билан қўшма иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.
Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси