Нью-Йорк ва Нью-Жерсида фавқулодда ҳолат эълон қилинди (видео)
Олам
−
1086 2 дақиқа
АҚШнинг шарқий ҳудудларида кучли бўрон ва ёғингарчилик сабаб қарийб 900 минг хонадон ҳамда корхона электр таъминотисиз қолди. Нью-Йорк ва Нью-Жерси штатларида фавқулодда ҳолат режими жорий этилди. Бу ҳақда DW хабар берди.
Маълум қилинишича, кеча, 26 ноябрь куни, Шукроналик кунида мамлакатнинг шарқий штатларида об-ҳаво кескин ёмонлашган. Электр таъминотидаги узилишлардан энг кўп Пенсильвания, Нью-Жерси ва Мэриленд штатлари аҳолиси жабр кўрган. Ушбу ҳудудларда мос равишда 196 минг, қарийб 175 минг ва 136 минг истеъмолчи электрсиз қолган.
Мэриленд штатида электр таъминотидаги узилишлар сувни тозалаш тизимида ҳам муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабли, маҳаллий ҳокимият қарийб икки миллион истеъмолчидан водопровод сувини тежаб ишлатишни сўраган.
Шунингдек, АҚШнинг шарқий соҳиллари, жумладан, Виржиния штатида сув тошқинлари кузатилган. Кучли шамол дарахтларни қулатган. Об-ҳаво шароити туфайли мамлакат бўйлаб 400 га яқин авиақатнов бекор қилинган, 2 мингдан ортиқ рейс эса кечиктирилган.
Нью-Йорк штатида 73 мингдан ортиқ хонадон ва корхона электрсиз қолган. Маҳаллий метеорология хизмати шаҳарнинг Марказий боғида шамол тезлиги соатига 77 километрга етганини қайд этган. Кейинчалик шамол тезлиги соатига 105 километргача кучайиши мумкинлиги билдирилган.
Об-ҳаво шароити сабаб Нью-Йоркда Шукроналик куни анъанавий тарзда ўтказиладиган Macy’s паради ҳам қолдирилган. Бу тадбир қарийб 100 йил ичида биринчи марта бошқа кунга кўчирилган. Парад 28 ноябрь куни ўтказилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британияда “Boelo” бўрони оқибатида икки киши ҳалок бўлгани, 90 мингдан ортиқ хонадон электр таъминотисиз қолгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси