Андижонда ўқитувчилар тунгача мактабда олиб қолиниб, дискотека уюштириляпти
Жамият
−
03 Февраль 2022
21666Ижтимоий тармоқларда Андижонда ўқитувчилар ярим кечасигача қолиб, турли хил тадбирларда қатнашиши талаб қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун QALAMPIR.UZ мухбири Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси матбуот котиби билан боғланди.
Унга кўра, маҳаллалардаги уюшмаган ёшларнинг вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида мактабларда кечаси дискотека ва бошқа турли хил тадбирлар ташкил қилинмоқда.
“Мактаблар 24 соат очиқ ва турли хил тадбирлар ўтказилмоқда. Бундан мақсад – уюшмаган ёшларнинг вақтини мазмунли ўтказиш. Дискотекага келадиган бўлсак, бу мажбурий эмас. Маҳалладан истаганлар чиқиб, турли хил тадбирлар ўтказмоқда, хоҳласа спорт билан шуғулланади. Биз эса уларга шароит яратиб беряпмиз”, дейди матбуот котиби.
Айтиш жоизки, ушбу ҳолатга Олий Мажлис Қонунчилик паталаси депутати Расул Кушербоев ҳам муносабат билдирган.
“Нормал жамиятдаги одам кечаси 22:00 да ўз уйида, оила даврасида бўлади.
Лекин Андижон вилоятининг қатор туманларидан келаётган мурожаатларда айтилишича, мактабларда кундузи етмагандек, кечаси ҳам ўқувчи ва уюшмаган ёшларнинг вақтини мазмунли ташкил этиш учун тўгарак ва бошқа тадбирлар ташкил қилиш талаб қилинмоқда экан. Компьютер ўйинлари ўйнаш, спорт билан шуғулланиш, китоб ўқиш, фильм томоша қилиш, дискотека ва ҳоказо”, дейди Кушербоев.
Депутатнинг қайд этишича, ўқитувчилардан мактабда эрталабдан кечги 22:00 гача бўлиш талаб этилмоқда.
“Майли жиддий бўлайлик: бу кўзбўямачиликлар кимга, нима учун керак ўзи, тушунтирадиган борми?”, деб масъулларга юзланади депутат Кушербоев.
LiveБарчаси