“Хол қўйган” Байден, FIFA рейтингида пастлаган Ўзбекистон, Россияни “кулранг рўйхат”га киритаётган ЕИ... Бугун нималар бўлди?
Таҳлил
−
11 Февраль 2022
18380Жамият
Ўзбекистонда таниқли шахсларнинг дорилар рекламасида чиқиши тақиқланади
Ўзбекистонда таниқли шахсларнинг дори-воситалари рекламасида иштирок этиши тақиқланмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан кўриб чиқилган янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонунда белгиланмоқда.
Қайд этилишича, янги таҳрирдаги Қонун билан нормаларни қўллашда ноаниқликларга олиб келган айрим тушунчаларга аниқлик киритилиб, янги тушунчалар киритилмоқда. Масалан, “реклама объекти”, “номақбул реклама”, “ахлоқсиз реклама”, “яширин реклама”, “ҳомийлик” каби янги тушунчалар билан тўлдирилмоқда.
Шунингдек, телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва телекоммуникация тармоқларида реклама жойлаштириш тартиби такомиллаштирилмоқда.
1 ва 2-синф ўқувчиларини “Она тили”дан уй вазифаларини баҳолаш бекор қилинади
2021-2022 -ўқув йилидан она тили ва ўқиш саводхонлиги фанининг 1- ҳамда 2-синфидан уйга вазифалар олиб ташлангани боис уй вазифаларини баҳолаш бекор қилинади. Бу ҳақда Республика таълим маркази ахборот хизмати раҳбари Моҳира Нуруллаева маълум қилди.
Расмийга кўра, уйга вазифаларнинг олиб ташланишига биринчи сабаб уларнинг амалда самарасиз топшириққа айлангани бўлса, иккинчидан дарслардан чарчаб борган қуйи синф ўқувчилари уйда кўпроқ дам олишлари лозим деб қаралмоқда. Самарасиз топшириқ деганда ўқувчи бажариб келган уйга вазифалар йўл-йўлакай текширилаётгани ёки деярли текширилмаётгани, ўқувчи хато ва ютуқларини етарли англаб олиши учун вақтнинг етишмаслиги назарда тутилган.
Бухорода фуқаро кабутар сабаб танишининг машинасини ёқиб юборди
Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида фуқаро кабутар устидаги келишмовчилик сабаб танишининг машинасини ёқиб юборди.
Тергов департаменти хабарига кўра, 7 февраль куни соат 2:58да номаълум шахс Ғиждувон тумани “А.Дониш” кўчасидаги 78-уй олдида турган 37 ёшли Б.Ф., га тегишли Lacetti русумли автомашинасини ёқиб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ғиждувон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодекснинг 173-модаси 2-қисми “б” банди (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Президент ЙТҲларнинг асосий сабабларини маълум қилди
Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари кўпинча ҳайдовчиларнинг қоидаларни менсимаслиги сабаб юз беради. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Хавфсиз ва равон йўл” тамойили асосида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.
Йиғилишда соҳадаги аянчли ҳолат статистик маълумотлар асосида танқидий таҳлил қилинган. Таҳлиллар кўрсатишича, аварияларнинг:
• 45 фоизи ҳайдовчиларнинг қоидаларни менсимаслиги;
• 10 фоизи ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги;
• 25 фоизи йўл ҳолати ва инфратузилмаси талабга жавоб бермаслиги;
• 20 фоизи пиёдаларнинг қоидаларга амал қилмаслиги оқибатида содир бўлмоқда.
Президент Наманган ИИБ бошлиғини ишдан олди. Яна икки вилоят ЙҲХБ бошлиғи “учди”
Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, Андижон ва Самарқанд вилоятлари Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиқларини ишдан олинади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 11 февраль куни бўлиб ўтаётган “Хавфсиз ва равон йўл" тамойили асосида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишланган йиғилишда шундай кўрсатма берди.
Қайд этилишича, 2021 йилда Чироқчида 43 та, Наманган шаҳрида 42 та, Янгийўл туманида 34 та, Ургутда 28 та, Андижон туманида 20 та автоҳалокатда одамлар ҳаётдан бевақт кўз юмган.
