Тўқаев “матбуот эркинлиги кушандалари” рўйхатига киритилди

Бу қизиқ

−

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Чегара билмас мухбирлар” (RSF) ташкилоти томонидан “матбуот эркинлиги кушандалари” рўйхатига киритилди. Бу ҳақда ташкилотнинг кеча, 2 ноябрь куни эълон қилинган ҳисоботида келтирилган.

“Уларни нима бирлаштириб туради? Матбуот эркинлигига бўлган бир хил нафрат. Уларнинг воситалари турлича, аммо мақсадлари бир хил: мустақил овози борларни сукут сақлашга мажбур қилиш ва ахборот эркинлигини оёқости қилиш. Қотилликлар, қамоқ жазолари, оборўсизлантириш, пропаганда, троллар армиясидан фойдаланиш... Мухолифни жим қилиш учун ҳар қандай усул маъқул кўрилади”, дейилади антирейтингга бағишланган ҳисоботда.

Шу тариқа, “Ҳуқуқ” категорияси бўйича Қосим-Жомарт Тўқаев Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ёки ҳинд бизнесмени Гаутам Аданининг компаниялар конгломерати каби “кушандалар”га қўшилган. Улар “журналистлар ва ОАВга қарши асоссиз суд жараёнларига ташаббус билдириш орқали матбуотни таъқиб қилиш учун барча имкониятларни ишга солмоқда”.

“Шунингдек, матбуотга бўлган ишончни камайтириш ва ОАВнинг иқтисодий муаммоларидан ўз манфаати йўлида фойдаланиш учун ҳар куни ҳаракат қилаётганларнинг хатти-ҳаракатлари ҳам матбуот эркинлигига жиддий хавф туғдирмоқда”, дея қўшимча қилган RSF.

“Кушандалар” рўйхатига АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳам киритилган ва у “ўз ўрнини ҳақли равишда эгаллаган”, чунки у “ҳозирда матбуот эркинлиги рейтингида 64-ўринни эгаллаб турган АҚШдаги журналистикани сиёсий коммуникацияга айлантириш мақсадида кўплаб йўналишлар бўйлаб ҳужум қилган”. Россия Президенти Владимир Путин эса “ўз ўрнини мустаҳкам сақлаб турибди”. Сиёсий рўйхатда, шунингдек, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Беларусь резиденти Александр Лукашенко ва “Толибон” раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода кўрсатилган.

Шунингдек, бу йил журналистларга нисбатан куч ишлатиш орқали босим ўтказишнинг афсусланарли амалиётини давом эттираётган Исроил Мудофаа армияси, Мексика картеллари ёки Хитой Коммунистик партияси каби тузилмалар ҳам ўз ўринларини сақлаб қолган.

“Биньямин Нетаньяху ҳукумати Исроил Мудофаа армияси ёрдамида Ғазо секторида, Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилида ва ҳатто Ливанда журналистларга нисбатан қатағон сиёсатини олиб бормоқда. Си Цзиньпин раҳбарлигидаги Хитой журналистлар учун дунёдаги энг катта қамоқхона бўлиб қолмоқда. Мексика картелларига келсак, улар бу йил ҳар ойда журналистларнинг қотилликлари юз берган шартли равишда “тинч” мамлакатда қўрқув муҳитини бошқармоқда”, дея тушунтирган RSF.

Куч ишлатар тузилмалар рўйхатига Буркина-Фасодаги хунта, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси киритилган бўлиб, уларнинг режими даврида сўнгги бир неча ҳафта ичида “Матсаддаш” сайтининг фактчекер журналистлари ҳибсга олинган ва оммабоп “Мада Маср” янгиликлар сайти ёпиб қўйилган.

Шу билан бирга, иқтисодий жиҳатдан рўйхатдан Alphabet ва Meta каби йирик технологик корпорациялар жой олган. “Жамият” соҳасида эса антирейтингга Илон Маск киритилган.

Маълумот учун, “кушандалар рўйхати” – бу RSF’нинг антирейтинги бўлиб, у тўлиқ холисликка даъво қилмайди, аммо унда ўтган мураккаб йил давомида зарар етказишга бўлган очиқ-ойдин интилишни намоён этган шахслар ва ташкилотлар тақдим этилган. Ҳар йили турли мамлакатлардаги матбуот эркинлиги вазиятидаги ўзгаришлар баҳоланадиган RSF Бутунжаҳон матбуот эркинлиги рейтингига қўшимча равишда, ушбу “кушандалар галереяси” мавжуд бўлиб, унда вазият бошқа ракурсдан кўрсатилади ва ёмонлашув учун масъул бўлган шахсларга ишора қилинади.

“Статистика, ёмонлашув ва матбуот ишидаги тўсиқлар ортида конкрет инсонлар турибди. Улар жисмоний ёки риторик зўравонлик, қонунчилик, таҳдидлар, онлайн-манипуляциялар ёки иқтисодий босим воситасида ҳаракат қилишлари мумкин, аммо бу кушандаларни бир нарса бирлаштиради: журналистларга ўз ишини қилишга халақит бериш, фуқароларни эркин ва мустақил ахборот манбаларига бўлган ҳуқуқидан маҳрум қилиш истаги”, дейилади RSF ҳисоботида.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг