Тўқаев Назарбоевнинг “қўлини калталатганига” изоҳ берди

Олам

image
“Қонли январь” Назарбоев эмас, Тўқаевга қаратилган қўзғалонмиди? north_east

“Қонли январь” Назарбоев эмас, Тўқаевга қаратилган қўзғалонмиди?

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Qazaqstan” телеканалига берган интервьюси чоғида конституциявий қонунларга республиканинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик Кенгаши ва Қозоғистон халқлари ассамблеясига умрбод раислигини бекор қилувчи тузатишлар киритилганига муносабат билдирди.

“Бу аниқ. Илгари бундай қонунлар қабул қилинган бўлса, энди улар керак эмас. Бу ҳақда тўғридан-тўғри гапириш керак. Келажакда бундай қонунлар қабул қилинмаслиги керак, деб ҳисоблайман. Илгари камчиликлар бўлган, аммо бу бизнинг тарихимиз. Тарихдан сабоқ олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Мақсадимиз юртимиз келажагини ўйлаш, ёш авлодга ғамхўрлик қилишдир”, деган Тўқаев.

Февраль ойи бошида Тўқаев “Биринчи Президент – Элбоши тўғрисида”, “Қозоғистон халқи Ассамблеяси тўғрисида”ги ва “Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик Кенгаши тўғрисида”ги конституциявий қонунларга ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунни имзолади. Қабул қилинган тузатишлар Биринчи Президентнинг Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилди.

Қонунга сенаторлар томонидан ҳам ўзгартиришлар киритилган бўлиб, улар давлат ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича Элбоши билан ташаббусларни мувофиқлаштириш заруриятини бекор қилади.

Шу билан бирга, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти муҳим масалаларни муҳокама қилишда парламент ва ҳукумат олдида сўзлаш ҳуқуқини сақлаб қолди.

Назарбоевнинг сиёсий интиҳоси

2019 йил март ойида Президент лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган ва Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш қўллаб Президент Тўқаевга топширди. Ўшандан буён унинг қаердалиги шубҳа остида. Гарчи Назарбоевнинг атрофидагилар 8 январдан бошлаб тилга кириб, унинг мамлакатда бўлиб турганини айтаётган бўлса-да, собиқ Президент ҳозиргача бир-икки видеомурожаатлардан ташқари, ҳеч қаерда кўриниш бермади. Ҳатто, тўнғич қизи – депутат Дариға Назарбоева ҳам 11-12 январь ва 1-2 февраль кунлари бўлиб ўтган Парламент ялпи мажлисида иштирок этмаган. Сўнгги маълумотларга кўра, у маошсиз меҳнат таътилида. Бу орада эса у “Нур Отан” сиёсий кенгаши аъзолигидан кетди.

Назарбоев кўриниш бермаётган бир вақтда эса унинг ҳатто, соғлиғи ҳақида миш-мишлар тарқала бошлади. Намойишларда эса собиқ Президентнинг Олма-отадаги саройи ёқиб юборилди, ҳайкали қўпориб ташланди. 

Аввалроқ, Назарбоевнинг куёвлари: Алиянинг (кенжа қизи) турмуш ўртоғи Димаш Досанов “Казтрансойл” АЖ раҳбаригидан, Дариғанинг (тўнғич қизи) турмуш ўртоғи Кайрат Шарипбаев “QazaqGaz” миллий компанияси АЖ раҳбарлигидан кетганди. 17 январь куни ўртанча қиз Динаранинг турмуш ўртоғи Тимур Кулибаев “Атамекен” миллий тадбиркорлар палатаси президиуми раиси лавозимини тарк этди.

28 январь куни Назарбоев “Нур Отан” партияси расилигини ҳам Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга топширди

2 февраль куни Қозоғистон парламенти мамлакатнинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг Хавфсизлик кенгаши ва Қозоғистон халқи ассамблеясига умрбод раислик қилишини бекор қилувчи қонунни қабул қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

188

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг