“Хавфсиз талаба” иловасига уланиш мажбурий эмас – Бош прокуратура
Жамият
−
20:10 364 5 дақиқа
Аввалроқ, Ўзбекистондаги бир нечта олий таълум муассасаларида талабалардан “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатиш талаб қилинаётгани ҳақида хабар берилган эди. Хусусан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида талабалар ушбу иловани ўрнатмагани учун дарсга киритилмади, бунинг ортидан эса олийгоҳнинг Таржимонлик факультети декани Улуғбек Йўлдошев ишдан олинди. Ижтимоий тармоқларда ушбу дастурни ўрнатиш бўйича топшириқ прокуратура томонидан бўлгани айтилди. QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланди.
Унинг таҳририятга тақдим этган маълумотига кўра, “Хавфсиз талаба” платформаси Бош прокуратуранинг бевосита ахборот тизими ҳисобланмайди. Олмазор тумани Бош прокуратурага бириктирилганидан сўнг, туманнинг криминоген вазиятини яхшилаш, шунингдек, ҳудудда 6 та олий таълим муассасаси ва 41 та талабалар турар жойи мавжудлигини инобатга олган ҳолда, Таълим ва илм-фан вазирлиги, “Ўзинфоком” давлат корхонаси ҳамда бошқа идоралар ҳамкорлигида тажриба тариқасида “Талабалар вазиятлар маркази”ни ташкил этиш белгиланган ва мазкур вазифа амалга оширилган.
Вазиятлар марказининг асосий мақсади талабалар учун хавфсиз таълим олиш ва талабалар турар жойларида яшаш шароитларини яратиш, шунингдек, уларнинг таълим муассасалари вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат идоралари ва вазирликларга тезкор ва қулай тарзда мурожаат қилиш имкониятларини таъминлашдан иборат. Шу мақсадда “Хавфсиз талаба” мобил иловаси ишлаб чиқилиб, Вазиятлар марказига интеграция қилинган.
“Бош прокуратуранинг мазкур йўналишдаги асосий вазифаси вазирлик, олий таълим муассасалари раҳбарияти, тьюторлар, талабалар ва педагог ходимлар учун қулайлик яратиш, шунингдек, бир неча йилдан буён талабалар фойдаланиб келаётган Олий таълим вазирлигининг HEMIS ахборот тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат идоралари ва вазирликларнинг электрон тизимларини талабалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ягона тизимга интеграция қилишдан иборат бўлди. Натижада “Хавфсиз талаба” платформаси яратилди”, дейилади Бош прокуратура изоҳида.
Билдирилишича, платформа орқали талабалар ўз мобил қурилмалари ёрдамида таълим жараёни ва ўзлаштириш кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотларни онлайн тарзда олиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тиббиёт муассасалари ҳамда бошқа давлат идораларига мурожаат юбориши ва мурожаатларига электрон шаклда жавоб олиши мумкин.
“Шунингдек, исталган вақтда ва жойда тез тиббий ёрдам, профилактика инспектори ёки Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бригадасини чақириш имконияти яратилган. Бундан ташқари, олий таълим муассасалари талабалар турар жойларига жойлаштириш жараёни шаффофлаштирилиб, маиший коррупциянинг олдини олиш ҳамда инсон омилисиз электрон тизим орқали жойлашиш имконияти йўлга қўйилган. Энг муҳими, барча фойдаланувчилар учун мобил иловадан фойдаланиш мутлақо бепул этиб белгиланган”, дейилади Бош прокуратура маълумотида.
Қайд этилишича, Президентнинг жорий йил 11 сентябрь куни Олмазор туманига қилган ташрифи давомида мазкур тизим тақдимоти ўтказилган. Тақдимот жараёнида тизимнинг имкониятлари, шаффофлиги, ундан фойдаланиш мутлақо бепул эканлиги, шунингдек, ота-оналарнинг ўз фарзандлари – талабалар ҳақидаги маълумотларни мобил қурилмалари орқали бепул олиш имконияти мавжудлиги эътироф этилган.
Шу билан бирга, мазкур тизимни тажриба тариқасида дастлаб Тошкент шаҳридаги барча олий таълим муассасаларида, кейинчалик эса республика миқёсидаги олий таълим муассасаларида жорий этиш бўйича топшириқ берилган.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида 11 сентябрь кунидан бошлаб “Хавфсиз талаба” платформасининг мазмун-моҳияти ва имкониятларини олий таълим муассасалари раҳбариятига тушунтириш ҳамда тарғибот ишлари бошланган. Айни пайтда тизимни такомиллаштириш мақсадида олий таълим муассасалари вакиллари, талабалар ва бошқа фойдаланувчиларнинг фикр-мулоҳазалари ўрганилмоқда.
“Алоҳида таъкидлаш лозимки, талабаларнинг мазкур мобил иловага уланиши мажбурий ҳисобланмайди. Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тарғибот ишлари платформанинг қулайликлари ва имкониятларини тушунтириш, талабалар ҳамда таълим муассасалари вакилларида ундан фойдаланишга қизиқиш уйғотишга қаратилган”, дейилади изоҳда.
Шу мақсадда тизимнинг имкониятларини намойиш этувчи тегишли видеороликлар ҳам тайёрланган.
“Бош прокуратура ва қуйи тизимлари томонидан талабаларни мазкур платформага мажбурий тарзда улаш ёки платформага уланмаган талабаларни дарс машғулотларига киритмаслик бўйича бирон-бир масъул шахсга ёки олий таълим муассасаси вакилига топшириқ берилмаган”, дейилади хабарда.
Ўзи нима бўлди?
Жорий йилнинг 3 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг бир нечта олий таълим муассасаларида талабалардан “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатиш талаб қилинаётгани, айрим ҳолларда бунга рози бўлмаганлар дарсларга киритилмаётгани айтилган хабарлар тарқалди.
Жумладан, Тошкент давлат юридик университети талабаларидан бири ҳозирча иловани ўрнатиш мажбурий қилинмаганини, бироқ маъмурият томонидан уни юклаб олиш сўралаётганини билдирган. Бошқа бир талаба эса университетда иловани ўрнатмаганлар рўйхати шакллантирилиши ва уларга танбеҳ берилиши ҳақида гап-сўзлар тарқалаётганини ёзган.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаларидан бири эса эрталабдан талабалар университет кириш жойида тўхтатилиб, иловани ўрнатишга мажбурланаётганини маълум қилган. Унинг ёзишича, иловани ўрнатиш жараёнида айрим талабалар дарсга кечиккан ва уларга давомат бўйича “НБ” қўйилган. Шунингдек, дарс вақтида декан, декан ўринбосарлари ва тьюторлар аудиторияга кириб, иловани ўрнатмаган талабаларни туришга мажбур қилаётгани, рад жавобини берганларга танбеҳ берилаётгани айтилган.
Бундан ташқари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси икки ҳафтадан бери университет кириш жойида талабалар турли APK иловаларини ўрнатишга ундаётганини ёзган. Унинг билдиришича, аввал ҳам “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатиш талаби қўйилган.
Талабалар мурожаатларида илованинг мақсади ва уни ўрнатиш зарурати етарлича тушунтирилмаётгани, хавфсизликни таъминлаш истаги талабаларни мажбурлаш орқали эмас, тушунтириш ишлари билан амалга оширилиши кераклиги таъкидланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Таълим ва илм-фан вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, вазирлик раҳбарияти ушбу масалани тезкор ўрганиш бўйича кўрсатма берган. Айни пайтда ишчи гуруҳ ҳолатни ўрганишни бошлаган. Шунингдек, вазирлик таълим жараёнининг узлуксизлиги ва талабаларнинг таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши шартлигини маълум қилди.
Live
Барчаси