Украина ЕИга аъзолик учун ариза топширди
Олам
−
01 Март 2022
8577Украина Европа Иттифоқига кириш учун расман ариза топширди ва муваффақиятли рўйхатдан ўтказди. Украинанинг Европа Иттифоқидаги вакили Всеволод Ченцов аризани кўриб чиқиш бошланганини маълум қилди.
“Ариза рўйхатдан ўтказилди. Кўриб чиқиш жараёни бошланди”, деган Ченцов.
Ҳужжат Европа Кенгаши, Европа парламенти ҳамда ЕИда раислик қилувчи Франция Президенти Эммануэль Макронга юборилган.
Украина Президенти Владимир Зеленский имзолаган аризада шундай дейилган:
“Украина, Европа Иттифоқи шартномасининг 2-қисмида келтирилган қадриятларни ҳурмат қиладиган Европа давлати сифатида, Европа Иттифоқига аъзолик учун ариза бериш шарафига эга”.
Ариза топширилиши билан Европа Иттифоқининг саккизта давлати, жумладан Болгария, Чехия, Эстония, Латвия, Литва, Польша, Словакия ва Словения Украинанинг Европа Иттифоқига тезроқ қўшилишини қўллаб-қувватлади.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.
Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.
Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
LiveБарчаси