Ҳаммаси қуруқ ваъдами? Украина ортидан Россияга қандай чекловлар таҳдид солмоқда?

Олам

image

Украина чегарасида кескин хатти-ҳаракатлар олиб бораётган Россияни Ғарб жиддий иқтисодий санкциялар билан қўрқитиб келмоқда. Украина хавфсизлиги учун бирлашган Ғарб ва АҚШ Москва Украинага ҳужум қилган тақдирда санкциялар кучга кириши ҳақида билдирган.

Ҳозирча Ғарб вакиллари чекловлар тўплами қандай форматда бўлиши ҳақида очиқ гапиришмаяпти. Аммо, халқаро ОАВ Ғарб ва АҚШ берган баёнотларга таяниб, эҳтимолий санкциялар рўйхатини эълон қилган.

Молиявий чеклов

Жорий қилинадиган молиявий чекловларнинг асосийси Россияни халқаро молиявий ахборот хизмати SWIFT’дан четлатиш бўлиши айтилмоқда. Ушбу тизимдан дунё бўйлаб 200 дан ортиқ молия иснтитутлари фойдаланади.

Британия Бош вазири Борис Жонсон мамлакат парламентида қилган нутқи давомида бундай йўл тутиш Россияни тийиб туришда “кучли қурол” бўлиши ҳақида билдирган. Унга кўра, бунинг ортидан Россия банклари учун халқаро бозорда фаолият юритиш қатъий чекланади.

Ушбу санкция 2012 йилда Эронга қарши қўлланилган. Бунинг ортидан, мамлакат нефтдан оладиган даромад сезиларли даражада камайиб, ташқи савдо айланмасида катта йўқотиш бўлган.

Аммо ушбу санкциянинг Кремлга қарши қўлланиши Россия молия институтлари билан яқин алоқада бўлган АҚШ ва Германия учун ҳам қимматга тушиши мумкин. 

Валюта чеклови

АҚШ Россияга халқаро транзакциялар билан боғлиқ чекловлар жорий қилиши мумкин. Бунга АҚШ доллари билан боғлиқ чекловлар ҳам киради.  

Аниқроқ айтганда, Россия молия институтлари билан долларда иш юритган ҳар қандай Ғарб корхоналарига чора кўрилади. Бу эса ўз навбатида, халқаро бозорда олти-сотдиларни амалга оширишда Россиянинг охири берк кўчага кириб қолишини англатади. 

Ўзининг табиий бойликлари саналмиш нефть ва газни халқаро бозорда долларда сотадиган Россия иқтисоди бундай чеклов оқибатида жиддий зарар кўради.

Суверен қарз бўйича чекловлар

Халқаро бозорда доминант Ғарб кучлари, Россияни халқаро қарз бозорига кириш имкониятидан маҳрум қилишлари мумкин.

Ҳозирда Ғарб молия иснтитутлари учун Россия бондларини сотиб олиш учун жорий қилинган чекловлар янада кучайтирилиши кутилмоқда. 

Бунинг ортидан, мамлакатнинг қарз олиш имкониятлари пасайиб, рублнинг қадрсизланиши бошланади.

Бундай жиддий оқибатларга етакловчи чекловларга Россия ўзининг халқаро инвесторлар томонидан берилган ташқи қарзларини камайтириш йўли билан тайёрланмоқда.

Банкларни блоклаш

Чекловлар ортидан Россиянинг бир қанча банкларида халқаро маблағлар айланмасига тақиқлар жорий қилинади. Бу Россияда ўз мулкига эга бўлган инвесторлар учун жиддий муаммолар туғдириб, мамлакатда инфляция даражасининг ошиб кетишига олиб келади.

Экспорт назоратининг жорий қилиниши

Ғарб Россияга экспорт қилувчи маҳсулотларни назоратга олиб, уларнинг сонини кескин камайтиради. 

Мисол учун, АҚШ ўзининг технология, дастурлаш ва IT маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи компанияларига Россия бозорига кириш учун чеклов жорий қилади.

Энергия чеклови

Россия бозори четга сотиладиган газ ва нефть савдосидан катта даромад олади.

Ғарб ўзининг энергия ишлаб чиқарувчи ташкилотларига Россиянинг “Газпром” ва “Роснефть” компанияларидан газ ва нефть сотиб олишни тақиқлаб қўйиши мумкин.

Болтиқ денгизи орқали Россия ва Германия бўйлаб ётқизилаётган “Шимолий оқим-2” газ қувури лойиҳаси ҳам чекловларга дучор бўлади. 

Индувидуал нишонлар

АҚШ ва Ғарб эндиги санкцияларини Россия раҳбари атрофидаги шахсларга эмас балки, шахсан Владимир Путиннинг ўзига қаратмоқчи.

Бундай хатти-ҳаракатлар Россия Украинага ҳужум уюштирган тақдирда жорий қилиниши кўзда тутилган.

Путиннинг мол-мулклари музлатилиши ва унинг ташрифи учун жорий қиланадиган тақиқлар ана шундай индивидуал санкциялар қаторига кириши мумкинлиги айтилмоқда.

 

Беҳруз Саидов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

415

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг