Душанбанинг гапи сешанбага тўғри келмаяпти. Талабалар ҳукумат учун ҳеч кимми?
Жамият
−
03 Февраль 2022
32332Хабарингиз бор, жорий йилнинг 7 февралидан мактаб, коллеж-техникум ва олий таълим муассасаларида анъанавий таълим қайта бошланиши эълон қилинди.
Аммо бу кутилмаган қарор талабаларнинг шарт-шароитини инобатга олмасдан қабул қилингани ҳақида турли мурожаатлар тарқалди. QALAMPIR.UZ Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг анъанавий таълимга қайтиш бўйича қарорига одамлар қандай муносабатда эканини билиш учун ўқувчилар орасида сўровнома ўтказди.
Ярим кун давомида 6 минг респондент иштирок этган сўровномада “Таълим жараёнлари 7 февралдан офлайн тарзда бошланишига сизнинг фикрингиз қандай?” деган савол берилган.
Респондентлар қуйидагича жавоб берган:
• 43 фоизи анъанавий таълимга қайтишни қўллаб-қувватлаган;
• 45 фоизи бу қарорни салбий баҳолаган;
• 12 фоиз респондентлар учун бу қарор аҳамиятсиз.
Шу ўринда ижтимоий тармоқларда талабалар ва уларнинг ота-оналарининг ҳукумат жавоб бериши керак бўлган асосли саволлари тарқалмоқда. Хусусан, талабалар ижара муаммоси авж олишини, ўтган сафар онлайн таълимдан офлайнга қайтилганда квартира топилмаганини ва сарсон бўлишганини айтмоқда.
Баъзи ота-оналар эса фарзанди ижарага уй топмагунча ўқиш жойига юбормаслигини айтмоқда.
Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг кутилмаган қарори талабаларни мураккаб вазиятда қолдиргани шубҳасиз. Аммо ҳозирча ҳеч бир жўяли тушунтириш берилмади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса коронавирус тарқалиши камайгани учун шундай қарорга келинганини айтмоқда. Демак, эпидемиологик вазият кескинлашса, талабалар яна уйга "ҳайдалиши" ҳам ҳеч гап эмас.
ОТМларда эса айни сессия палласи эди. Энди квартира топа олмай уйида қолиб кетган талабалар имтиҳонларни қандай топшириши ҳам мавҳумлигича қолмоқда.
Алоҳида қайд этиш керакки, Республика махсус комиссияси биринчи марта шу тарзда қарор қабул қилиб, кейин айниб қолиши билан боғлиқ ҳолат биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Комиссия эскпресс-тест, дезинфекция тоннеллари борасида ҳам аввал айтиб, сўнг қайтиши билан тилга тушганди.
LiveБарчаси