Зарқайнардаги уйлар бузилмайди. Маҳалла UNESCO рўйхатига киритилди

Жамият

image

Тошкент маҳаллалари UNESCO Бутунжаҳон маданий меросининг Дастлабки рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари – Президент Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева маълум қилди. 

“Эски шаҳар маҳаллалари маданий қатламларини сақлаб қолиш бўйича дастлабки қадамлар 2019 йилда, Венеция архитектура Биенналесида тақдим этилган "Маҳалла: шаҳар ва қишлоқ ҳаёти" лойиҳаси ишлаб чиқилганда амалга оширилган эди. Маҳаллаларимиз халқаро экспертлар томонидан эко-архитектурани тиклаш, замонавий шаҳарларни оммавий урбанизациядан асраш, шунингдек, ижтимоий қадриятлар ва жамоавийликни сақлаб қолиш усули сифатида эътироф этилди.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси UNESCO билан ҳамкорликда етакчи олим, мутахассис, архитектор ва тадқиқотчиларни бирлаштирди. Олдимиздан оққан сувни, яъни маҳалланинг тарихий қадр-қимматини, миллий маданий ўзига хослигини англай бошлаганимиздан жуда хурсандман”, дейди Саида Мирзиёева. 

Унинг урғулашича, рўйхатга киритилган ушбу ҳудудда ҳеч қандай инвестиция қурилиш лойиҳаларини амалга оширишга рухсат бўлмайди.

“Тошкентнинг юраги бўлган қадимий Зарқайнар кўчаси тақдирига самимий қайғураётган барчага – жамоатчилик вакиллари, фаоллар, журналист ва блогерларга миннатдорчилик билдирамоқчиман. Шунингдек, маҳаллани асраб қолиш лойиҳасини қўллаб-қувватлагани ва уни Бутунжаҳон табиий ва маданий мероси рўйхатига киритгани учун UNESCO ташкилотига миннатдорчилик билдирамиз”, дейди Президентнинг қизи.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 январь куни “Ўзбекистон 24” телеканалида Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги Зарқайнар кўчаси ҳудуд руҳини сақлаган ҳолда туристик марказга айлантирилиши ҳақида хабар берилган эди. Ҳатто, ушбу лойиҳа Президент Шавкат Мирзиёевга ҳам тақдим этилганди. Мазкур лойиҳа ижтимоий тармоқларда жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева Зарқайнар

Баҳолаганлар

304

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг