АҚШ америкаликларни зудлик билан Украинадан “суриш”га чақирди
Олам
−
11 Февраль 2022
10416АҚШ Давлат департаменти кеча, 10 февраль куни Украинадаги америкаликларга ушбу мамлакат ҳудудини зудлик билан тарк этишни тавсия қилди. Бу ҳақда Давлат департаменти хабар берди.
“Россиянинг ҳарбий ҳаракатлари таҳдиди кучайганлиги сабабли, шунингдек, COVID-19 туфайли Украинага бормаслик тавсия этилади. Украинадагилар тижорат ёки шахсий транспортда у ердан чиқиб кетиши керак”, дейилади хабарда.
Украинада қолишга қарор қилган Америка фуқаролари учун АҚШ Ташқи ишлар вазирлиги вазият кескинлашган тақдирда “жиноятчилик, фуқаролик тартибсизликлари ва эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар билан боғлиқ ҳолда эҳтиёт бўлишни” тавсия қилади. Хабарда, шунингдек, АҚШ расмийлари “Россия Украинанинг исталган жойида ҳарбий ҳаракатлар содир этса, Америка фуқароларини эвакуация қила олмаслиги” қайд этилган.
“Ҳарбий ҳаракатлар исталган вақтда ва огоҳлантиришсиз бошланиши мумкин, бу элчихонанинг консуллик хизматларини кўрсатиш, жумладан, Украинадан чиқиб кетаётган АҚШ фуқароларига ёрдам кўрсатиш қобилиятига жиддий таъсир қилади”, дея қўшимча қилган Давлат департаменти.
Жорий йилнинг январь ойи охирида АҚШ Давлат департаменти Американинг Киевдаги элчихонаси ходимларининг оилаларига Украинани тарк этишни буюрди, шунингдек, дипломатик ваколатхона ходимларининг бир қисмига бунга рухсат берди. Шундан сўнг Давлат департаменти америкалик фуқароларга “Россиянинг ҳарбий ҳаракатлари таҳдиди кучайгани” сабабли Украинага бормаслик тавсия этилганига аниқлик киритди. Шу билан бирга, расмийлар Украинадаги америкаликларга “кетиш масаласини кўриб чиқишни” маслаҳат берди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь