“Хавфсиз талаба” можароси: Жаҳон тиллари университетида декан ишдан олинди

Жамият

−

image

Аввалроқ, Ўзбекистондаги бир нечта олий таълим муассасаларида талабалардан “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатиш талаб қилинаётгани, айрим ҳолларда бунга рози бўлмаганлар дарсларга киритилмаётгани ҳақида хабар берилган эди. Хусусан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаларидан бири эрталабдан талабалар университет кириш жойида тўхтатилиб, иловани ўрнатишга мажбурланаётганини маълум қилганди. Ушбу ҳолат ортидан университетнинг Таржимонлик факультети декани Улуғбек Йўлдошев ишдан олинди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.

Манбанинг маълум қилишича, “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатиш талаб қилиниб, айнан ушбу факультет талабалари дарсга киритилмаган. Бунинг ортидан декан Улуғбек Йўлдошев лавозимидан озод қилинган.

Ўзи нима бўлди?

Бугун, 3 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг бир нечта олий таълим муассасаларида талабалардан “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатиш талаб қилинаётгани, айрим ҳолларда бунга рози бўлмаганлар дарсларга киритилмаётгани айтилган хабарлар тарқалди.

Жумладан, Тошкент давлат юридик университети талабаларидан бири ҳозирча иловани ўрнатиш мажбурий қилинмаганини, бироқ маъмурият томонидан уни юклаб олиш сўралаётганини билдирган. Бошқа бир талаба эса университетда иловани ўрнатмаганлар рўйхати шакллантирилиши ва уларга танбеҳ берилиши ҳақида гап-сўзлар тарқалаётганини ёзган.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаларидан бири эса эрталабдан талабалар университет кириш жойида тўхтатилиб, иловани ўрнатишга мажбурланаётганини маълум қилган. Унинг ёзишича, иловани ўрнатиш жараёнида айрим талабалар дарсга кечиккан ва уларга давомат бўйича “НБ” қўйилган. Шунингдек, дарс вақтида декан, декан ўринбосарлари ва тьюторлар аудиторияга кириб, иловани ўрнатмаган талабаларни туришга мажбур қилаётгани, рад жавобини берганларга танбеҳ берилаётгани айтилган.

Бундан ташқари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси икки ҳафтадан бери университет кириш жойида талабалар турли APK иловаларини ўрнатишга ундаётганини ёзган. Унинг билдиришича, аввал ҳам “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатиш талаби қўйилган.

Талабалар мурожаатларида илованинг мақсади ва уни ўрнатиш зарурати етарлича тушунтирилмаётгани, хавфсизликни таъминлаш истаги талабаларни мажбурлаш орқали эмас, тушунтириш ишлари билан амалга оширилиши кераклиги таъкидланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Таълим ва илм-фан вазирлиги расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, вазирлик раҳбарияти ушбу масалани тезкор ўрганиш бўйича кўрсатма берган. Айни пайтда ишчи гуруҳ ҳолатни ўрганишни бошлаган. Шунингдек, вазирлик таълим жараёнининг узлуксизлиги ва талабаларнинг таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши шартлигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг