Европа Иттифоқи Украинага ёрдамни икки бараварга оширди

Олам 4444
image
-

Европа тинчлик жамғармаси (European peace facility) Украинага ҳарбий жиҳатдан ёрдам бериш учун 500 миллион евро ажратди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррель маълум қилди

"Европа Иттифоқи давлатлари Украинага ҳарбий ёрдамимиз учун 500 миллион евро ажратди. Евр опа тинчлик жамғармаси яна 500 миллион евро қўшиб, бу ёрдамни икки бараварга оширади",  дейди Боррель. 

ЕИ вакилига кўра, Украинага ҳарбий ёрдам учун пул ажратишда Европа Иттифоқининг барча давлатларининг қўллаб-қувватлашига эришиш қийин бўлмаган. Шунингдек, у Россия ва “рус олигархлари”га қарши янги санкциялар тайёрлашга ваъда берган.

Айтиш жоизки, кеча, 10 март куни Версалда (Франция) Европа Иттифоқининг фавқулодда саммитида Украинанинг ЕИга кириш масаласи муҳокама қилинди. Бироқ ЕИ Украинага аъзолик ҳуқуқини бермади. Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель саммитга келгач, ЕИ етакчилари Украинага қурол етказиб бериш ва “Европа оиласининг аъзоси” бўлган бу давлатни қўллаб-қувватлаш режаси бўйича келишиб олганини айтган.

 "Бу Украина танловини қўллаб-қувватлашдир. Украина (Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун) ариза беришга қарор қилди, энди Еврокомиссия бу аризани баҳолаши керак. Европа Иттифоқи Кенгаши Европа Комиссиясига бу борада жуда тез кўрсатма берди", деган Мишель. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 март куни Украина ЕИга аъзо бўлиш учун ариза берганди. Украинадан кейин худди шундай аризалар Грузия ва Молдова томонидан топширилган.

Аввалроқ, АҚШ ҳам Украина ва Европадаги иттифоқчиларига ҳарбий, гуманитар ва иқтисодий ёрдам учун ёрдам учун 13,6 миллиард доллар ажратганди. 

Бунда 4 миллиард доллардан ортиқ миқдордаги маблағ Украинадаги вазиятни барқарорлаштиришга ҳамда Шарқий Европа давлатларига қочиб келган 2 миллион қочқин муаммосини ҳал қилиш учун сарфланади. Яна 6,7 миллиард доллар Америка қўшинлари ва техникаларини минтақага олиб кириш ҳамда АҚШ ҳарбий техникасини Украина ва мамлакат иттифоқчиларига ўтказиш, шунингдек, иқтисодий ёрдам ва Россияга қарши санкциялар қўллашга йўналтирилган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 8
Рейтинг: 3.2
t
×