“Иқтисодиёт учун ҳалокатли зарба”. АҚШ Путиннинг уруш учун йиққан-терганини блоклаб қўйди

Олам 24216
image
-

АҚШ Молия вазирлиги Россия Марказий банки, Миллий фаровонлик жамғармаси (МФЖ) ва Россия Молия вазирлиги билан операцияларни тақиқлади. Бу ҳақда АҚШ Молия идораси сайтида эълон қилинди.

Американинг Марказий банк ва МФЖга қарши санкциялари уларни АҚШдаги ёки доллардаги активларга кириш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Молия вазирлигига кўра, SWIFT тизимидан узилиши керак бўлган Россия банклари рўйхати ҳали ҳам ишлаб чиқилмоқда. 

Қўшма Штатлар, шунингдек, Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармаси ва унинг раҳбари Кирилл Дмитриевга қарши ҳам санкциялар киритди.

Россия Банкига қарши санкциялар Эрон ёки Сурия Марказий банклари билан бўлгани каби SDN рўйхатига (Америка молия тизимидан тўлиқ изоляция) киритиш эмас.

“Reuters” агентлиги таҳлилчилари бу чекловларни Россия иқтисодиёти учун ҳалокатли зарба деб баҳолаган.

“Бизнинг мақсадимиз, агар Президент Путин Украинага бостириб киришни давом эттиришга қарор қилса, Россия иқтисодиётини таназзулга учратишдир ва бизда бу [санкцияларни] яна давом эттириш учун воситалар бор”, деган Оқ уйнинг юқори мартабали мулозими “Reuters” агентлигига.

Оқ уй вакили Президент Путиннинг уруш учун йиғган маблағи 630 млрд долларга баҳоланаётганини айтиб, бу пуллардан фойдалана олмаса, бефойда эканини таъкидлаган.

“Путин бу захираларни сотиб, Россия валютасини қўллаб-қувватлаш учун фойдалана олсагина бу (захира маблағлари) бирор аҳамиятга эга бўлади. Бугун жорий қилинган чоралардан кейин улардан фойдаланиш имконсиз бўлади ва ҳамма “Россия (молиявий) қальаси” афсона эканини тушунади”, деган маъмурият вакили.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 140
Рейтинг: 3
t
×