18 та ўлим, совуқда исимаган уйлар, Ғарбнинг ҳарбий база илинжи, умрбод қамоқ ва “Imarat”нинг фош бўлган сирлари – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
22:14 364 15 дақиқа
9 ноябрдан Ўзбекистонда совуқ тушади, қор ёғиши кутиляпти. Баъзи жойларда 1-2 даражагача совуқ бўлиши айтилди. Марказий қозонхоналарга уланган кўп қаватли уйларга ҳали ҳам иссиқлик энергияси берилгани йўқ. Одамлар бетон уйларни иситиш учун аллақачон кондиционер ва электр иситгичлардан фойдаланяпти. Қурмағур “свет”нинг нархини ҳам биласиз. Ёқмай десангиз совуқ, болалар бор, дорихонани қидириб қоласиз, дорилар ҳам отнинг калласи. Ёқсангиз “счетчик” тинмай айланади. Ва ниҳоят Тошкент шаҳар ҳокими ўша совуқ тушадиган кун – 9 ноябрдан мактаб, боғча, шифохона ва бошқа муассасаларни иситишга рухсат берди. Шу кундан бошлаб кўп қаватли уйларни ҳам иссиқлик таъминотига улаш бошланади. Шу ва бошқа муҳим воқеалар тафсилоти билан Ҳафта ва воқеалари таҳлилида танишасиз.
Бир ҳафтада газидан 18 киши ўлди
Ҳар баҳорда шу бўлар такрор деганларидек, ҳар қишда Ўзбекистонда одамларнинг, баъзан бутун бошли оиланинг ис газидан заҳарланиб вафот этиши, ярим тунда ўчирилиб, қайта берилган газ, уйни иситиш учун ёқилган кўмир сабаб ҳалок бўлиши, куз-қишдаги этни жукжуктирмайдиган ҳолатга айланиб қолди, афсуски. Фақат булар энди пойтахт Тошкентгача етиб келаётгани кишини ўйлантиради.
25 октябрь куни Фарғона туманининг Чимён қишлоғида бир оиладан 7, шу куннинг ўзида Тошкент шаҳрида 6, 1 ноябрь куни Қўқон шаҳрида 5 нафар – жами 18 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди. Уларнинг ўлимига Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилган ва аслида утилизацияга топширилган Германиянинг Vaillant русумидаги табиий газ ёрдамида ишлайдиган икки контурли иситиш воситаси сабаб бўлгани айтилмоқда.
Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига кўра, ушбу иситиш қозонлари хизмат вазифасини ўтаб бўлган, яъни улар Германияда ишлатилиб, утилизацияга топширилган фойдаланишга яроқсиз эски ускуналар ҳисобланади.
Ушбу иситиш қозонлари ўзининг ажралмас қисми бўлган ҳақиқий дудбуронисиз олиб кирилган. Ўрнига эса юқори ҳарорат таъсирида қаттиқлик хусусиятини йўқотиб, эрийдиган канализация учун мўлжалланган полиэтилен қувурлар ўрнатилган.
Ўзбекистонда ҳар йили куз-қиш мавсумида ис гази билан заҳарланиш ортидан кўплаб одамлар ҳалок бўлади, бироқ бу ҳақидаги маълумотларнинг ҳаммаси ҳам ошкор қилинмайди. Масалан, 2026 йилнинг январь-октябрь ойларида газ таъминоти билан боғлиқ жами 52 та бахтсиз ҳодиса юз берган ва оқибатда 51 нафар фуқаро вафот этган 67 нафари жароҳат олган.
АҚШ Марказий Осиёда ҳарбий база қурадими?
Сўнгги пайтларда Ғарб мамлакатлари вакиллари Марказий Осиё республикалари раҳбариятига ўз ҳудудларида ҳарбий базаларни жойлаштириш бўйича илтимослар билан тез-тез мурожаат қилмоқда. Улар буни минтақа мамлакатларининг Афғонистонга географик жиҳатдан яқинлиги билан боғлаяпти. Бу ҳақда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котиби Таалатбек Масадиков жорий йилнинг 21 октябрь куни видеоқўнғироқ шаклидаги брифингда гапирган бўлса-да, унинг иси тугаётган ҳафтада чиқди.
Диққат қилсангиз, унинг бу фикрлари айнан АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг 18-19 октябрь кунлари Ўзбекистонга ташрифи, бу берда Марказий Осиёнинг 5 мамлакати Ташқи ишлар вазирлари билан C5+1 форматида мулоқот ўтказиши атрофида янграганини пайқайсиз.
Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё республикаларининг КХШТга аъзо бўлган ва аъзо бўлмаган етакчилари бундай илтимосларга қатъий рад жавобини бермоқда. Жумладан, улар минтақа ичидаги келишмовчиликларни мустақил равишда енгиб ўтишга муваффақ бўлгани сабабли ҳам шундай йўл тутяпти.
У Россиянинг Қирғизистон ва Тожикистондаги ҳарбий иштироки ушбу республикалардаги, шунингдек, умуман Марказий Осиёдаги вазиятга ижобий таъсир кўрсатаётганини қўшимча қилган. Иккала мамлакатда ҳам ушбу иштирок сақланиб қолмоқда ва ҳокимият органлари бу тартибни қайта кўриб чиқиш ниятида эмас.
“Минтақа бошқа давлатлар кучларининг иштирокидан манфаатдор эмас. Айниқса, Марказий Осиёнинг баъзи республикалари, жумладан, Қирғизистон Ғарб ҳарбийларини жойлаштириш тажрибасига эга бўлгани ва унга қайтишга тайёр эмаслиги сабабли. Ишончим комилки, Марказий Осиё давлатлари етакчиларининг сиёсий иродаси ва донолиги масалаларни тинч йўл билан ва етарлича тез ҳал этишга ҳамда пайдо бўладиган чақириқларга, агар шундайлари юзага келса, жавоб беришга имкон беради”, дейди КХШТ раҳбари.
Ҳозирда Марказий Осиёда энг йирик ва доимий ҳарбий иштирокка эга бўлган мамлакат – Россия. Тожикистонда Россиянинг мамлакат ташқарисидаги энг йирик ҳарбий объекти — 201-ҳарбий базаси жойлашган. Бундан ташқари, мамлакатда Россия космик қўшинларига тегишли “Окно” оптик-электрон назорат тизими бор. Қирғизистонда эса Россиянинг Кант шаҳридаги бирлашган авиабазаси мавжуд, у КХШТ Тезкор жавоб қайтариш кучларининг ҳаво компонентларини таъминлайди. Шунингдек, Қозоғистонда Россия Федерацияси ижарага олган “Бойқўнғир” космодроми ва “Сари-Шаган” ракетага қарши мудофаа полигони ишлаяпти.
Минтақада Ғарбнинг бирорта мамлакати ё тузилмасига оид ҳарбий объект ёки армия йўқ. Биринчи маъмурият даврида Ўзбекистон жанубидаги Хонобод аэродромидан 2001 йил октябридан 2005 йил ноябригача АҚШ ҳаво базаси сифатида фойдаланилган. Американинг илк самолётлари 2001 йилнинг 11 сентябридаги хуружларидан бир ой ўтиб, Ўзбекистон жанубига қўнган. Аэробаза “Ал-Қоида” ва қўшни Афғонистонда жойлашган “Толибон” кучларини нишонга олиш кампаниясида АҚШ кучлари учун логистика маркази бўлиб хизмат қилган. 2005 йил май ойида юз берган Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукумати америкаликлардан Хонободни тарк этишни талаб қилган.
Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блоклар ёки иттифоқларга аъзо эмас. Бу мамлакат Мудофаа доктринасининг асосий принципи. Қуролли Кучлар мамлакат ташқарисидаги ҳарбий амалиётларда ёки тинчлик ўрнатиш миссияларида иштирок этмайди.
2 ярим яшар қизини зўрлаган ота умрбодга қамалди
Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида 24 ёшдаги хотинини ўлдириб, 2,5 яшар қизига жинсий зўравонлик қилган ва унинг ҳам умрига зомин бўлган эркак умрбод қамалди.
Ҳодиса жорий йилнинг 7 июнь куни содир бўлган. Эркак маст ҳолатда турмуш ўртоғи яшаб келган хонадонга бориб, хотинининг бош соҳасига бир марта қўли билан уриб, бўғиб ўлдирган. Кейин эса жанжал овозидан уйғонган қизини ётоқхонага олиб кирган ва зўрлик ишлатиб, ўзининг жинсий эҳтиёжини қондирган. У ўз жирканч жиноятини ҳамда мурдани яшириш мақсадида қизининг жасадини сумкага жойлаб, отасининг уйига олиб бориб, ҳожатхона ўрасига ташлаб юборган. 28 ёшли судланувчи айбловларни тан олмаган. Суд иш бўйича тўпланган далилларни баҳолаб, уни турмуш ўртоғи ва қизининг ўлимида айбли деб топган. Ҳукм билан эркакка жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Қашқадарёнинг Ғузор туманида ҳам аёл ва унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзанди устига бензин сепиб, ёқиб юборган эркак умрбод қамалди.
Ҳолат жорий йилнинг 15 май куни содир бўлган. Эркак тунда аёлнинг уйига бориб, у билан жанжаллашган. Сўнг ўзи билан олиб келган 5 литрли идишдаги бензинни ёпиқ хонада бўлган аёл ва унинг тўрт нафар вояга етмаган фарзанди устига сепиб, уларни ўта шафқатсизлик билан тириклайин ёқиб юборган.
Маълум қилинишича, кўрсатилган тез ёрдам ва тиббий муолажалар натижасида аёл ва унинг икки нафар фарзандининг ҳаёти сақлаб қолинган. 6 яшар ўғли ва 11 яшар қизи вафот этган. Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди ҳукми билан айбланувчи Жиноят кодексининг 25,97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисмининг “а”, “в”, “д”, “ж” бандлари ҳамда 173-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Тарғиботми ё тартибот?
Ўзбекистонда ички ишлар ходимлари томонидан тинимсиз тарғиб қилиниб, йўлдан ўтган пиёда борми ёки ҳайдовчи, телефонига ўрнатиб олиши тавсия, баъзи жойларда керак бўлса, талаб қилинаётган APK қўриқчи иловаси ҳақида эшитдингизми? Балки, баъзиларингиз уни ўрнатиб олиш бўйича тарғиботга кўчаларда дуч келгандирсиз ҳам.
Ўзбекистон ички ишлар вазирлигига кўра, андроид тизимида ишловчи ушбу дастур телеграм ёки интернетдан юклаб олинган, масофадан бошқариш ёки маълумот ўғирлаш хавфи бўлган .apk файлларни ва ўрнатилаётган дастурларни текширади. Телефондаги айғоқчилик (spyware) ёки рухсатсиз шахсий маълумот йиғувчи шубҳали дастурларни тутиб, улар ҳақида фойдаланувчига огоҳлантириш беради. Мобил банк иловалари, шахсий ёзишмалар ва банк карталари маълумотларининг ўғирланиши олдини олишга кўмаклашади. Аммо бу ҳали таҳлиллар ва рақамлар билан ўз исботини топганмаган.
Play Market’га ушбу дастур жорий йилнинг апрель ойида жойлаштирилган ва унинг муаллифи сифатида Ички ишлар вазирлиги кўрсатилган. Ҳозиргача унинг дастурий таъминоти, хавфсизлиги, серверларининг жойлашуви, маълумотлар сақланишининг дахлсизлиги масалаларида аниқ хулосалар мавжуд эмас.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, дастур фақат андроид операцион тизимида ишлайдиган телефонларга мўлжалланган.
Ўзбекистоннинг бир нечта олий таълим муассасаларида эса талабалардан бошқа бир илова – “Хавфсиз талаба”ни ўрнатиш талаб қилинаётгани, айрим ҳолларда бунга рози бўлмаганлар дарсларга киритилмаётгани айтилмоқда. Тошкент давлат юридик университети талабаларидан бири ҳозирча иловани ўрнатиш мажбурий қилинмаганини, бироқ маъмурият томонидан уни юклаб олиш сўралаётганини билдирган. Бошқа бир талаба эса университетда иловани ўрнатмаганлар рўйхати шакллантирилиши ва уларга танбеҳ берилиши ҳақида гап-сўзлар тарқалаётганини ёзган.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаларидан бири эса эрталабдан талабалар университет кириш жойида тўхтатилиб, иловани ўрнатишга мажбурланаётганини маълум қилган. Унинг ёзишича, иловани ўрнатиш жараёнида айрим талабалар дарсга кечиккан ва уларга давомат бўйича “НБ” қўйилган. Шунингдек, дарс вақтида декан, декан ўринбосарлари ва тьюторлар аудиторияга кириб, иловани ўрнатмаган талабаларни туришга мажбур қилаётгани, рад жавобини берганларга танбеҳ берилаётгани айтилган.
Бундан ташқари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси икки ҳафтадан бери университет кириш жойида талабалар турли APK иловаларини ўрнатишга ундаётганини ёзган. Унинг билдиришича, аввал ҳам “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатиш талаби қўйилган.
Талабалар мурожаатларида илованинг мақсади ва уни ўрнатиш зарурати етарлича тушунтирилмаётгани, хавфсизликни таъминлаш истаги талабаларни мажбурлаш орқали эмас, тушунтириш ишлари билан амалга оширилиши кераклиги таъкидланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Таълим ва илм-фан вазирлиги расмий муносабат билдирди. Вазирлик раҳбарияти ушбу масалани тезкор ўрганиш бўйича кўрсатма берган. Айни пайтда ишчи гуруҳ ҳолатни ўрганишни бошлаган. Таълим жараёнининг узлуксизлиги ва талабаларнинг таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши шартлигини маълум қилган.
Кескин норозиликлар фонида аввалига Жаҳон тиллари университети Таржимонлик факультети декани Улуғбек Йўлдошев ишдан олинди. 6 ноябрь куни Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов ўтказган йиғилишда эса Ўзбекистондаги 5 та ОТМ, жумладан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректори Илҳомжон Тўхтасинов ва Самарқанд давлат чет тиллари институти ректори Баҳодир Ҳолиқов лавозимидан озод этилган.
Жаҳон тиллари университети ректорининг ишдан олиниши “Хавфсиз талаба” иловаси билан боғлиқ можаро туфайли юз бергани айтилмоқда. Шу ўринда савол туғилади: бу дастурлани талабаларнинг телефонларига ўрнатиш таклифи декан ё ректорлардан чиқмагандир?! Ўша дастурларни ректорнинг ўғли ё деканнинг жияни ишлаб чиқмагандир?! Республиканинг бир неча ОТМларида омматан берилган топшириқ асосида бирники мингга, мингники туманга қабилида кетаётган ишларга нега ректорлар қурбон қилиниши керак. Бу топшириқни берганлар, ректорларни бунга ундаганлар панада қолаверадими?
Бош прокуратуранинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, “Хавфсиз талаба” платформаси Бош прокуратуранинг бевосита ахборот тизими ҳисобланмайди. Олмазор тумани Бош прокуратурага бириктирилганидан сўнг, туманнинг криминоген вазиятини яхшилаш, шунингдек, ҳудудда 6 та олий таълим муассасаси ва 41 та талабалар турар жойи мавжудлигини инобатга олган ҳолда, Таълим ва илм-фан вазирлиги, “Ўзинфоком” давлат корхонаси ҳамда бошқа идоралар ҳамкорлигида тажриба тариқасида “Талабалар вазиятлар маркази”ни ташкил этиш белгиланган ва мазкур вазифа амалга оширилган.
Вазиятлар марказининг асосий мақсади талабалар учун хавфсиз таълим олиш ва талабалар турар жойларида яшаш шароитларини яратиш, шунингдек, уларнинг таълим муассасалари вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат идоралари ва вазирликларга тезкор ва қулай тарзда мурожаат қилиш имкониятларини таъминлашдан иборат. Шу мақсадда “Хавфсиз талаба” мобил иловаси ишлаб чиқилиб, Вазиятлар марказига интеграция қилинган.
“Бош прокуратуранинг мазкур йўналишдаги асосий вазифаси вазирлик, олий таълим муассасалари раҳбарияти, тьюторлар, талабалар ва педагог ходимлар учун қулайлик яратиш, шунингдек, бир неча йилдан буён талабалар фойдаланиб келаётган Олий таълим вазирлигининг HEMIS ахборот тизими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат идоралари ва вазирликларнинг электрон тизимларини талабалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ягона тизимга интеграция қилишдан иборат бўлди. Натижада “Хавфсиз талаба” платформаси яратилди”, дейилади Бош прокуратура изоҳида.
Прокуратура баёнотида айтилишича, Президентнинг жорий йил 11 сентябрь куни Олмазор туманига қилган ташрифи давомида мазкур тизим тақдимоти ўтказилган. Тизимни тажриба тариқасида дастлаб Тошкент шаҳридаги барча олий таълим муассасаларида, кейинчалик эса республика миқёсидаги олий таълим муассасаларида жорий этиш бўйича топшириқ берилган.
“Алоҳида таъкидлаш лозимки, талабаларнинг мазкур мобил иловага уланиши мажбурий ҳисобланмайди. Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тарғибот ишлари платформанинг қулайликлари ва имкониятларини тушунтириш, талабалар ҳамда таълим муассасалари вакилларида ундан фойдаланишга қизиқиш уйғотишга қаратилган. Бош прокуратура ва қуйи тизимлари томонидан талабаларни мазкур платформага мажбурий тарзда улаш ёки платформага уланмаган талабаларни дарс машғулотларига киритмаслик бўйича бирон-бир масъул шахсга ёки олий таълим муассасаси вакилига топшириқ берилмаган”, дейилади изоҳда.
Шахсий хавфсизлик, биринчи навбатда одамларнинг ўзига керак. Аммо, буни уларга куч, талаб ва ва бошқа дахл қилувчи воситалар билан тушунтириб бўлмайди. Ахир қандай қилиб бир одамга хавфсизлиги учун шароит яратиш истагингизни бошқача хавф услуби билан тушунтириш мумкин? Ижтимоий тармоқдаги баҳсларда айтилишича, тарғиботнинг номи тартиботга айланмаслиги керак. Бугунгача одамлар бундай дастурларнинг кўпидан синовдан ўтди. Ёки Humans каби дастурларни эслайлик, бир кечада қанча одам хонавайрон бўлди. Дастурни мажбурий-ихтиёрий ўрнатишни ташкил этишдан аввал, шахсга доир маълумотларнинг дахлсизлиги, ўша дастурларнинг ўзига одамлар чув тушмаслиги ва мамлакатнинг ахборот технологиялари соҳасидаги ютуқлари кўз-кўз қилиниши, қизиқиш уйғотилиши керакмасми?
Масалан, Ўзбекистонда APK қўриқчи ва “Хавфсиз талаба” иловаларига оммавий улаш ишлари ташкил қилинаётган ва норозилик кайфияти кучайган шу ҳафтада ижтимоий тармоқларда ўзини “Butterfly Team” деб таништирган ҳакерлар гуруҳи 27 млн ўзбекистонликнинг шахсий маълумотларини қўлга киритгани ҳақида хабарлар тарқалди.
“Охирги кунларда хакерлар атакалари бўйича дунёда жуда кўп янгиликлар чиқмоқда. Масалан, Binance биржасидан 6 млрд доллардан ортиқ маблағлар ўғирлангани тасдиқланди. СИдан сўраса яна кўплаб мисоллар беради. Яқинда 27 млн маълумот чиқиб кетди деб шов-шув қилган “Butterfly Team” ҳам мақсади айнан шу масалага эътибор қаратиш бўлганлигини ўзида ҳам ёзиб чиқибди. Лекин ҳозир тарқалмади дегани, зудлик билан чоралар кўрилмаса, эртага бундай ҳолат бўлмаслигига кафолат дегани эмас!” деб ёзди Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ўзининг Телеграм-каналида.
Ўзини “Butterfly Team” дея таништирган “оқ” ҳакерлар жамияти деструктив мақсадларни кўзламаслигини, ўзларининг мақсади мамлакатдаги киберхавфсизлик даражаси энг юқори босқичга чиқишига эришиш ва бунга ёрдам беришга тайёр эканини маълум қилган.
“Куни кеча тармоқда тарқалган нарса — бу шунчаки бир белги ва қатъий огоҳлантириш эди. Биз томонимиздан ҳеч қандай ҳақиқий маълумотлар сизиб чиқарилиши ёки зарарли бузиб кириш амалга оширилгани йўқ, ваҳоланки бунинг учун техник имконият мавжуд эди”, дейилади баёнотда.
Нилуфар Ҳамидова қамалди
Беҳаё чиқишлари ортидан жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлган 48 яшар Нилуфар Ҳамидова қамалди.
5 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб Нилуфар Ҳамидовага нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик иши кўриб чиқилган. Суднинг қарорига кўра, У МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) билан айбдор деб топилиб, унга шу модда билан 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
У ижтимоий тармоқларда ўзининг очиқ либослари ва ҳаракатлари билан эътирозларга сабаб бўлиб келган. Изоҳларда эса кўпчилик фойдаланувчилар унга берилган 7 кунлик маъмурий қамоқ жазоси кам эканини ёзмоқда.
Шаҳзода Муҳаммедова “Imarat”сирларини очди
Айни вақтда ўзбекистонликларнинг эътибори актриса Шаҳзода Муҳаммедованинг оиласи, эри, улар реклама қилган ва ўзиникилигини бот-бот айтиб келган “Imarat Development” компаниясига қаратилган. Ўтган ой охирида “Imarat”нинг “Imtiyaz”га айланиши ортидан хонадонларга тўлов қилганларнинг жанжал кўтариши ижтимоий тармоқларни ларзага келтирган эди. Аслида “Imarat” теварагида бундай воқеалар биринчи марта бўлаётгани йўқ. Аввалги ҳолатларда буни душманлари, рақобатчилари томонидан уюштирилаётганини айтиб келган Ҳамдамовнинг ўзи бу сафар компания ичида ички келишмовчилик чиққани ва ҳатто ўзи ҳам ишга боролмаётганини айтиб чиққанди.
Хуллас, тармоқдаги баҳс ва эътирозлар, сотув офисидаги жалжал ва одамларнинг тўпланиши ортидан Марат Ҳамдамов ва унинг шериги экани айтилаётган Жасур Азизов қўлга олинди.
Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди “Imarat Development” қурилиш лойиҳаси раҳбари Марат Ҳамдамовга “қамоқ” эҳтиёт чораси қўллаш ҳақида ажрим чиқарди.
Айни вақтда Тошкент шаҳар ИИББ томонидан “Imarat Development” масъулияти чекланган жамият раҳбариятига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ва прокуратура назоратига олинган.
Воқеалар авжига чиққанда эса Марат Ҳамадовнинг турмуш ўртоғи, актриса Шаҳзода Муҳаммедова ҳам ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаат билан чиқиб, ҳамма сирларни ошкор қилишини, Тошкентдаги квартирасидан бошқа ҳеч нарсаси йўқлиги, компанияда фақат реклама юзи сифатида иштироки бўлгани, барча ишлар Жасур Азизов томонидан олиб борилгани, Дубайдаги уйи ва автомобили ҳам ўз номида эмаслигини очиқлади.
Унинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи унга воқеаларга оид барча далил ва ҳужжатларни қолдирган. Муҳаммедова Жасур Азизов молиячиси Ҳилола ва бошқа ҳамкорлари билан биргаликда компания ҳисобларига келиб тушган маблағларни ўз қариндошларининг ҳисоб рақамларига ўтказиб келганини даъво қилди. Шунингдек, юзага келган вазиятдан оддий харидорлар қанчалик зарар кўрган бўлса, уларнинг оиласи ҳам шунчалик жабр кўрганини айтади.
Муҳаммедова Марат Ҳамдамов ва унинг ўзи компания маблағларини ўзлаштириб, хорижга чиқиб кетиш ниятида бўлгани ҳақидаги гапларни ҳам рад этди. У Жасур Азизовнинг Дубайдан Германияга учиб кетаётган вақтида Интерпол орқали Ўзбекистонга олиб келинганига ҳам эътибор қаратди.
Унинг яна бир даъвосига кўра, Жасур Азизов бир неча бор Марат Ҳамдамовга компания номини ўзгартириш ва шу орқали давлатдан кредит олиш таклифини билдирган. Актриса бу ҳақдаги суҳбатлар ёзиб олинган аудиоёзувлар ҳам мавжудлигини айтди.
Live
БарчасиОзон тешиги рекорд даражада кенгайди
06 Ноябрь
Октябрда инфляция 0,6 фоизни ташкил этди
06 Ноябрь