АҚШ доллардан фойдаланишни чекласа, Россия нима қилади? Песков жавоб берди
Олам
−
03 Февраль 2022
32083АҚШ Россия банклари учун доллардан фойдаланишни чеклаб қўйса, расмий Москва қандай йўл тутиши маълум бўлди. Кремль Матбуот котиби Дмитрий Песковнинг журналистларга айтишича, ҳукумат бундай вазиятга қарши чоралар кўрмоқда ва тақиқ оқибатида кўриладиган зарар миқёсини минималлаштириш учун режалар тузган.
“Бундай олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган ҳолатларнинг оқибатини минималлаштириш учун режалар мавжуд”, дея билдирган Кремль расмийси.
Бундан ташқари, у журналистларнинг ҳукумат Россия ҳудудида АҚШ доллари фаолиятига чеклов жорий қилиши мумкинлиги ҳақидаги саволига ҳам тўхталиб ўтган.
“Яна бир бор такрор айтаман: биз доимий равишда Қўшма Штатларни провокацион ҳаракатлардан тийилишга ва Европа қитъасида кескинликни кучайтирмасликка чақирамиз”, дея таъкидлаган Песков.
Унинг қўшимча қилишича, АҚШнинг санкция борасидаги хатти-ҳаракатларини олдиндан тахмин қилиб бўлмайди, Вашингтон кутилмаган баёнотлари ортидан халқаро майдонда ҳам ном қозонган ва Кремль унинг ҳаракатларидан ҳавотирда.
Аввалроқ, Россия Украинага ҳужум қилса, АҚШ Москвага қарши қандай тақиқлар жорий қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.
Украина-Россия низоси
Сўнгги пайтларда Россия-Украина можароси жиддий тус олган. Бир томонда Киевни қўллаётган АҚШ ва НАТО турган бўлса бошқа томонда урушга қарши ҳарбий тайёргарликларни бошлаб юборган Россия турибди.
Украинанинг тарафини олиб АҚШ Киевга 200 миллион доллар миқдоридаги, қарийб 500 тонна қурол-яроғ, 300 та Жевелин танкка қарши ўт очар техникалари ва 5 та МИ-17 вертолётини етказиб берганини билдирган. Бундан ташқари, 8 500 нафар ҳарбийни Шарқий Европага юбориш учун шай ҳолда ушлаб тургани ҳақида маълум қилган.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги эса Украинага элита бўлинмасининг 30 нафар ҳарбий хизмаитчисини, 2 000 та танкка қарши ракета ва қурол-яроғ юборилгани ҳақида хабар берган.
Бошқа томондан, Россия Украина баҳонасида “бурни тагига” тиқилиб олаётган НАТОнинг Шарқий Европа томон силжиб келишини қоралаб, унга қарши ўз ҳудуди ва Беларуснинг Украина билан чегарадош ерларида 100 000 дан ортиқ қўшин ва ҳарбий техникалар тўплаган.
2 январь куни АҚШ Шарқий Европага қўшимча ҳарбий кучларини ююориши расман тасдиқланди. 2 000 нафар америкалик ҳарбийлар НАТОга аъзо бўлган Германия ва Польша ҳудудига жойлаштирилади.
LiveБарчаси