Андижонда шифохонада портлаш содир бўлди
Бугун, 11 февраль куни Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманининг “Қоракўрпа” МФЙда жойлашган шифохонада газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар бермоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 7 киши жабрланган. Ҳалок бўлганлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Шундан сўнг, Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Шаҳрихон туманидаги хусусий диагностика ва даволаш масканида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Энди ҳайдовчиларга қоидабузарлик учун балл берилади
2021 йилда Ўзбекистон бўйича 95 минг нафар ҳайдовчи 5 тадан кўп, 9 минг нафари 20 тагача, 700 нафари 50 тагача, 18 нафари 100 тагача қоидабузарлик содир этган. Бу ҳақда бугун, 11 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган “Хавфсиз ва равон йўл” тамойили асосида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида сўз борди.
Қайд этилишича, юнусободлик ҳайдовчи 2021 йилда 133 маротаба қоидабузарлик содир этган (230 миллион сўм жарима ҳисобланган). Юқори чирчиқлик ҳайдовчи эса 2021 йил 11 ойида 37 маротаба қоидабузарлик содир қилиб, охир-оқибат жиддий йўл-транспорт ҳодисасини содир этган.
Тошкентда эркак танишини “шланг” билан уриб, ўлдирди
Тошкентда фуқаро таъмирлаш учун борган хонадонида ўзи билан бирга келган танишини резина қувур билан уриб ўлдирди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
Жорий йилнинг 7 февраль куни соат 17:00 ларда 43 ёшли Ю.О. Бектемир тумани Мажнунтол маҳалласида жойлашган хонадонда бўла туриб, ушбу хонадонда таъмирлаш ишларини олиб бориш учун ўзи билан бирга келган 43 ёшли Б.Э. билан тортишиб қолган. Сўнг ўзаро жанжаллашиб, Ю.О. резинадан ишланган қувур (шланг)нинг бўлаги билан Б.Э.ни танасининг турли соҳаларига бир неча маротаба уриб, тан жароҳати етказган.
Андижонда “Халқ банки”нинг бир гуруҳ ходимлари 4,6 млрдни ўмаргани аниқланди
“Халқ банки”нинг Андижон вилояти филиали Амалиёт бўлимининг 13 нафар ходими 4,6 миллиард сўмни ўзлаштиргани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура томонидан вилоят АТ “Халқ банки” Амалиёт бўлими ходимлари ва бошқаларга нисбатан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракаталари олиб борилмоқда.
Тергов давомида банкнинг 13 нафар ходими 4,6 миллиард сўмни ўзлаштиргани аниқланган.
Олам
Путин ва Макрон нега мемларга сабаб бўлган узун столда музокара ўтказгани маълум бўлди
Франция Президенти Эммануэль Макрон Москвага ташрифи чоғида ПЗЦ тест топширишдан бош тортгани учун у Россия Президенти Владимир Путиндан мемларга сабаб бўлган узун стол билан ажратиб қўйилди. Бу ҳақда Елисей саройидаги аноним манба ОАВга маълум қилган.
Макрон ва Путин жорий йилнинг 7 февраль куни Москвада учрашиб, Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилишди. Суҳбатдошлар тўрт метр узунликдаги столнинг қарама-қарши томонларида ўтиришди ва бу матбуотда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Февраль ойи бошида Путин худди шу столда Венгрия бош вазири Виктор Обран билан музокаралар ўтказганди.
Байден яна “хол қўйди”
АҚШ Президенти Жо Байден яна адашиб кетди. Бу сафар у Афғонистонни аввал Украина, кейин эса Ироқ деб атади ва Қўшма Штатларнинг 20 йиллик ҳарбий кампаниядан сўнг мамлакатни тарк этиш қарори тўғрилигини яна бир бор тасдиқлади.
“Украинани бирлаштириш учун бизда заррача имконият бўлмади. Яъни, Ироқ, кечирасиз. Афғонистон! Бунга эришиш мумкин эмас эди”, деди у NBC телеканалига берган интервьюсида.
Аҳволи оғирлашган Жириновский яқинларини танимай қолди
Россия Либерал-демократик партиясининг коронавирусга чалиниб, шифохонага ётқизилган раиси Владимир Жириновскийнинг аҳволи оғирлашди.
Унинг атрофидаги манбаларнинг билдиришича, Владимир Жириновский қариндошлари, ҳамкорлари, яқинлари ва шифокорларини танишни тўхтатган. Унинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда. Шифокорлар касалликнинг кейинги ривожланишини башорат қила олмаяпти.
9 февраль куни сиёсатчи COVID-19 фонида ривожлана бошлаган икки томонлама пневмония билан шифохонага ётқизилганди. Ўпканинг шикастланиш даражаси бир томондан 30%, бошқа томондан 50% эди. Россия матбуотига кўра, у нафас олиш аппаратига уланган, бироқ Жириновскийнинг қандли диабети прогрессив бўлганлиги сабабли даволаш мураккаблашган.
АҚШ америкаликларни зудлик билан Украинадан “суриш”га чақирди
АҚШ Давлат департаменти кеча, 10 февраль куни Украинадаги америкаликларга ушбу мамлакат ҳудудини зудлик билан тарк этишни тавсия қилди. Бу ҳақда Давлат департаменти хабар берди.
“Россиянинг ҳарбий ҳаракатлари таҳдиди кучайганлиги сабабли, шунингдек, COVID-19 туфайли Украинага бормаслик тавсия этилади. Украинадагилар тижорат ёки шахсий транспортда у ердан чиқиб кетиши керак”, дейилади хабарда.
Путин Медведевга мигрантлар бўйича янги вазифа юклади
Россия Президенти Владимир Путин Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгашининг давлат миграция сиёсатини такомиллаштириш бўйича идоралараро комиссиясини тузиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Тегишли ҳужжат ҳуқуқий ахборотнинг расмий порталида эълон қилинган.
Янги тузилмани Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари бошқаради, ҳозирда бу лавозимни Дмитрий Медведев эгаллаб турибди.
Таъкидланишича, комиссия миграция соҳасида давлатнинг миллий хавфсизлигини таъминлаш ва ижтимоий-иқтисодий ривожланиш манфаатларидан келиб чиққан ҳолда миграция жараёнларини тартибга солиш бўйича вазифаларни бажариш мақсадида ташкил этилган.
КХШТ Марказий Осиё давлатларида машғулотлар ўтказади
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти 2022 йилда Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудида бир нечта ҳарбий машғулотлар ўтказади. Бу ҳақда КХШТ Бирлашган штаби раҳбари Анатолий Сидоров маълум қилди.
“Қозоғистон Республикаси ҳудудида биз қўшинларнинг турли таркибий қисмларини тайёрлашни бирлаштирган қўшма ва махсус машғулотларни ўтказишни режалаштирмоқдамиз. Тожикистон ҳудудида Марказий Осиё минтақасининг “Чегара” тезкор қўшинлари билан биргаликда халқаро террорчилик ташкилотларига қарши курашиш бўйича вазифаларни ишлаб чиқишга оид қўшма машғулотлар ўтказилади. Якуний босқичда Қирғизистон Республикаси ҳудудида “Бузилмас биродарлик” тинчликпарвар кучлари билан қўмондонлик-штаб ўқув машғулотларини ўтказиш режалаштирилган”, деган Сидоров.
ЕИ Россияни “кулранг рўйхат”га киритмоқчи
Европа Иттифоқи Россияни солиқ соҳасининг кулранг, деб аталадиган рўйхатига киритишга тайёрланяпти. Бу ҳақда “EUobserver” нашри ҳужжат лойиҳасига таяниб, хабар бермоқда.
Нашр маълумотларига кўра, рўйхат 15 тадан 25 та юрисдикциягача кенгайтирилади. Унга Россиядан ташқари Исроил, Бермуд ва Британиянинг Виржиния ороллари киради.
Тахминларга кўра, рўйхатнинг янги таҳрири жорий йилнинг 24 февраль куни Европа кенгаши йиғилишида тасдиқланади.
Германияда Назарбоевларга тегишли ҳашаматли саройлар аниқланди
Германияда Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг оила аъзоларининг ҳашаматли саройлари топилди. Бу ҳақда Германиянинг Deutsche Welle (DW) нашри хабар берган.
“Фрескалар, ҳашаматли қандиллар, қимматбаҳо ёғочлардан ясалган шифтлар — Баден-Бадендаги Зеелах саройининг ички безаклари ҳайратланарли. XIX асрда Зеелах машҳур рус дипломати, хусусий маслаҳатчи Михаил Хрептовичнинг ёзги қароргоҳи бўлган. Аммо ҳозир бу ерда нималар борлиги аристократнинг тушига ҳам кирмаган. Қозоғистонлик янги мулкдорлар тарихий виллани қайта қуриб, ҳудудда фавворали ландшафт боғи ва унинг остида 1000 кв.м га яқин ҳашаматли спа-зона барпо этишган”, дейилади хабарда.
Спорт
FIFA рейтингида Ўзбекистон бир поғона пастлади
Ўзбекистон терма жамоаси FIFA томонидан эълон қилинадиган рейтингда 85-ўринни эгаллади. Бу ўтган ойга нисбатан бир поғона паст деган.
10 февраль куни эълон қилинган жадвалда кучли ўнлик қуйидагича кўриниш олган:
1. Бельгия – 1828,45 (балл)
2. Бразилия – 1823,42
3. Франция – 1786,15
4. Аргентина – 1766,99
5. Англия – 1755,52
6. Италия – 1740,77
7. Испания – 1704,75
8. Португалия – 1660,25
9. Дания – 1654,54
10. Нидерландия – 1653,73
“Барса” Холанд трансфери ўхшамаса, “кичик Златан” билан шартнома имзолайди
“Барселона” Дортмунднинг "Боруссия" клуби ҳужумчиси Эрлинг Холанд билан шартнома имзолай олмаса, унинг ўрнига муқобил вариант борасида қарор қабул қилди. Испан нашрлари хабарига кўра, “Реал Сосьедад” ҳужумчиси Александр Исак “кўк анорранглилар” учун муқобил вариант сифатида қаралмоқда.
“Барса” футболчини бир неча ой кузатиб борди. Шунингдек, швед ҳужумчисининг ўзи ҳам Каталония клубида ўйнашни истамоқда. Исак “Реал Сосьедад” шарафини 2019 йилнинг ёзидан бери ҳимоя қилиб келади. Футболчининг клуб билан шартномаси 2026 йилнинг июнига қадар мўлжалланган.
“Тransfermarkt” портали Исакни 40 миллион еврога баҳоламоқда. Испания чемпионатининг жорий мавсумида 22 ёшли ҳужумчи 19 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол ва битта голли узатмани амалга оширди.
“МЮ” яна Роналдусиз қолиши мумкин
“Манчестер Юнайтед” ҳужумчиси Криштиану Роналду “қизил иблислар” сафига қайтганидан мамнун эмас. 37 ёшли португалиялик футболчи ўз агенти Жорже Мендеш билан клубини ўзгартириш борасида музокара олиб боради, деб хабар беради “Daily Star” нашри.
Манбанинг ёзишича, Роналдунинг қарор қабул қилишида “Манчестер Юнайтед” раҳбарияти танлаган янги бош мураббийнинг номзоди муҳим рол ўйнайди.
Роналду мавсум охирида фаолиятини давом эттириш учун бир нечта вариантга эга бўлиш мақсадида яқин вақт ичида агенти билан музокаралар олиб бориш ниятида. Криштиану “Манчестер Юнайтед”нинг вақтинчалик устози Ральф Рангникнинг услубига мослашишга уринди, аммо психологик жиҳат португалияликнинг ўйин шаклига сезиларли даражада таъсир қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь