Уруш бошланганидан бери АҚШ Украинага қанча ёрдам бергани маълум бўлди

Олам

image

АҚШ томонидан Украинага берилган ҳарбий ёрдамнинг умумий миқдори 2 миллиард доллардан ошди, шунингдек украиналик ҳарбий хизматчилар керакли техникларни олмоқда. Бу ҳақда Мудофаа вазири Ллойд Остин CBS телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтган. 

"Охирги икки ҳафта ичида биз Украинага 300 миллион доллардан ортиқ ҳарбий техника етказиб бердик ва Президент (АҚШ Жо Байден) яқинда яна 800 миллион долларлик ҳарбий техникани етказиш хусусида ҳужжатни имзолади.  Умуман олганда, биз Украинага кўрсатаётган хавфсизлик ёрдами бундан ҳам кўпроқ, 2 миллиард долларни ташкил қилади”, дейди Ллойд Остин. 

Вазир Словакия, Шарқий Европа мамлакатлари Украинага С-300 зенит-ракета комплексларини юборишга тайёрлиги ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берган:

“Биз улар ва бошқа иттифоқчилар билан ҳамкорликни нафақат Украинага ёрдам бериш, балки Киев ўз осмонини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлиши учун давом эттирамиз”.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Европа Иттифоқи Украинага 300 миллион евро миқдоридаги имтиёзли кредит ўтказганди. Шунингдек, ЕИ ўз тарихида биринчи марта ҳарбий можаро зонасига қурол етказиб беришни молиялаштиришга ваъда берганди. 

Бундан ташқари, Европа тинчлик жамғармаси (European peace facility) Украинага ҳарбий жиҳатдан ёрдам бериш учун 500 миллион евро ажратганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг