Сувдан “қуруқ чиқаётган” вазир, танқидга пул ваъда қилган ҳоким, раҳнамосиз қолган ИШИД – янгиликлар дайжести
Таҳлил
−
03 Февраль 2022
14549Якунига етаётган 3 февраль анъанавий таълим қайтиш бўйича муҳокамалар билан ёдда қолмоқда. Айнан бугун талабалар кўплаб саволларига жавоб олди. Кун давомида Ўзбекистонда ва халқаро майдона яна кўплаб воқеа-ҳодисалар содир бўлди. Қуйида энг муҳим хабарлар қисқа тафсилоти билан танишишингиз мумкин.
Жамият
Тошкентда 17 яшар бола йўл ўртасида овқатланди
Ижтимоий тармоқларда лайк учун йўлнинг қатнов қисмини ажратиб турувчи бордюр устида ёш йигитнинг овқатланаётганлиги акс этган видео тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
Аниқланишича, жорий йилнинг 31 январь куни тахминан соат 10:00 ларда вояга етмаган 2004 йилда туғилган С.О., Шайхонтоҳур тумани “Хадра” МФЙ ҳудудидаги йўлнинг қатнов қисмидаги бордюр устида овқатлангани видеотасвирга олинган. Вояга етмаган С.О. ушбу хатти-ҳаракатлари билан ўзини ва атрофдаги шахсларнинг ҳаётини хавф остига қўйиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаган.
Бухорода пулига “куйган” эркак боласининг кўз ўнгида ўзини ёқиб юборди
Жорий йилнинг 1 февраль куни Бухорода қурилиш корхонасидан пулини ололмаган эркак ўзини ёқиб юборди.
Бухоро вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, 2022 йил 1 февраль куни вилоят Ички ишлар бошқармасининг навбатчилик қисмига фуқаро Ф.Ҳ. ўзини ёқиб, тан жароҳати олиб, РШТЁИМ Бухоро филиалига мурожаат қилганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Энди абгор йўллар одамларнинг ўзидан сўраб, таъмирланади
2022 йил 1 июлдан автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотлар базасини ўз ичига олган “Shaffof yo‘l” платформаси тест режимида ишга туширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Автомобиль йўллари соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш ва соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали туман (шаҳар)лар бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларини таъмирлаш учун ажратилган маблағлар жамоатчилик фикри асосида шаклланган ички хўжалик йўлларни таъмирлашга йўналтирилади.
Эркинжон Турдимов танқид учун пул беришни ваъда қилди (видео)
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов мутасаддиларни танқид қилган журналист ва блогерларга пул мукофоти ваъда қилди. Рағбатлантириш учун маблағни бюджетдан олиш режа қилиняпти.
“15 февралдан бошлаб – блогерлар, журналистлар – ким негатив олиб келса, уларни манфаатдор қиламиз. Алоҳида пул топиб бераман. Ким олиб келишини фарқи йўқ, кўчадаги одам бўлсаям майли”, дейди Турдимов.
Андижонда ўқитувчилар тунгача мактабда олиб қолиниб, дискотека уюштириляпти
Ижтимоий тармоқларда Андижонда ўқитувчилар ярим кечасигача қолиб, турли хил тадбирларда қатнашиши талаб қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун QALAMPIR.UZ мухбири Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси матбуот котиби билан боғланди.
Унга кўра, маҳаллалардаги уюшмаган ёшларнинг вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида мактабларда кечаси дискотека ва бошқа турли хил тадбирлар ташкил қилинмоқда.
Қурилиш вазирининг шохи борми? Нега жавобгарликка тортилмади?
Хабарингиз бор, 2021 йил март-апрель ойларида Қурилиш вазирининг қариндошлари бенефициар бўлган “Трест 12” компанияси 2020 йилда 5 триллион сўмдан ортиқ қийматдаги қурилиш пудрати ишлари билан боғлиқ давлат хариди шартномаларининг ижрочиси бўлгани аниқланганди. Аммо Қурилиш вазири бу иш бўйича жавобгарликка тортилмаган. Хўш, унинг шохи борми? Нега мамлакатдаги мавжуд қонунлари Қурилиш вазири Ботир Зокировни четлаб ўтди? Ҳолат бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Матбуот котиби изоҳ берди.
Қайд этилишича, ушбу ўрганишлар ўтказилаётган даврда ҳали миллий қонунчиликда давлат харидлари жараёнидаги аффилланган ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўйгани учун жавобгарлик чоралари белгиланмаган бўлган.
ХТВ мактаблар қандай ҳолатда онлайн таълимга ўтишини маълум қилди
Республика махсус комиссиясининг кеча, 2 февралдаги қарорига асосан 7 февралдан бошлаб умумтаълим мактабларида ўқув жараёнлари анъанавий шаклда давом эттирилиши белгиланди. Халқ таълими вазирлиги анъанавий таълимга қайтиш юзасидан баъзи тушунтиришларни бериб ўтди.
Вазирликнинг таъкидлашича, умумтаълим мактабида касалланиш ҳолатлари кўпайган тақдирда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг хулосасига кўра бевосита ушбу мактабда анъанавий таълим жараёнини чеклаш бўйича қарорлар қабул қилиш мумкин.
ТАТУда талабалар 300 млнга тушиб қолиши мумкин. Вазирлик изоҳ берди
Кеча, 2 февраль куни ижтимоий тармоқларда Тошкент Ахборот технологиялари университети (ТАТУ) масъулларининг хатоси туфайли 1-семастр якуний имтиҳонларидан йиқилган талабалар университет ҳисобига 300 млн сўмдан ортиқ пул тўлаши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Айни вақтда ушбу воқелик эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Қайд этиш керак, ТАТУда таълим кредит тизимига ўтган. Шунинг учун талабалар фанлардан якуний имтиҳонларни қониқарли топшира олмай, йиқилса, пулини тўлаб қайта топширишга рухсат олиши лозим.
Талабларнинг мурожаатида айтилишича, университетдаги тизим хатоси ва саволларнинг ҳаддан ташқари мураккаблиги туфайли кўплаб талабалар йиқилган. Бундан барча талабалар норози бўлган ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига ёрдам сўраб мурожаат қилишган. Талабаларнинг қайд этишича, ТАТУ масъуллари уларнинг мурожаатига қулоқ солмаган.
Махсус комиссия айтганидан нега қайтди? Изоҳ Нурмат Отабековдан
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 7 февралидан мактаб, коллеж-техникум ва олий таълим муассасаларида анъанавий таълим қайта бошланиши эълон қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур кутилмаган қарорни коронавирус тарқалиши камайгани билан изоҳлади.
Нима комиссия ҳам айтиб, ҳам қайтаверадими? Бугун, 3 февраль куни “Халқаро пресс-клуб”нинг навбатдаги сонида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков Махсус комиссиянинг ўқув жараёнларни онлайндан офлайн шаклга ўтказилиши бўйича қилинган қарорига изоҳ берди.
Талабалар анъанавий таълимга босқичма-босқич ўтказилади – вазирлик
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Республика махсус комиссиясининг анъанавий таълим қайтиш ҳақидаги кутилмаган қарори юзасидан изоҳ берди.
“Талабаларга қулайлик яратиш, доимий турар-жойларидан таълим муассасаларига хавфсиз, тирбандликларсиз етиб келишлари, жойларда авиа ва темир йўл чипталарини алмаштириш, талабалар турар-жойлари, ижара асосида яшайдиган талабаларнинг ортиқча қийинчиликларсиз жойлашишларини таъминлаш мақсадида олий таълим муассасаларида ўқув жараёнлари 7 февралдан 24 февралга қадар босқичма-босқич анъанавий шаклга ўтказилади. Шу даврда дарс машғулотлари бир вақтнинг ўзида ҳам масофавий ҳам анъанавий шаклда олиб борилади”, дейилади хабарда.
Зарқайнардаги уйлар бузилмайди. Маҳалла UNESCO рўйхатига киритилди
Тошкент маҳаллалари UNESCO Бутунжаҳон маданий меросининг Дастлабки рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари – Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева маълум қилди.
“Эски шаҳар маҳаллалари маданий қатламларини сақлаб қолиш бўйича дастлабки қадамлар 2019 йилда, Венеция архитектура Биенналесида тақдим этилган "Маҳалла: шаҳар ва қишлоқ ҳаёти" лойиҳаси ишлаб чиқилганда амалга оширилган эди. Маҳаллаларимиз халқаро экспертлар томонидан эко-архитектурани тиклаш, замонавий шаҳарларни оммавий урбанизациядан асраш, шунингдек, ижтимоий қадриятлар ва жамоавийликни сақлаб қолиш усули сифатида эътироф этилди.
Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси UNESCO билан ҳамкорликда етакчи олим, мутахассис, архитектор ва тадқиқотчиларни бирлаштирди. Олдимиздан оққан сувни, яъни маҳалланинг тарихий қадр-қимматини, миллий маданий ўзига хослигини англай бошлаганимиздан жуда хурсандман”, дейди Саида Мирзиёева.
Олам
АҚШ доллардан фойдаланишни чекласа, Россия нима қилади? Песков жавоб берди
АҚШ Россия банклари учун доллардан фойдаланишни чеклаб қўйса, расмий Москва қандай йўл тутиши маълум бўлди. Кремль Матбуот котиби Дмитрий Песковнинг журналистларга айтишича, ҳукумат бундай вазиятга қарши чоралар кўрмоқда ва тақиқ оқибатида кўриладиган зарар миқёсини минималлаштириш учун режалар тузган.
“Бундай олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган ҳолатларнинг оқибатини минималлаштириш учун режалар мавжуд”, дея билдирган Кремль расмийси.
Россияда “omicron”нинг янада юқумли тури аниқланди
Россияда умумий вариантдан кўра юқумли ҳисобланган BA.2 “omicron” коронавирус штамми аниқланди. Ҳозиргача 200 дан ортиқ одам штаммнинг янги тури билан касалланган. Бу ҳақда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизмати раҳбари Анна Попова маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, BA.2 билан касалланиш ҳолатлари Москва, Мари Эл ва Бошқирдистон республикалари, шунингдек, Ростов вилоятида аниқланган.
“Ал-Қоида” жангарилари ўз етакчиларидан бирини қатл қилди
“Ал-Қоида” террорчилик ташкилотининг Судандаги бўлими ўз етакчиларидан бирини қатл қилди. Таъкидланишича, жангарилар ўз етакчиларидан бири — “Абу Туроб ас-Суданий” лақабли Рашад Қурейши Усмонни қатл қилган.
Қайд этилишича, у давлатга хиёнат қилиш, душман давлатлар билан ҳамкорлик қилиш ва ташкилот сирларини ошкор қилишда айбланган. Жабрланувчи, шунингдек, 2015 йилда АҚШ ҳаво ҳужумида ўлдирилган “Ал-Қоида” етакчисининг Ямандаги яширинган жойини фош қилганликда ҳам айбланган.
Дунёдаги энг қадрсиз валюта айтилди
Россия пул бирлиги рубль “Big Mac index” (харид қобилияти паритетини аниқлашнинг норасмий усули) га кўра, дунёдаги энг қадрсиз валютага айланди.
Тадқиқот муаллифларининг қайд этишича, ҳозир АҚШда McDonald's бургерларининг нархи 5,81 доллар (тахминан 444 рубль), Россияда эса улар 135 рубль ёки 1,77 доллар. Шундай қилиб, Россия валютасининг адолатли курси бир доллар учун 23,24 рублни ташкил қилиши керак ва ҳозирда рубль 70 фоизга кам баҳоланмоқда.
Пул бўлса, чангалда шўрва. Безоснинг яхтаси ўтиши учун тарихий кўприк бузилади
Нидерландиянинг Роттердам шаҳри ҳукумати Amazon асосчиси, миллиардер Жефф Безоснинг уч устунли яхтаси сузиб ўтиши учун эски De Hef кўпригини вақтинча демонтаж қилишга рози бўлди.
Таъкидланишича, 1927 йилда қурилган, De Hef номи билан ҳам танилган Koningshavenbrug кўприги 2017 йилда таъмирланган ва маҳаллий ҳокимият уни бошқа ҳеч қачон бузиб ташламасликка ваъда берган. Бироқ ҳозир кўприкнинг бир қисми миллиардер Безоснинг яхтаси унинг остидан сузиб ўтиши учун вақтинча демонтаж қилинмоқда.
Қамоқдаги криминал авторитет “Ёввойи Арман”нинг адвокатлари шикоят билан чиқди
Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар уюштиришда айбланаётган жиноий авторитет “Ёввойи Арман” (Арман Жумагелдиев)нинг адвокатлари ҳимоясидаги шахснинг изолятордаги шароитидан шикоят қилди.
Ҳимоячиларга кўра, Арман Жумагелдиев қийноққа тенглаштириш мумкин бўлган ноинсоний шароитларда сақланмоқда. Улар “Ёввойи Арман” полиция ҳибсхонасидан Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Олма-ота департаменти изоляторига кўчирилгани учун изоҳ талаб қилмоқда.
“Яшасин Украина!”. Эрдўған Зеленский билан учрашиш учун Киевга борди
Бугун, 3 февраль куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашиш учун Киевга борди. Президентларнинг бугунги кундаги асосий мақсади тўртта икки томонлама шартномани имзолашдир. Бу ҳақда Украина маҳаллий нашрлари хабар бермоқда.
“Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Украинага етиб келди ва ҳозирда Бориспол аэропортидан Мариинский саройига йўл олди. У ерда уни Владимир Зеленский кутиб олади. Эрдўғанга рафиқаси Эмина Эрдўған ҳамроҳлик қилмоқда. Жуфтлик Борисполда нон, халқ либослари ва фахрий қоровул билан кутиб олинди”, дейилади хабарда.
Мамлакат раҳбарлари 3 соат 10 дақиқа ёпиқ эшиклар ортида мулоқот қилдилар. Кейин Туркия-Украина стратегик ҳамкорлик йиғилиши ўтказилиб, мулоқот якунларига кўра 8 та ҳужжат имзоланди.
Чегара яқинида 12 кишининг музлаган мурдаси топилди
Туркиянинг Греция билан чегараси яқинида 12 муҳожир совуқ шароитда ҳалок бўлди. Давлатлар фожиада бир-бирини айбламоқда.
Гап шундаки, кеча, 2 февраль куни Пашакўй қишлоғи яқинидаги (Туркия шимоли-ғарбидаги Эдирна вилояти) Мандакору шаҳрида 11 нафар музлаган муҳожирлар жасади топилган эди. Яна бири кейинроқ шифохонада вафот этди.
Бағдодийдан кейинги ИШИД олий раҳнамоси ўлдирилди
АҚШ махсус кучлари Сурияда ўтказилган операция давомида Ал-Бағдодийдан кейинги ИШИД раҳбари этиб тайинланган Абу Иброҳим ал-Ҳошим ал-Қурайшийни йўқ қилди. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден бугун, 3 февраль куни Сурия шимоли-ғарбида ўтказилган контртерроризм миссиясига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилган.
Президент Байденга кўра, махсус тадбир кеча, 2 февраль куни кечқурун ўтказилган.
Билдирилишича, ушбу махсус операция 2019 йил АҚШ ИШИД собиқ раҳбари Ал-Бағдодий ўлдирилиши ортидан ўтказилган энг йирик ҳарбий амалиёт саналади.
LiveБарчаси